You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Намойишлардан қўрқиш Каримов даврида қолдими ёки?.. - O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar
Ўзбекистон: Намойишлардан қўрқиш Каримов даврида қолдими ёки янги маъмурият даврида ҳам фобиялардан чекиниш қийин бўлаяптими - Ўзбекистондан сўнгги кунларда олинаётган хабарлар айрим таҳлилчилар орасида худди шу каби фикру мулоҳазаларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Беларусь ва Россиядаги сўнгги мисли кўрилмаган оммавий намойишлар фонида Ўзбекистонда аввалига "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган.
Ўтган ҳафта эса, оммавий тартибсизлик ва зўравонликка чақирган, ноқонуний митинг ва намойишларга даъват қилганларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи кун тартибига чиққан.
Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг таклифи "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамасидан саноқли ойлар ўтиб бўй кўрсатган.
Бор-йўғи бир неча ойнинг ичида кузатилган воқеаларнинг бу каби ривожи, бошқа томондан, Ўзбекистонда президент сайлови кутилаётган бир пайтга тўғри келган.
Депутатларнинг таклифи Ўзбекистонда сайлов тартибини бузганларни жиноий жавобгарликка тортишни кўзда тутиши билан ҳам кузатувчиларнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаган.
Улар, ўз ўрнида, мазкур ҳужжат лойиҳасининг бирваракайига Ўзбекистон Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутаётганига ҳам ўз диққатларини қаратишган.
Депутатлар томонидан биринчи ўқишдаёқ қабул қилингани расман билдирилган ҳужжат лойиҳаси худди шу фонда мустақил экспертларнинг анчайин кескин баҳоларига ҳам сабаб бўлиб улгурган.
Мавжуд воқеълик манзарасида, таъбир жоиз, вазиятга Ўзбекистон Адлия вазири аралашгандек кўринган.
"Депутатлар лойиҳани ўзларига тақдим этишлари шарт" эканини баён қилган.
Бунга "Миллий тикланиш" ва "Адолат" партияларининг Қонунчилик палатасидаги фракциялари муносабати маълум эмас.
Аммо, Русланбек Давлатов, "Адлия вазирлиги яқин вақт ичида бу қонун лойиҳасини кўриб чиқиши"ни ҳам ўз сўзларига илова қилган.
Ўзбекистон Адлия вазирининг сўзларидан, "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида"ги ўтган йилги қонун лойиҳасининг ҳам қабул қилинмай, қайта ишлашга юборилгани маълум бўлган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи нимани англатади?
Камолиддин Раббимов,
Ўзбекистон - Франция
"Ўзбекистонда намойишлар борасидаги қонунчиликнинг қайта кўриб чиқилиши, ноқонуний намойишларга бўлган маъмурий ва жиноий жавобгарликнинг кучайтирилиши замирида бир қанча омиллар ётади.
Ўзбекистонда 2016 йилда олий ҳокимият ўзгаргач, янги маъмуриятнинг ҳокимият формуласи кескин ўзгарди. Олдинги модел, яъни, жамоатчилик тафаккурини муттасил қўрқув билан тўйинтириш, одамларни қўрқув орқали фалажлантириш ва натижада, ҳар қандай ижтимоий ва сиёсий фаолликни сўндириш моделидан воз кечилди.
Ўтган чорак асрлик бошқарувда Ўзбекистон жамиятининг муаммолари бостирилди, одамларнинг ижтимоий норозиликлари каналлаштирилмади, шу сабаб, жамиятнинг ҳокимиятга, давлатга ва дунёга бўлган қарашларини билиш, таҳлил қилиш, эркинлик асосида ривожлантириш имконсиз бўлди. Айни пайтда, Каримов даврида ҳокимият коридорларида ижтимоий норозиликларга, намойишларга нисбатан жуда кучли сиёсий фобия яратилди. Ушбу фобияларга кўра, намойишлар ва норозиликларни каналлаштиришдан кўра, бостиришга урғу берилади.
Чунки ўтган чорак асрда шаклланган фобиялар фалсафасига кўра, намойишлар - таъбир қилиб бўлмас, бошқариб бўлмас вазиятларни юзага келтириши мумкин, энг асосийси - давлат бошқарувининг нолегитимлигини англатади, дейилади. Аслида, дунёнинг демократик давлатлари тафаккурига кўра, намойишлар - жамиятдаги реал эркинликларни кўрсатади, одамларда йиғилаётган ижтимоий ёки сиёсий зўриқишларни каналлаштиришга, ифода қилишга ёрдам беради, холос. Лекин демократик давлатларда намойишлар ҳокимиятнинг легитимлигини йўқотмайди.
Иккинчи маъмурият даврида ҳам ижтимоий намойишлар ва норозиликлар борасида фобиялардан чекиниш қийин бўлаётганлиги кўриниб бормоқда. Иккинчи маъмурият англайдики, бир томондан, Каримов давридагидек репрессиялар бугунги Ўзбекистон учун номақбул ва имконсиз омил ҳисобланади. Айни пайтда, жамиятдаги чуқур ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммоларни тезда ҳал қилиш имконсиз.
Шу сабаб, жамиятнинг ижтимоий муаммолари ва уларнинг ифодаси - норозиликлар янги маъмуриятни ҳам кучли безовта қилади. Агар кенг кўламли ижтимоий намойишлар бошланадиган бўлса, бунинг Ўзбекистон давлати ва жамият барқарорлиги учун оқибатларини таъбир қилиш қийин масала ҳисобланади.
Ҳокимият коридорларидаги ижтимоий намойишлар борасидаги хавотирларнинг ташқи омили ҳам кучли. Ўтган йили Россиянинг Хабаровск вилоятида, кейинчалик Беларусдаги оммавий намойишлар Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий кайфиятига таъсир кўрсатиши тайин. Лекин Ўзбекистон иккинчи маъмурияти Беларусь президенти Александр Лукашенко ёки Россия Федерацияси президенти Владимир Путинга нисбатан жуда ёш, легал ва легитим.
Шундай бўлса-да, ҳар доим ҳар бир жамиятда норози ижтимоий қатламлар бўлиши табиий. Агар Ўзбекистон Россия ахборот ҳудудида қолаётганлигини, рус ОАВлари ва ахборот оқимларининг таъсири ниҳоятда кучли эканлигини инобатга олсак - ижтимоий норозиликлар мавзуси Ўзбекистон жамиятида ҳам, ҳокимиятида ҳам қайтадан англанаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Дунё тажрибасига, демократик давлатлар эволюциясига қаралса ҳам, кенг ижтимоий намойишлар конструктив ёки деструктив характерга эга бўлиши мумкин. Кенг ижтимоий намойишлар, агар жамиятдаги иқтисодий муаммолар чуқур ва ҳокимиятга бўлган ишончсизлик чуқур-стратегик характерга эга бўлганда, оқибатлари давлатга ва жамиятнинг барқарорлигига ҳам ўта салбий бўлиши мумкин.
Лекин бугун Ўзбекистондаги вазият фақат салбий эмас, балки зиддиятли. Тўғри, жамиятда ижтимоий-иқтисодий муаммолар сероб, айни пайтда, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ҳам бор ва энг асосийси - ҳокимият янгилангач, жамоатчиликда ҳукуматга нисбатан ишонч тикланди ва сиёсий умид кучли. Яъни, бугунги маъмурият жамоатчилик фикрига тўлиқ қарама-қарши турган ва у билан аёвсиз курашаётган ҳокимият эмас, балки, имконият доирасида, лекин анча зиддиятли бўлса-да, жамият эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилаётган ҳокимият ҳисобланади.
Назаримда, Ўзбекистон иккинчи маъмурияти олдида турадиган энг катта сиёсий вазифалардан бири - бу "кенг ижтимоий намойишлар"нинг хавотирли сиёсий салоҳиятини девальвация қилиш, қадрсизлаш ҳисобланади. Каримов даврида ижтимоий намойишларга жуда юқори сиёсий баҳо берилган эдики, бамисоли, "кенг ижтимоий намойишлар - давлатчиликнинг йиқилишини таъминлайди", деган хулосага тенг эди.
Бугун ҳам намойишларга катта сиёсий баҳо берилмоқда ва бу баҳо сиёсий элита ҳамда жамият тафаккурида мавжуд. Лекин босқичма-босқич намойишларнинг сиёсий аҳамиятини қадрсизлаш - намойишлардан ҳеч ким қўрқмаслиги ва "намойишлар давлатга ҳам, жамиятга ҳам хавфли эмас", деган тафаккурни олиб келиши билан белгиланади. Бунинг учун намойишларни блоклаш орқали унинг сиёсий аҳамиятини ошириш эмас, маълум сиёсий технологиялар орқали эркинлаштириш, натижада унга оддий демократик восита сифатида қараш шаклланиши назарда тутилади.
Ўзбекистоннинг 21-асрдаги энг катта чақириқларидан, вазифаларидан бири - ўзининг ижтимоий энергиясини тўғри йўлга қўя олиши ҳисобланади. Демографик тез ўсиб бораётган, ёшлар - аҳолининг ярмидан кўпини ташкил қиладиган Ўзбекистонда шундай сиёсий маданият ва тизим шаклланиши керакки, ижтимоий намойишлар жамиятнинг ҳам, давлатнинг ҳам барқарорлигига, ҳуқуқийлигига ва эркинлигига раҳна солмаслиги, аксинча, давлатнинг ҳалқаро майдондаги обрўйини демократик эканлигини урғулаши керак бўлади".
Би-би-си:Адлия вазирининг gazeta.uz га "эътирофи"дан маълум бўлишича, Ўзбекистонда "бу борада қонунбузарлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд бўлса-да, митингларни ташкил этиш тартиби белгиланмаган".
Янги президент қудратга келган ўтган тўрт йил вақт ичида Ўзбекистонда бирор бир йирик оммавий намойиш ёки митинглар кузатилмаган.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилаётган қолган рухсатсиз стихияли норозилик акцияларининг асосан кичик миқёсда, маиший ва ижтимоий мазмунда - снослар, қиш мавсумидаги электр энергияси ва газ тақчиллиги, дарахтларнинг аёвсиз кесилиши юзасидан уюштирилаётгани экани кўрилади.
Уларнинг ҳукумат расмийлари, маҳаллий масъуллар ёки куч ишлатар тизимлари аралашуви билан сатҳнинг ўзида муваққат ечимини топиб келаётгани кузатилади.
Бундан аввал Парламент палаталари томонидан тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, президент сайловини октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш белгиланган эди.
Президент сайлови ўтиши кутилаётган жорий йилда ушбу сана 24 октябрга тўғри келмоқда.
Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари Худоёр Маматов ўтган ҳафта бунинг асосий омилини "Ўзбекистон сайловчиларининг хоҳиш-иродаси" билан изоҳлаганди.
- Ўзбекистон намойиш қонунининг Беларусга алоқаси борми ёки кейинги президентлик сайловига?
- Тошкентликлар норозилиги давом этмоқда
- Беларусь: Президент Лукашенконинг юзига "кет!" дейишди
- Ўзбек милиционерлари нега "намойиш"га чиқди, Фарғона ҳокими жазоланиши керакми?
- Бош вазир Абдулла Арипов Хоразмда уйи бузилган аҳоли билан учрашди
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek