Россия ва Навальний: Намойишлар Путин, Кремлга таҳдидми? - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, migrantlar, dunyo, yangiliklar

    • Author, Екатерина Хинкулова
    • Role, Би-би-си Рус хизмати

Россия ва Навальний: Намойишлар Путинга таҳдидми? - Ҳибслар ва зўравонликларга қарамай, Навальний тарафдорлари якшанба куни яна кўчаларга чиқишмоқчи. Оммавий намойиш ўтказишмоқчи. Кремль бу норозиликлардан нега ташвишда?

Норозиликлар нимадан ўзи?

Воқеларнинг сўнгги ривожида кеча, пайшанба куни суд Алексей Навальнийнинг ҳибсга олинишига қарши апелляция шикоятини рад этган.

У ўзининг ҳибсга олинишини "намойишкорона ноқонуний", деб атаган.

Муваққат суд уни 18 январь куни 30 кунга ҳибс остида қолдиришга қарор қилган.

Ўтган шанба кунги намойишлар ортидан ҳануз тарафдорлари ушланмоқда, ҳибсга олинмоқда ва тинтувларга юз тутмоқда.

Ўн минглаб кишилик норозилик намойиши эса, асосан икки ҳафта олдин Германиядан қайтганида ҳибсга олинган Алексей Навальнийни озод қилиш учун жамоатчилик талабини ифода этмоқда.

Навальний аввалроқ жиноятда айбланиб қамалганида шартли озод қилинган, ҳозир ана шу шартли озод қилиш шартларини бузганликда айбланмоқда.

Навальний ва унинг тарафдорлари бу айбловларни сиёсий сабабга кўра бўляпти, деб ҳисоблайди.

Kоррупция ва давлат мулкини ўзлаштирганини фош қилгани учун Россия расмийлари уни панжара ортига тиқмоқчи, дейди.

Аввалроқ Кремл Навальнийни "ҳеч ким танимайдиган блогер", деб писанд қилмаётган эди.

Ҳатто Россия президенти Владимир Путин Навальнийнинг исмини айтмас эди.

Аммо ҳозир расмийлар Навальнийнинг даъволарига жавоб қайтаришга мужбур бўлмоқда.

Бу намойишларнинг аввалгиларидан фарқи нима?

23 январда ўтказилган ҳукуматга қарши намойишлар Россиядаги энг катта намойиш бўлди.

Намойишчилар сонига қўшимча, у Москва ва Санкт-Петербург каби марказлардагина эмас, бутун Россия бўйлаб ўтказилди.

Одамлар Россиянинг ўн бир вақт минтақасида қамалган фаолнинг озодлиги учун кўчага чиқди.

Якутск каби Ер юзидаги энг совуқ шаҳарлардан бирида юзлаб одамлар - 50 даража совуқда кўчага чиқди.

Би-би-си Рус хизмати ҳисобича, намойишлар 120 дан ортиқ шаҳар ва шаҳарчаларда ўтказилган ва бу ҳафта охирида яна шу миқёсда ўтказилиши мумкин.

Намойишларнинг табиати ҳам эътибор тортади: улар аниқ белгиланган мақсадга эга - Президент Путиннинг бевосита мухолифи ва уни ҳамда яқинларини ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айблаётган Алексей Навальний.

Ўтган йиллар давомида у бутун Россия бўйлаб ўз тарафдорлари халқаларини шакллантирди, улар маҳаллий сайловларда иштирок этар, маҳаллий муаммоларни кўтариб, намойишлар ташкиллар эди. Ана шу нарса Навальнийни Кремл учун хавфга айлантирди.

Навальний ким ва у нима истайди?

Алексей Навальний Россиядаги олий даражадаги коррупция ҳолатларини фош қилиб, кўплаб россияликлар эътиборини тортиб келаётган мухолифатчи етакчидир. Унинг "YouTube" канали миллиарддан ортиқ марта кўрилган.

У Россиядаги асосий сиёсий кучни (Путиннинг "Ягона Россия" партияси) "ўғри ва фирибгарлар партияси", деб атайди ва юқори даражадаги қонунбузарликлар ҳақида кўплаб фильмлар эълон қилган.

Навальний йиллар давомида Россия сиёсатида кўпроқ шаффофлик бўлиши учун кампания олиб борди. У 2013 йили Москва мэрлиги учун сайловда қатнашиб, иккинчи ўринни олди. Кейинроқ у президентлик сайловига ҳам номзодини қўйишга уринди, аммо ўзининг айтишича, сиёсий сабаблар боис, унга қарши жиноий иш очилиб, йўлига тўсиқ қўйилди.

2020 йил августида яна бир фильмни олиш, маҳаллий сайловда курашаётган мухолиф номзодни қўллаб-қувватлаш учун Сибирга сафарга чиққан Навальний заҳарланди ва бир ўлимдан қолди.

Уни даволаш учун Германияга олиб кетдилар ва ўша ерда у Россияда яратилган асабни фалажловчи "Новичок" моддаси билан заҳарлангани маълум бўлди.

Навальний Россия махсус хизматларини ўзини заҳарлашга уринишда айблади ва хабар қилинишича, хийла билан Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФСБ ходими бўлган ишларни ўз оғзи билан айтиб беришига эришган. Ходим уни заҳарлаш амалиёти тафсилотларини гапириб берган.

Навальний ёзиб олиб, кейинроқ "YouTube" каналида эълон қилган телефон орқали суҳбатда ФСБ агенти Константин Кудрявцев "Нoвичок" Навальнийнинг ички кийимига қўйилган бўлганини ошкор қилган.

Қайтиш

Россияга қайтиш хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай, Навальний сиёсий қочқин бўлмаслигини айтиб, Берлиндан Москвага қайтган.

У аэропортда қўлга олинган, сўнг полиция бўлимидаги муваққат суд мажлисида (Россия учун ноодатий ҳол) 2 февралга қадар уни ҳибсда сақлашга қарор қилинди.

Навальний ва унинг тарафдорлари айтишича, судда уни тинглашмаган. Сўнг у барчани расмийларга босим ўтказиш учун кўчага чиқишга чақирган.

Қамоқдалигида Навальний баҳосини янада оширди. Унинг жамоаси ҳозиргача энг кўп кўрилган суриштирувни эълон қилди. Унда президентнинг яқин дўстлари совға тарзида қуриб берган "Путиннинг саройи"га ҳамманинг эътибори қаратилади.

Видеода даъво қилинишича, бу сарой Путиннинг хос одамлари, жумладан, нефть амалдорлари ва миллиардерлар тузган ноқонуний фонд ҳисобидан қурилган. Унда, шунингдек, ҳашамат миқёсини фош қилиб, саройнинг ичи ва таши кўрсатилган.

Видеони "YouTube"да ҳозиргача 100 миллион одам кўрган ва Россия ёшлари орасида оммалашган TikTok да роса тарқалган.

Бу ёшлар ҳаракатими?

Унда 35 ёшгача бўлганлар кўпчилик, шубҳасиз. Улар Владимир Путин ҳокимиятга келгандан буён вояга етганлардир.

Алексей Навальнийнинг ўзи 44 ёшда, унинг жамоаси эса янада ёш. Уни қўлловчилар турли ёшда, аммо Россиянинг турли чеккаларидаги ёш профессионаллардир.

Путин саройи ҳақидаги суриштирувнинг кенг тарқалиши ва ўсмирларда қизиқиш уйғотгани жуда аҳамиятли. Бу ёшларнинг Навальнийнинг "қўрқма" деган антикоррупция чақириғига эргашаётганини кўрсатади.

Бошқа бир оммалашган TikTok видео намойишлардан аввал чиққан бўлиб, унда бир мактаб ўқувчи қиз Путин суратини синфхонадан олиб ташлаётгани акс этган.

Кейин-чи?

Президент Путин Навальнийнинг охирги видеосини фейк деб атади, унинг матбуот котиби эса, охирги намойишлар аҳамиятини пасайтириб кўрсатди.

Аммо Кремлнинг хавотир олаётгани белгилари кўриниб қоляпти.

Гарчи аввалига Навальний ҳақида писанд қилмай гапиришган, агар ният бўлганда, аллақачон ўлдириларди, деб айтишган бўлса ҳам, расмийлар у Россияга қайтмаслиги учун қўлларидан келганини қилди, у Москвага қайтганда эса, дарҳол ҳибсга олдилар.

Унинг қайтишига муносабат - учоқ қўниши керак бўлган аэропортнинг ўзгартирилгани, намойишларга қарши ишлатилган усуллар Кремль мухолифат етакчисидан келаётган хавфни жиддий қабул қилаётганини кўрсатади.

Навальнийни нима қилиш Россия расмийлари учун чинакамига бошоғриғига айланган. Агар унга ҳибсдалигида зарар етса, янада каттароқ намойишлар ва қаттиқ халқаро санкциялар бўлиши мумкин.

Ҳатто уни қамоқда сақласалар ҳам, бошқа бир мухолифат етакчиси Любовь Соболь адолатли маҳаллий ва миллий сайловлар учун кампания ўтказяпти.

Кўп нарса қанча одам мухолифатни қўллашига боғлиқ - агар уларнинг сони мамлакат бўйлаб юз минглаб бўлса, расмийларга бу намойишларни Ғарбдаги кимлардир уюштиряпти, деб баҳона қилиш қийин бўлиб қолади.

Ҳар нима бўлганда ҳам, Навальний ва унинг жамоаси яқин-яқингача қилиш имконсиз ҳисобланган ишни уддалади: Россия давлат медиасига кириб борди, "YouTube" ва бошқа ижтимоий медиа платформалари орқали Путиннинг Россиядаги мавқеига рахна солмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek