Ўзбекистон: Кучаяётган коронавирус, ЙПХ ходимлари муомаласи ва депутатлар яширин радарлар масаласини кўтарди O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

Ковид марказлари

Сурат манбаси, official/gazeta.uz

  • Тошкентда ковид-марказлари қайта очилмоқда;
  • Дамас ва Лабо "янгиланди";
  • Депутатлар яширин радарлар масаласини муҳокама қилди
  • ЙПХ ходимларида муомала маданияти етишмаслиги сабаби айтилди
  • Ўзбекистонда энг талабгир вакцина қайси?

Қайта очилаётган ковид-марказлари

Тест

Сурат манбаси, official/arxiv

Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ковид беморларини қабул қилувчи марказларни душанба кунга қадар тўлиқ очишга кўрсатма берган.

1 июль тунида Ортиқхўжаев "Ёшлик" спорт мажмуасида ташкил этилган ДХХ тасарруфидаги вақтинчалик ковид-марказини бориб кўрган.

Шаҳардаги "Универсал" спорт мажмуаси ва "Ўзекспомарказ"да жойлашган тақсимлаш марказлари фаолияти ҳам қайтадан йўл қўйилаётгани хабар қилинган.

Бир вақтнинг ўзида мамлакатда кунлик аниқланаётган коронавирус беморлари сони юқорилигича қолмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 июль куни давомида 495 инсонда касалланиш қайд этилгани, 2 бемор вафот этганини маълум қилган.

Янги Damas ва Labo

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар

Сурат манбаси, official

UzAutoMotors компанияси Damas ва Labo автомашиналарининг янгиланган моделларини тақдим этган.

Компания, эндиликда, Damas автомобилининг тўрт ўринли модификацияси (ўриндиқлар учинчи қаторисиз) ва борт қанотларисиз Labo моделлари ишлаб чиқарилиши бошланганини маълум қилган.

"Янги" Damas 77,7 миллион сўм, Labo эса 76,8 миллион сўм нархда талиф этилган.

"Мазкур автомобиллар ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқарилмоқда", дейилади компания хабарида.

724 миллиард сўм жарима

Радар

Сурат манбаси, official

2020 йилда махсус фото ва видео воситалар йўлларда 1,7 миллиондан зиёд қоидабузарликларни аниқлаб, 724 миллиард сўмдан ошиқроқ жарималар қўлланилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтган йиғилишда йўллардаги ҳаракатни радарлар ва махсус техник воситалар орқали назорат қилиниши бўйича ўрганиш якунлари муҳокама қилинган.

Йиғилишда аксар фуқаролар тезликни ошириб юбориш бўйича радар ва махсус техник воситалар қайдлари асосида тузилган маъмурий қарорлардан норози экани борасида сўз борган.

Депутатлар йўлларда назорат этувчи кўчма махсус воситалардан фойдаланганда вақтинчалик огоҳлантириш белгилари ўрнатиш тартибига ҳар доим ҳам амал қилинмаётганига эътибор қаратганлар.

Шунингдек, ЙПХ ходимлари ҳайдовчиларни белгиланган тартибда эпикировка қилинмаган енгил автомобилларда яширин тарзда "овлаётгани" ҳам муҳокама қилинган.

Депутатлар яширин усулда ўрнатилган радар ва кўчма махсус воситалардан ҳам фойдаланилаётгани, бу эса, ҳайдовчилар ва жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлаётганини тилга олганлар.

"Йиғилишда радарлар ва бошқа махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назоратни қонуний амалга ошириш, ҳайдовчиларга жарима қўллашда меъёрий ҳужжат талабларига, очиқлик-ошкоралик тамойилларига қатъий риоя этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга қарор қилинди", дейилади расмий хабарда.

ЙПХ ходимлари муомаласи

Ўзбекистон милицияси

Сурат манбаси, xabar.uz

ЙПХ ходимларининг 60 фоизга яқини олий маълумотга эга эмас.

Қонунчилик палатасида ўтган йиғилишда Йўл-патруль хизмати ходимларида нега ҳайдовчилар билан мулоқот қилиш маданияти етишмаслиги сабаблари тилга олинган.

Маълум қилинишича, бунинг асосий сабаби тизим ходимларининг билим даражаси ва маълумоти етарли эмаслиги.

Йиғилишда жорий йилнинг беш ойи мобайнида ЙҲХ тизимида ўз касбига нопок муносабатда бўлишга доир 978 ҳолат аниқланган.

200 нафар ходим аттестациядан ўта олмагани сабабли лавозимидан озод этилган.

Энг мақбул вакцина

Вакцина

Сурат манбаси, Telegram/vaksina.uz

Шу кунгача эмланган ўзбекистонликларнинг 77 фоизи ўзбек-хитой вакцинаси - ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини танлаган.

Бу ҳақда Сан-эпидем хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилган.

Масъулнинг сўзларига кўра, эмланганларнинг 18 фоизи AstraZeneca (Covieshield), 5 фоизи эса Спутник V вакцинасидан фойдаланган.

Маълумот ўрнида, шу вақтга қадар Ўзбекистонга жами 6,5 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek