You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Ўзбек милиционерлари нега "намойиш"га чиқди, Фарғона ҳокими жазоланиши керакми? Кун тренди - bbcuzbek.com
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ИИВ академиясида милиция ходимларининг норозилиги акс этган видеоси кун трендига чиқди. Қонунларни бузган Фарғона вилоят ҳокими Ғаниев мавзуси ҳамон муҳокамада.
Ички ишлар ходимларининг оммавий равишда норозилик билдириши Ўзбекистон тарихида илк маротаба учрамоқда.
"Ички ишлар органи ходимлари норозилик намойишига чиқяпти", деб гапиради форма кийиб олган ходимлардан бири.
Ички ишлар ходимларининг айтишича, уларни вилоятлардан малака оширишга чақириб олишган ва энди пахтага мажбурлаб юборишмоқда.
Би-би-сининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва ИВВ академиясидан бу борада изоҳ олишга қилган ҳаракатлари самара бермади.
Ҳукумат Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилгани айтади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масала юзасидан "ушбу қисқа муддатли ўқув йиғинларида таҳсил олаётган тингловчиларни пахта йиғим-теримига жалб этиш бўйича бирон-бир топшириқ берилмаган, бугунги кунда барча тингловчилар билан режалаштирилган ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Машғулотлар 11 октябргача давом этиб, шундан сўнг тингловчилар тегишли вилоятларга ўз хизмат жойларига қайтариб юборилади", деб ўз сайтига расмий муносабат жойлади.
Блогер Хушнудбек Худайбердиев ички ишлар органи ходимларини мажбуран пахатага олиб чиқаётган мутасаддиларга "уят" ва "шармандалик" деган.
"Мана шу видеони олганлар, тарқатганлар ва шу видеода норозилик билан пахтага боришни рад этаётганларга - минг раҳмат! Баракалла!
Халқнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошиб бораётганлиги мени фақат ва фақат хурсанд қилади. Аввалгидек раҳбарларнинг ноқонуний ҳар қандай буйруғини "лаббай" дея, ғинг демасдан бажариб кетавермайдиганлар кўпаймоқда, хайрият.
Мутасаддиларга эса - уят, шармандалик!", деб ёзади Худайбердиев.
Ўқитувчилар Фарғона ҳокими селекторига кетаётганда ҳалок бўлдими?
Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси якшанба куни ҳалок бўлган 4 мактаб директор ўринбосарлари ҳақидаги хабарга раддия билан чиқди.
Озодлик радиоси берган хабарда Данғара туманидаги тўрт мактаб директор ўринбосарлари вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг фавқулодда белгиланган селектор мажлисига кетаётганда машина билан ҳалокатга учрагани айтилади.
Фарғона ИИБ таълим тизими ходимларининг бир машинада аварияга учраганини тасдиқлади.
Уларнинг икки нафари ҳодиса жойида ҳалок бўлгани ва икки нафари шивохнага тушганини билдирди.
Бироқ ИИБ таълим тизими ходимлари ҳоким мажлисига эмас, шахсий юмушлари билан кетаётганини билдирди.
"Ўрганишлар жараёнида шу куни, яъни 29 сентябрда Фарғона вилояти Ҳокимлигида йиғилиш ёки селектор ўтказилиши белгиланмаганлиги, шунингдек йўл-транспорт ҳодисасига учраган ҳайдовчи ва йўловчилар ўзларининг шахсий юмушлари билан Данғара туманидан Қўқон шаҳрига кетишаётганлиги аниқланган", дейилади хабарда.
Бироқ ушбу расмий жавоб савол остига олинди.
"Энди Google Maps'ни очиб, Данғара туманидаги 25-, 26- ва 38-мактаблар бир-бирига қанчалик яқинлигини ўрганиб чиқиш керак: бу мактаблар ёнма-ён жойлашган бўлса, директор ўринбосарлари ўзаро таниш бўлиб, чойлашиб тургандир, шунинг учун битта машинада битта шахсий юмуш учун йўлга чиққандир", дейди Мусанниф Адҳам.
Халқни сўккан Ғаниев қандай жазога лойиқ?
Якшанба куни Би-би-си ошкор қилган селектор йиғилишида халқни сўккан Фарғона вилоят ҳокими Сенат ва Президентдан "ўтиниб" кечирим сўради.
У Сенат одоб комиссиясида ҳам ундан кейин ҳам ўзи ҳақорат қилган ва ҳуқуқларини бузган одамлардан кечирим сўрамади.
Би-би-си Ўзбек хизматининг бу борадаги материали остига изоҳ қолдирганлар ушбу ҳолатни кескин қарши олишган.
"Бу тоифани сенат кечирши мумкин,улар хам ундан қолишмайди. Бир одам туриб халқдан узр сўра деб айтолмади. "Тутириқсизлар" - бу сўзни таҳлил қилсангиз ёмон маъно келиб чиқади. Яъни жойингга рўмолини тиқиб қўяман дегани, халқ тушунди, афсус сенатдагилар тушунмади", дейди Алик Алик.
"Ғуруринг бўлса ўз вақтида истеъфо бермайсанми? Курсига ёпишиб кечирим сўрагани уялмайсанми? Курсингни хам булғаб қўйдинг-ку. Кимсан сенатор, ҳоким деганлари Конституцияниинг "К" ҳарфини билмайсан", дейди Донобиби Исмоилова.
Давлат Зуфаров бўлса, қўпол қилиб айтганда тупирган тупугини қайтиб олишди, дея фикр билдирган.
Абдумалик Фарғона вилоят ҳокими жазога тортилмаса келажакда қолган ҳокимлар ҳам ҳаддидан ошиб, халқни оёқ ости қилади, дейди.
Ҳокимни олиб ташлашг керак дейди С А номли Youtube фойдаланувчиси.
"Нима учун ёшларни кўтармайсизлар? У ҳокимни олиб ташлаш керак ишдан. Нима бир оғиз кечиринглар деса, кечириб қўяверасиларми? Ахир бизнинг ўзбек аёлларни, ота-боболаримизни, онахонларимизни шу йилгача шу кунгача айтилмаган гапни айтиб ҳақорат қилди-ку. Призидентимиз Шавкат Миромоновичнинг сўзларини қарорини эшитмаганга ўхшайди".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek