Хитой ўзбекистонлик тожирларга ўз эшикларини ёпаяптими? Бир мақола шарҳи - Ўзбекистон, O‘zbekiston, Xitoy, dunyo, yangiliklar

Xitoy yo'llari

Сурат манбаси, Getty Images

Хитой ўзбекистонлик тожирларга ўз эшикларини ёпаяптими? Яқинда eurasianet.org сайтида чоп қилинган мақола худди шу каби бир ҳолатга далолат қилган. Мақолада ёзилишича, сўнгги йилларда Хитойга бориш қийинлашган. Бу эса, расмий Пекиннинг мусулмонларга қарши тазйиқлари кучайган бир пайтга тўғри келган.

Муаллиф Эъзоза Яквалҳожиева ўзининг мақоласида ўзбекистонлик бир қанча тожирларнинг шахсий ҳикояларига таянган.

Мақолада сўз энг аввало Карим Муҳаммадхўжаев ҳақида борган.

Маълум бўлишича, авваллари у Хитойга осонлик билан бориб, келиб юрган. Ўн йилдан ошиқроқ вақт давомида Хитойдан чойшаб келтириб, сотиш билан шуғулланган.

Йилига тўрт-беш марта Хитойга борган, тирикчилиги шунинг орқасидан ўтган.

Аммо, англашилишича, қарийб беш йилдирки, Хитойга кириш жуда қийинлашган.

Дўстлари ўзларининг Пекин ва Ўримчи аэропортларидан депортация қилинганликларини айтишган.

"Хитой элчихонаси эса, ортиқ туристик виза бермай қўйган".

Муаллифнинг ёзишича, барча қатновлар тўхтатиб қўйилган пандемияга қадар, бу Хитойга гуруҳ бўлиб боришнинг ягона имконияти бўлган.

Карим Муҳаммадхўжаев "Хитой божхона хизматидагилар ўзларини шу тариқа назорат қилишлари"ни айтган.

Тожирнинг сўзларидан маълум бўлишича, "гуруҳда бир киши кам бўлса, бу уларга қолган бошқаларнинг саёҳат қилишларига изн бермаслик учун кифоя қилган".

Toshkentdagi bozor

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Мақола тафсилотларидан маълум бўлишича, унинг ҳозир Тошкентда ўз тикувчилик устахонаси бор.

Авваллари Хитойдан келтирган чойшабларни Ўзбекистоннинг ўзида тикиб, чиқаради.

Бунинг учун маҳаллий ишчи кучи, аммо Хитойнинг матоларидан фойдаланади.

Англашилишича, Хитойнинг матолари унга Ўзбекистоннинг ўзиникидан кўра арзонроқ тушади.

Тожирнинг айтишича, йил сайин қийинлашиб бораётгани қарамай, барибир, Хитойга боришига тўғри келади.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлади.

Агар, мақолада келтирилган рақамларга таянилса, ўтган йили Ўзбекистоннинг Хитойдан импорт қилган товарлар ҳажми $4.4 миллиард долларга тенг бўлган.

Муаллифнинг БМТ маълумотларига асосланиб ёзишича, Ўзбекистон Хитойдан асосан турли техника ва автомобиль эҳтиёт қисмлари харид қилган. Хитойга эса, $1.2 миллиард доллар миқдорида газ, пахта ва металлар сотган.

Майда тижоратнинг ҳажми бу рақамлар орасида ҳар доим ҳам кўзга ташланавермаслигини айтаркан, муаллиф Ўзбекистон бозорлари Муҳаммадхўжаевга ўхшаш тожирлар томонидан келтирилган арзон кийим-кечак, аксессуарлар ва хўжалик моллари билан тўлиб-тошганига эътибор қаратади.

O'zbekiston Markaziy banki

Сурат манбаси, Reuters

Мақолада ёзилишича, Марказий банк бу каби импорт ҳажмини 2018 йилда $843 миллионга тенг, деб баҳолаган.

Банк бунинг манбасини бирма-бир таснифламаган эса-да, бу товарлар аксариятининг Хитойдан келтирилганини билиш учун исталган бозорга бир кўз ташлашнинг ўзи кифоя қилади, дейди муаллиф.

У бунинг ортидан, Тошкентнинг Ипподром бозорини таърифлаб, худди шу ерда савдо қилувчи Бахтиёр Галимжоновнинг ҳикоясига ўтади.

Мақола тафсилотларидан маълум бўлишича, бу тожир сумкалар, тақинчоқлар ва пойабзал сотади.

У, "Пекиндан келтиргани учун ҳам, ўзида фақат энг яхши товарлар борлиги"ни айтади.

Тожирнинг тушунтиришича "корхонада ишлаб чиқарилгани" учун ҳам харидорлар Ўримчи ёки Гуанчжоуникига қараганда, Пекин маҳсулотларининг сифатини яхши, деб билишади.

Маълум бўлишича, пандемия боис, борди-келдининг тўхтаб қолиши Галимжоновни "фурсатни ғанимат билиб" нарх-наволарни кўтариб юборган воситачиларга орқа қилишга мажбур қилган.

"Менимча, бу - бир тижорат", - дейди у.

Аммо, бу тожирнинг қатъият билан айтишича, "келажакни барибир Хитой билан кўради". "Пандемия тугагач, Хитой яна иккинчи уйи бўлади".

Xitoy mollari

Сурат манбаси, Getty Images

Муаллифнинг ёзишича, имконли бўлган маълумотлар йўқлиги боис, қанча ўзбекистонликнинг Хитой билан бу савдо алоқаларидан фойдаланишига аниқлик киритиш уринишлар бесамар кетган.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси Eurasianet га Хитойга сафар қилаётган ўзбекистонликлар қайдини юритмасликларини айтган.

Тошкентдаги Хитой элчихонаси эса, сайт мухбири билан бу масалани муҳокама этмаслигини билдирган.

Пекиндаги Ўзбекистон элчихонаси билан боғланиш уринишлари ҳам иш бермади, дейилади eurasianet.org мақоласида.

Бизнес виза олишга ҳаракат қилган оз сонли ўзбекистонликларнинг латифабоп ҳикоялари эса, бу жараённинг узоқ, қийин ва камдан-кам муваффақиятли эканига далолат қилган.

Тошкентдаги (саёҳат - таҳр.) агенти эса, Eurasianet га туристик виза олиш "жуда қийинлашгани"ни тасдиқлаган.

Унинг айтишича, "бу чекловларга ўзбекларнинг виза муддатини ўтказиб юбораётганликлари ҳам сабаб бўлиши мумкин".

Балки, бу тасодифдир, бундан тўрт-беш йил бурун хитойлик масъуллар Шинжонда яшовчи мусулмонларни ушлаш ва лагерь-ҳибсхоналарга юборишни бошлашган.

Бир миллионга яқин уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон озчиликлари, айрим Ғарб ҳукуматлари "геноцид", деб атаган оммавий таъқибларга юз тутишган, деб ўз мақоласида давом этган муаллиф.

Xitoy mollari

Сурат манбаси, Getty Images

Бу каби фикрларга мақолада ҳикоялари келтирилган Хитойга мунтазам қатновчи айрим тожирлар ҳам қўшилишган.

Карим Муҳаммадхўжаев бунга қўшимча, "Хитойга кейинги бир неча сафарлари чоғида масжидга боришни ўйлаётгани йўқлиги"ни айтган.

Аммо узун соқоли бўлса-да, доимо дуч келиб юрган одамларда ўзига нисбатан бирор бир ёвқарашлик сезмаганини ҳам илова қилган.

Eurasianet суҳбатлашган бошқа бир тожир эса, расмий Пекиннинг Марказий осиёлик тужжорларга совуққон ёндашувининг яна бир сабаби бор, деган ишончни изҳор этган.

Миразиз Абдуллаевга кўра, "дунё бўйлаб кўплаб ҳамкорлари Ўзбекистон ишлаб чиқариш соҳасида Хитой билан рақобатлашиш потенциалига эга" эканини айтишган. "Менимча, Хитой бунга бепарво қарамайди", - дейди тожир.

Мақолада давом этилишича, Хитойда иш ҳақи кўтарилиб борар экан, катта сондаги ва арзон ишчи кучига эга давлатлар - аҳолиси ёш 34500 миллионли Ўзбекистон иш жойларига таҳдид солиши мумкин.

Бўй кўрсатиб келаётган бозорларга ўз эътиборини қаратаркан, Ўзбекистон "Хитой томонидан потенциал рақиб сифатида кўрилиши мумкин", дейди муаллиф ўз мақоласида иқтибос келтирган Wall Street молиячиси, асли ўзбекистонлик Фарҳод Иноғамбоев ҳам.

Иноғамбоевнинг сўзларига кўра, Хитойнинг мамлакатга ким киришини қаттиқ назорат қилиши Ўзбекистон ҳукуматига "босим воситаси" бўлиши мумкин. "Бу мамлакатни қўшниларига, айниқса [Хитойга] иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан боғлиқ бўлган давлатларга осонлик билан имконли қилишни қийинлаштирадиган усул."

Шунингдек, у Пекиннинг ўз мусулмонларига бўлган муносабати билан ҳам боғлиқликни кўради.

Молиячи наздида, ўзбекларга берилаётган визалардаги чекловлар "Хитой ҳукуматининг Шинжондаги хавотирлари билан бевосита боғлиқдир".

Аммо, шунда ҳам, тожир Миразиз Абдуллаев ва молиячи Фарҳод Иноғамбoев Хитой муҳим шерик эканлигини таъкидлашган.

Мақола тожирнинг, "Биз Хитой билан доимо бизнес қиламиз. У йирик қудрат ва бизга керак. Буни тан олмаслик учун аҳмоқ бўлиш керак", деган сўзлари билан якун топади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek