Саудия Арабистони энди ҳисоб берадими - дунё ва сиёсат, dunyo, Saudiya Arabistoni, AQSH, Islom olami, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Фрэнк Гарднер
- Role, Хавфсизлик масалалари бўйича мухбир
Саудия Арабистони энди ҳисоб берадими - энди ҳаммаси бошқача бўладими? АҚШда қудрат алмашинуви ҳозир худди шу каби саволларни пайдо қилмоқда. Жо Байден маъмуриятига кўра, Трамп подшоҳликни "ўйнатиб қўйган".
Президент Байден жамоасига кўра, Трамп маъмурияти "Саудия Арабистонига рақамлари ўрни бўш чек берган". Улар собиқ маъмуриятни инсон ҳуқуқлари бузилишига, Ямандаги олти йиллик уруш давомида ўн минглаб одамнинг умрига зомин бўлган қирғиннинг чўзилишига панжа ортидан қараганликда айблади.
Янги президент жамоаси Саудия Арабистони билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва бунда инсон ҳуқуқлари масаласига алоҳида эътибор қаратишга ваъда берди. Президент Байден Саудиянинг Ямандаги урушини ҳарбий қўллаб-қувватламасликка ишора қилган. Муддати бошланганига бир ҳафта ўтмаёқ, Байден Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига сотиладиган миллиардлаб долларлик қурол савдосини тўхтатиб қўйди ва бу битим қайта кўриб чиқилади.
Аммо узоқ муддатда бирор нарса ўзгарадими? Байден маъмуриятининг кўп ва хўп тилга олинган ваъдалари қиролликдаги инсон ҳақлари бузилиши ёки қўшни Ямандаги урушга бирор таъсири бўладими?
Ҳар нечук Саудия Арабистони Американинг хавфсизлик масалалари бўйича араб дунёсидаги яқин ҳамкори, Эрон дастаклаган жангари гуруҳларнинг минтақада тийиб туришда муҳим стратегик шериги ва АҚШ қуролларининг асосий истеъмолчиси саналади.
Мамлакат обрўси

Сурат манбаси, AFP
Тинчлик тадқиқотлари институтининг Стокгольм институтига кўра, 2015-2019 йилларда Саудия дунёдаги энг йирик қурол импортери бўлган ва бу импортнинг асосий қисми АҚШдандир. Ғарб, жумладан, Британиядан сотиб олинган қуроллар Яманни бомбалашда ишлатилмоқда.
Британиядаги Қурол савдосига қарши курашиш ташкилотидан Эндрью Смитнинг таъкидлашича, "бирор нарсанинг ўзгариши учун Байден Обама маъмурияти даврида тутган мавқеидан кўра қатъийроқ мавқени тутишига тўғри келади".
"Обама даврида катта қурол савдосига старт берилди."
Қиролликдаги инсон ҳақлари масаласида Саудия расмийлари ўлим жазоси сони кейинги йилларда кескин камайганини мисол келтиради. Мамлакатдаги қудратли шахс валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон (МБС қисқартмаси билан машҳур) атрофидаги гуруҳ айнан инсон ҳуқуқлари масаласи мамлакатнинг глобал имижига салбий таъсир қилаётганини яхши билади.
"МБС, - дейди Британия парламенти аъзоси Крисп Блант, - атрофидагилардан турли қарама-қарши маслаҳатлар олади. Аммо Жо Байденнинг инсон ҳуқуқларига урғу бериши унга Саудиянинг обрўси муҳимлигини таъкидлаб маслаҳат бераётган прагматик одамлар учун яхши имкониятдир."
МБС 2017 йилда бирдан кучайганидан бери мамлакат ғалати ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Валиаҳд шаҳзода аёлларнинг машина ҳайдашига тақиқни бекор қилиб, муллаларнинг таъсирини чеклаб, кўнгилочар тадбирларга, аёл ва эркакларнинг аралашиб юришига рухсат бериш орқали ўзига хос ижтимоий инқилобни амалга оширди. Саудия Арабистони бугун бундан беш йил бурунгига нисбатан нормалроқ давлатга айланди.
Айни пайтда, валиаҳд шаҳзода, Саудиянинг бошқа етакчиларидан фарқли ўлароқ, сўз эркинлигига қарши бемисл ҳужумлар қилди. Саудийлар интернетда норозилик билдириши мумкин, аммо реал ҳаётда ундай қилмайди деган тушунча бор эди. Ҳозир ҳар иккисини ҳам қилолмайди. Минглаб одамлар қамоққа олинди. МБС эса заррача норозиликни ҳам ўзининг тараққиёт йўлидаги режаларига тўсиқ деб кўради.
Даъволар ва зуғумлар
Инсон ҳақларининг яққол бузилишлари МБСни Ғарбдан бегоналаштирди.
Булар жумласига 2018 йилда саудиялик журналист Жамал Қошиқчининг Истанбулдаги Саудия консуллигида ўлдирилиб, танаси бурдаланиши (бунинг тафсилотлари АҚШ Марказий разведка агентлиги томонидан ошкор қилиниши мумкин), аёллар ҳуқуқлари бўйича фаол Лужайн ал Ҳаслулнинг қамоққа олиниб, қийноққа тутилиши ва Саудия адлия тизимининг ношаффофлиги киради.
Судловлар кўпинча яширин амалга оширилади, айбланувчилар адвокат билан учраштирилмайди, террорчиликка қарши судлар тинч норозилар устидан ҳам ҳукм чиқаради.

Сурат манбаси, Reuters
Валиаҳд шаҳзода бошқарувида одамларнинг йўқолиб қолишлари ҳам кўпайган. Бу ҳатто қироллик оиласининг юқори даражали аъзоларигача етиб борди. Қироллик асосчисининг ўғли, кексайиб, заифлашиб қолган 79 ёшли шаҳзода Аҳмад бин Абдулазиз ўтган йили қамоққа олиниб, xиёнатда айбланди.
Собиқ валиаҳд шаҳзода, 2000 йилларда ал-Қоидани мағлуб этгани учун мақталган Ички ишлар вазири Муҳаммад бин Найиф дунёдан узиб қўйилди.
Жосуслик хизмати раҳбари ва Марказий разведка агентлигининг яқин ҳамкори бўлган Саад ал- Жабрий 2017 йили Канадага қочди ва валиаҳд шаҳзодани судга бериб, Қошиқчининг ўлимидан сўнг мени ўлдириш учун қотилларни олдимга юборди, деди. Ал-Жабрийнинг болалари Саудияда қўлга олиниб, давлат жамғармаларидан ноқонуний пул олганликда айбланди.
Эҳтиёткор овозлар
Президент Трамп бу ҳолатларга деярли эътибор бермади. У ўзининг илк хорижга сафарини Саудиядан бошлаган эди ва инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришдан кўра мамлакат элитаси билан битимлар тузишни хуш кўрарди.
"АҚШнинг исталган президенти жуда кучли таъсирга эга бўлади, - дейди Эндрью Смит. - Улар бу таъсирдан демократия йўлида фойдаланишлари мумкин. Аммо Трамп ундай қилмади."

Сурат манбаси, MANDEL NGAN/AFP via Getty Images
АҚШнинг ветеран дипломатларидиан Деннис Росс Давлат департаментининг Яқин Шарқ сиёсати бўйича координатори бўлиб кўп йиллар ишлаган. "Трамп маъмурияти Саудия билан яқин муносабатларда бўлишнинг ҳаққини талаб қилмасдан хато қилди. Аммо буни стратегик манфаатларимиз билан қандай мувофиқлаштирасиз?", дейди у Би-би-сига.
Байден маъмуриятининг ваъдаларига қарамай, Давлат департаменти, Марказий разведка агентлиги, Пентагон ва АҚШ армиясининг қудратли лоббисида Саудияга нисбатан эҳтиёткор муносабатга даъват қилувчи овозлар янграб қолмоқда. Агар бирор сабаб билан ушбу давлатдаги Ғарбга ён босувчи ҳукмрон элита ҳокимиятни йўқотса, унинг ўрнини Ғарбни ёқтирмайдиган исломчи мутаассиб режим эгаллаши мумкин. Деннис Росс каби дипломатлар буни яхши билади.
"Биз саудийларга ниманидир буюрмоқчи эмасмиз. Кимнингдир бошига ошкора урсангиз, уни янада ичкарироқ киргазасиз. Улар билан юқори даражада алоҳида гаплашиш керак."

Сурат манбаси, Frank Gardner
Аввалги саволга қайтсак: Байден маъмурияти Саудиядаги инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилай оладими? Ҳа, қила олади. Аммо бу Оқ уйнинг ушбу масалани қанчалик кўтариши ва икки мамлакат ўз манфаатларини қандай кўришига боғлиқ.
Бу орада Россия ва Хитой Риёд билан кўпроқ ҳамкорлик хоҳлаб турибди ва улар инсон ҳуқуқлари каби "ноқулай" масалаларни кўтармайди.
Аммо ҳозирча АҚШ Саудиянинг асосий стратегик ҳамкори ва Қироллик саройи инсайдерининг айтишича, "Байден маъмурияти инсон ҳуқуқлари масаласига кўпроқ эътибор қаратади. Бу ҳозир кун тартибида турибди ва қуруқ сўзларни эмас, ҳаракатни ҳам талаб қилади."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















