Ўзбекистон: Мирзиёевни кўрган одам “ҳаяжонланиб қолади”ми? - video, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Кутилмаганда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган аҳоли нима сабабдан қишда дуч келаётган муаммоларни айтмади? Президент билан учрашувдан олдин одамларнинг махсус тайёрланиши ҳақида президент нималарни билади? Президент келиб кетганидан сўнг очиқ гапирган одамларга босим бўлиши мумкинми?
Ўзбекистон президентининг мамлакат ичкарисида сўнгги ҳафталарда амалга ошираётган кутилмаган ташрифлари худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймаган.
Бундай ташрифларнинг сўнггиси яқинда Фарғона вилоятида кузатилган.
Фарғонага сафарининг иккинчи куни Шавкат Мирзиёев кутилмаганда йўналишни ўзгартириб, Фарғона шаҳардаги энг шароити оғир, деб кўрилган "Шодиёна" маҳалласига кириб борган.
Кутилмаган учрашувдан одамлар ҳайрати ва хурсандчилигини яширмагани имконли бўлган расмий ва ҳаваскор тасвирлардан яққол кўринган. Кимдир президентни тўйга таклиф қилган бўлса, яна бири боласи уни тушида кўрганини айтган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимига тўйини нишонлаётган ва ўзи билан эсдалик учун расмга тушган аёлларга президент номидан совға беришни ҳам топширган.
Давлат раҳбарининг шаҳардаги энг шароити оғир, деб кўрилган "Шодиёна" маҳалласига кутилмаган ушбу ташрифи интернетда баҳсу мунозарларга сабаб бўлмай қолмаган.
"Қараб турдим, ичида бирови светимиз ўчади ёки бошқа бир муаммомиз бор деб айтмади. Нима дарди бўлса сизга айтади, менга айтади, президентнинг ўзи борса жим. Яхши яшаш, яхши бир жамият қуришни истайдиган одам муаммосини бизга эмас, раҳбарга айтмайдими?", - деб ёзади, жумладан, Илҳом Файзуллаев.
Шавкат Мирзиёев президент бўлиб сайлангач, кутилмаганда одамлар билан учрашуви биринчи бор бўлаётгани йўқ.
2019 йил 28 февраль куни Тўрақўрғон тумани деҳқон бозори ёнидаги учрашувда ҳам одамлар президентни ўраб олганди.
Ўзбекистонда фуқароларни президент билан учрашувга нимани айтиш ёки айтмаслик борасида олдиндан махсус тайёрлашади. Буни Мирзиёвнинг ўзи ҳам таъкидлади.
"Сизларни тайёрлайди, биламан, аммо ўзгариш сезяпсизларми?", - дея сўради президент Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифи давомида.

Сурат манбаси, official
Фарғонадан журналист Шарифа Муроднинг айтишича, президент билан учрашув кутилмаганда бўлгани учун ҳам "Шодиёна" маҳалласидаги аёллар қишда дуч келаётган газ ва чироқ муаммосини гапирмаган.
"Одамларнинг табиатида бор нарса, кутилмаган нарсани кўрганда, одам ҳаяжонланиб қолади. Айтмоқчи бўлган фикрлари ҳам бир хил пайт эсидан чиқиб қолади. Улар ҳеч қачон президент бизга келади, деб ўйламаган. Шунинг учун ҳам бунга тайёр бўлмаган. Бизда ҳамманинг онгида шунақа нарса пайдо бўлиб қолган-да. Яъни, президент фақат тайёрланган жойларга боради, фақат тайёрланган одамлар билан гаплашади, бизнинг олдимизга ҳеч қачон келмайди ва бизнинг муаммомизни эшитмайди, деган тушунча бизнинг онг-онгимиз, онгимизнинг остига ҳам ўрнашиб кетган. Яна бизда буни менталитет деймизми ёки ўзбекчилик деймизми, ҳеч қачон биз "пошшо" билан юзма-юз келганимизда, ўзимизнинг муаммоларимиз, ўзимизнинг дардларимизни айтишни одобдан эмас, деб ўйлайдиган бўлиб қолганмиз. Мен ҳам ҳозир президент билан кўришганимда, мана бу, мана бу, мана бу масалаларни айтардим, мана бунақа муаммолар бор эди, деяпман. Лекин ҳозир ўзим ҳам, агар, ҳақиқатан ҳам президент менинг олдимга кутилмаганда келиб қолганида, унга нима дейишим кераклигини билмайман", - дейди суҳбатдошимиз.
Маҳаллий аҳоли айтмаган бўлса-да, Шавкат Мирзиеёвнинг ўзи газ, чироқ ва йўл муаммоси борлигини эътироф этган, унга ечим топиш чоралари борлигини айтган.
Айрим кузатувчилар эса, одамларда маҳаллий бошқарув органларига нисбатан қўрқув бўлгани ва президент келиб кетгач, босимга учрашини билгани учун ҳам президент Мирзиёевга маълум бўлиб турган муаммолар ҳақида сўз очмаганини айтади.

Сурат манбаси, facebook
Аммо фарғоналик журналист Шарифа Мурод одамларда бундай андиша ёки қўрқув бор, деган фаразни рад қилади.
"У ерда агар мен шу муаммони гапирсам, менга босим ўтказади, деб ўйлайдиган вазият бўлмади. Менимча. Лекин, агар, мабодо бўлган тақдирда ҳам, у аёллар, масалан, мансабини ёки қанақадир бир бизнесини йўқотишдан қўрқмайди. Бизда фақатгина мансабдорлар президентга муаммоларни рўй-рост айта олмайди, чунки улар мансабини йўқотишдан қўрқади. Бу аёлларда фақатгина ҳаяжон кучли бўлган. У аёлларда шаҳар ҳокими ёки бўлмаса, шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи, вилоят Ички ишлар бўлими ва ё вилоят ҳокимидан қўрқув бўлмаган", - дейди у.
Шарифа Муроднинг айтишича, Мирзиёев ўтказган йиғилишда у Бувайда туманидан телекўприк орқали қатнашиб иштирок этган. Журналист, агар сўз берилганда, оммавий ахборот воситалари ходимлари дуч келаётган муаммоларни айтишни мақсад қилиб ўтирганини айтади. Бироқ унга сўз берилмаган.
Шавкат Мирзиёевнинг кутилмаган ташрифлари мамлакатда президент сайлови кутилаётган бир йилда ва глобал коронавирус пандемияси манзарасида фаоллашиб бораётгани билан ҳам маҳаллий кузатувчиларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортмай қолмаган.
Кеча, 9 февраль куни сайлов санаси қонунан ўзгарган, президент сайлови ҳар галгидек йилнинг сўнгги ойида эмас, 24 октябрда бўлиб ўтиши расман маъқулланган. Унда амалдаги президентнинг беллашиш-беллашмаслиги ҳозирча маълум эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















