You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Туркия: Вазият хавотирлими, ўзбеклар нима дейди? Ўзбекистон ва миграция, O‘zbekiston, Turkiya, Мирзиёев, dunyo, koronavirus, yangiliklar
Туркия: Вазият хавотирлими, ўзбеклар нима дейди? Расмий хабарларга кўра, Туркияга коронавируснинг "агрессив" янги уч штамми барчаси кириб борган. Британчаси ортидан, шу кунларда Жанубий Африка ва Бразилияда топилгани ҳам аниқланган. Туркияда ўн минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшашади.
Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар тижорат ва саёҳат илинжида йўл солаётган саноқли давлатларидан биттаси бўлади.
Глобал коронавирус пандемияси фонида Ўзбекистон аллақачон мунтазам ҳаво парвозларини қайта тиклаётгани хабар берилган мамлакатлардан бири экани кўрилади.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирининг куни-кеча маълум қилишича, коронавируснинг хавфли штаммлари мамлакатда шитоб билан тарқалиб бормоқда.
Агар, вазир келтирган рақамларга таянилса, ҳозирга келиб, Туркияда британча штаммни юқтирганлар сони икки юз кишига яқинлашган.
Фахреттин Кўжанинг таъкидлашича, худди шу боис ҳам, чора-тадбирларни сусайтиришмайди, бунга қарши курашишда давом этишади.
Дунёнинг ўзбекистонликлар энг катта сонда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд бирор бир давлатидан ҳозирча бунга ўхшаш рақамлар олинмаган.
Коронавируснинг янги штаммлари ўзининг "ўта юқумли" экани билан ажралиб туриши айтилади.
Британча штаммининг эса, бундан ташқари, янада "ҳалокатли" эканига оид хавотирлар ҳам бор.
Туркия ҳозир шундоқ ҳам дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган ўнта давлатидан биттаси бўлади.
Имконли бўлган сўнгги расмий ҳисоб-китобларга таянилса, Туркияда жами коронавирусга чалинганлар сони 2,5 миллион кишидан ортган. Уларнинг ўттиз мингга яқини ҳаётдан кўз юмган.
Ўзбеклар нима дейди?
Феруза Шокирова,
Ўзбекистон-Туркия
"Мана, бир йилдирки, Туркия коронавирус билан яшашда давом этяпти. Ўтган йилги ваҳима бироз босилган, инсонлар учун ниқоб, ижтимоий масофа ва тозалик қоидалари ҳаётий анъанага айланиб бўлди. Ёзда юмшатилган баъзи чекловлар бугунга келиб яна жорий қилинди. Олдинлари диққат билан кузатилган касаллик статистикасига кўпчилик ортиқ эътибор бермай қўйди. Яқинда дунёда чиққан коронавирус мутациялари Туркияда ҳам аниқланганига оид хабар тарқалди. Мен бу хабар Туркияда турли сабаблар билан истиқомат қилаётган ўзбекларда қанчалик хавотир уйғотгани билан қизиқдим.
Истанбулда яшовчи шифокор Малика Олимжонова ҳозирги кунда ишсиз. У янги вирусдан эмас, улар сабаб, янги турдаги чекловлар киритилиши ёки борларининг кучайишидан хавотирда эканини айтади. Эксперт сифатида ундан фикр сўраганимизда эса, "Ҳозирги шароитда чекловлар керакли, деб ўйламайман. Лекин шуниси ҳам борки, давлат хоҳласа чекловларни кучайтираверади. Янги вирусни эшитган одамлар ўтган йилдагидек хавотирга тушмаяпти. Турк докторлари оғир касалларни ҳам тўлиқ даволашни ўрганиб олишди. Мана, бир неча ой бўлдики, доктор танишларимдан касалимиз коронавирусдан вафот этди, деган гапни эшитганим йўқ. Эшитмай ҳам", - дейди у.
Солиҳа Ҳамидова оиласи билан Истанбулда яшайди. Ўзбекистонга тез-тез бориб турадиган Солиҳанинг фикрича, коронавирус машмашаси "ўйин"дан бошқа нарса эмас. "Ҳаммаси инсонларни вакцинация қилишга бориб тақалади. Эмлаш йўлга қўйилганда, касаллик ҳам йўқолса керак, дейди Солиҳа Ҳамидова. Бугунга келиб Туркиядаги ҳар бир инсонга Соғлиқ коди берилди, ҳеч қаерга кодсиз киргизилмаяпти. Код, маскага ҳамма ўрганиб бўлди. Энди навбат эмлашга. Эртага эмланмаганлар самолётга чиқарилмайди деган қарор чиқса, мажбурликдан ўзимиз бориб, эмлатамиз", - дейди у.
Спорт товарлари секторида эксперт мутахассиси бўлиб ишлаётган Акмал Режавалиевга кўра, Туркиянинг катта шаҳарларида доимгидек зарарланиш эҳтимоли юқори, лекин олдингидек хавотирга ўрин йўқ. "Ҳозирда соғлиқдан кўра, иқтисодий-ижтимоий хавотирлар кучлироқ", - дейди Акмал Режавалиев.
Нафиса Яҳя Истанбулда оиласи билан яшаб, ишлаётган талаба. Унинг фикрича, яқин кунларда бу касалликлар ўз-ўзидан, узоққа чўзилмай йўқ бўлади. Касалликдан ҳеч ҳам хавотирланмаётганини айтган Нафиса Яҳя, ўз ўрнида, чекловлардан асаби бузилаётганини яширмайди: "Айниқса шанба ва якшанба кунлари соат бешдан кейин бутун дўконларнинг ёпилиши ноқулайлик туғдиради. Тунов куни овқат қиламан десам, уйда туз қолмабди. Умр йўлдошим билан бутун маҳаллани айланиб, бир пачка туз топа олмадик. Шундай ҳолатларга тушиш қийнаяпти. Бу кунлар ҳам ўтади, иншааллоҳ. Шундай кунлар бўлган деб эслаб ҳам юрсак керак", - дейди у".
Би-би-си:Туркияда илк коронавирус ҳолати расман ўтган йилнинг март ойида қайд қилинган.
Орада Туркия дунёнинг коронавирус шитоб билан тарқалиб бораётган давлатлари рўйхатидан ҳам жой олган, мамлакатдаги бу каби аҳвол четда жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Коронавирус қайта бош кўтараркан, Туркия ўтган йил 17 ноябрь куни карантин чораларини яна кучайтиришга қарор қилган.
Янги чекловларнинг 20 ноябрдан бошлаб расман кучга кириши маълум бўлган.
Худди шу хабарлар манзарасида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳам ўзбекистонликларга устма-уст мурожаатлар билан чиққани кўрилган.
Туркияда бўлиб турган ёки боришни режалаётган Ўзбекистон фуқароларини сўнгги янгиликдан бохабар этиб, огоҳлантириб келган.
Аммо расмий Анқара, шунда ҳам, кескин карантин чораларига қўл урмаган, жорий этганларини ҳам тезда ва муваффақиятли юмшатган саноқли ҳукуматлардан бири сифатида эътироф этилган.
Бугун дунёнинг турли давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони миллионларга нисбат берилади.
Коронавируснинг британча штамми саноқли ойларнинг ўзида дунёнинг ўнлаб давлатларига кириб борган, яқинда Ўзбекистонда ҳам аниқлангани расман тасдиқланган.
Британча штамм топилган давлатлар орасида Россия ва Жанубий Корея ҳам бор.
Четдаги Ўзбекистон фуқароларининг коронавирус янги штаммларини юқтирган-юқтирмаганликлари маълум эмас, бу борада ҳозирча бирор бир расмий маълумот кўзга ташланмайди.
Ўзбекистон мисолида британча штамм манбаси Бирлашган Араб Амирликларидан қайтган ёш фуқароси бўлиб чиққан.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek