You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон фуқаролари, оммавий намойишларга қўшилманг – Ўзбекистон ва Россия, Rossiya, Navalniy, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar
Ўзбекистон фуқаролари, оммавий намойишларга қўшилманг - Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди. Россия сўнгги ҳафталарда мамлакат тарихида мисли кўрилмаган оммавий намойишларга саҳна бўлмоқда.
Оммавий норозилик намойишлари Путин ашаддий танқидчиси ва мулохифат етакчиси Алексей Навальний қўлга олиниши ортидан бошланиб кетган.
Алексей Навальний 17 январь куни, Германияда даволаниб қайтиши биланоқ пойтахт Москва аэропортида ҳибсга олинган.
Мухолифат лидери ўзига бундан аввал берилган шартли қамоқ жазоси талабларини бузганликда айбланган.
Навальнийни озод қилиш ва коррупцияга чек қўйиш талаби билан бутун Россия бўйлаб ўн минглаб одам кўчага чиққан.
Рухсатсиз оммавий намойишлар полициянинг "кескин" қаршилиги манзарасида кечган.
Полиция намойишчиларга қарши дубинкалар қолиб, электрошокер қўллашгача борганига оид хабарлар олинган. Ўнлаб намойишчи яраланган.
Агар, маҳаллий фаолларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, 10 мингга яқин киши ҳибсга олинган.
Уларнинг устларидан суд жараёнлари бошланиб кетган, бирлари жаримага тортилган, бошқалари эса, маъмурий ҳибс жазосига ҳукм этилишган.
Худди шу оммавий норозилик намойишлари фонида суд шу ҳафта сешанба куни Алексей Навальнийнинг жазо шаклини ўзгартирган.
Унинг 3,5 йиллик шартли қамоқ жазосини ҳақиқийси билан алмаштирган. Уй қамоғида ўтказган вақтини чегириб, 2,8 йил қамоқда қолишини айтган.
Мухолифат лидери "уйдирма" эканини айтиб, ўзига қўйилган айбларни тан олмаган, адвокатлари суд ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқишларини билдиришган.
Худди шу куни яна Навальнийни қўллаб, кўчага чиққан бир ярим мингга яқин киши ҳибсга олинган.
Воқеалар ривожини яқиндан кузатиб бораётган таҳлилчилар Россияда янги намойишлар эҳтимолини назардан соқит этишмаган.
Айниқса, Россия Думасига сайловлар арафасида мухолифат тарафдорлари чиқишларининг янада кучайиши мумкинлигини тахмин этишган.
Россия дунёнинг энг катта - юз минглаб сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Норасмий ҳисоб-китобларда бу рақамлар, ҳатто, бир неча миллионга ҳам нисбат берилади.
Россияда кечаётган намойишларда яраланганлар ва қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги маълум эмас.
Россия томони уларнинг фуқароликларини очиқламаган, Ўзбекистон тарафи ҳам ҳалича бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.
Аммо Россиядаги сўнгги рухсатсиз оммавий норозилик намойишлари фонида Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган айрим маҳаллий фаол ва ҳуқуқшуносларнинг мигрантларга огоҳлик билан чиққанликлари кўрилган.
Улар мигрантларни митингларга юзлаб ОМОН, полиция ва гвардиячилар жалб қилиниши, одам кўп бўлиши, тартибсизликлар юзага келиши, метролар ёпиқ бўлиши, ҳужжатларни текшириш ишлари кучайиши билан огоҳлантиришган.
Намойишлар чоғида ҳибсга олинганлар жойлаштирилаётгани боис, айрим мигрантларни вақтинчалик сақлаш марказларидаги "абгор" шарт-шароитларининг юзага чиқишига ҳам умид қилиб қолишган.
Ўзбекистонлик энг кўп меҳнат муҳожирлари эса, Россиянинг оммавий норозилик намойишлари энг қизғин кечган икки йирик шаҳри - пойтахт Москва ва Санкт-Петербург ҳисобига тўғри келади.
Полиция намойишлар чоғида бу икки шаҳар маркази ва қатор марказий метро бекатларини ёпиб қўйишгача боргани хабар берилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса, кеча, 4 февраль куни Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиққан.
Агентлик уларнинг диққатини сўнгги кунларда Россиянинг турли ҳудудларида бўлиб ўтаётган рухсатсиз оммавий намойишларга қаратган.
Худди шу муносабат билан, у ерда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмаслик, Россия Федерацияси қонунларига риоя этиш ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўраб қолган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мурожаати сўнггида уларни бунинг оқибатлари билан ҳам огоҳлантирган.
"Бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин"лигини яна бир бор эслатган.
Агентлик мурожаати Россиядаги сўнгги рухсатсиз оммавий намойишлардан тўрт кун ўтиб бўй кўрсатган.
Биринчиси ортидан кечган қарийб икки ҳафта вақт оралиғида бу каби жавобгарликка юз тутган ўзбекистонликлар бор-йўқлигига оид савол ҳозирча очиқ қолмоқда.
Россиядаги сўнгги рухсатсиз оммавий норозилик намойишлари фонида Ўзбекистонда ҳам Алексей Навальний озодлиги талаби билан якка чиқишлар кузатилган.
Бунга айрим ўзбекистонликларнинг худди ўша кунлари ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлари далолат қилган, бу суратлар кибер фазода бир хил қарши олинмаган, кенг муҳокамаларга ҳам сабаб бўлган.
Улардан бирининг онаси норозилик чиқиши сабаб, ўғлининг маҳаллий Ички ишлар бошқармасига чақирилганидан шикоят қилиб, қўйган пости ҳам кўрилган.
Ўтган йил августида Ўзбекистонда "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилгани хабар қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek