Ўзбекистон: Хитой ва Россия ортидан, навбат АҚШ ва Германиягами? – Янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон: Хитой ва Россия ортидан, навбат АҚШ ва Германиягами? - Ўзбекистон Pfizer вакцинасини олаётганини маълум қилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлди. Ҳокимлар нега кетма-кет таътилга чиқмоқдa? bbcuzbek.com дайжести.

Pfizer-BionTech вакцинаси дунёда коронавирусга қарши энг эффективи экани исботланган биринчи вакцина бўлади.

Ўтган йил бу вакцина коронавирусга қарши ўзининг 95 фоизгача самарали эканини кўрсатган.

Бу каби хулосага якуний - учинчи босқич синовлари ортидан келинган.

Шу соатларда бўй кўрсатган расмий хабарларга кўра, Ўзбекистонга 100 минг доза Pfizer-BionTech вакцинаси олиб келинади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев расман маълум қилган.

Унинг айтишича, "Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан "COVID-19" га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун мамлакати аҳолисининг 20 фоизи миқдорида буюртма тайёрланиб, COVAX фондига юборилган".

"Ҳозирда GAVI ("Эмлаш ва иммунизация бўйича глобал алянс") ташкилоти билан ҳамкорликда Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини Ўзбекистонга 100 минг доза миқдорида олиб келиниши бўйича ишлар олиб борилмоқда".

Маълум бўлишича, эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш мақсадида GAVI ташкилоти томонидан 17 та катта ҳажмдаги рефрижераторлар ва 206 та юк ташувчи минивен автотранспорт воситалари ҳам тақдим этилган.

Аммо расмий хабар тафсилотларидан 100 минг доза Pfizer-BionTech вакцинаси Ўзбекистонга аниқ қачон етказилиши тафсилотлари ноаён қолган, ҳалича расман очиқланмаган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта(расман 34500 миллиондан ортади - таҳр.) ва ёзи жазирама иссиқ давлатларидан бири бўлади. Айниқса, ёзда ҳаво ҳарорати +40 градусдан ҳам ортади.

Pfizer-BionTech вакцинаси яроқли бўлиши учун -70 градус совуқда сақланиши лозим, деб кўрилади. Яъни имконли бўлган вакциналар орасидан сақлаш энг қийини бўлади.

Ўзбекистонлик масъулга кўра, "мамлакатда -70 ℃ ҳароратни сақлайдиган музлатгичлар мавжуд".

"Ўзбекистонда 2−8 ℃ ҳароратга мўлжалланган совуқлик занжири инфратузилмаси бор, бу тизим ЖССТнинг барча талабларига жавоб беради ва хавфсиз эмлаш амалиётини кафолатлайди".

Vaksina

Сурат манбаси, Getty Images

Ўтган ҳафта Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Pfizer-BionTech вакцинаси билан боғлиқ расмий баёнот билан чиққан.

COVAX фонди доирасида ўрганиш учун худди шу вакцина ҳужжатларини олганликларини маълум қилганди.

Қозоғистон эса, ўтган йил охирида Pfizer билан бу хусусда дастлабки келишувни имзолаган.

Аммо вакцинани аниқ қачон олиши маълум эмас, яқинда шу йилнинг иккинчи ярмида эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Ўзбекистонга бунгача, яъни ўтган йил Хитой ва Россия вакциналари келтирилган.

Мамлакатда коронавирусга қарши Хитой вакциналарининг учинчи босқич синовлари 10 декабрь куни бошланган.

Хитойники Ўзбекистонда учинчи босқич синови бошланган биринчи вакцина бўлган.

Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd компанияси ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцина Ўзбекистонда жами 5 минг кўнгиллида синалиши айтилган.

Шу пайтгача уларнинг ярмидан кўпроғи Хитой вакцинаси билан эмланган.

Хабарларга кўра, синовлар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиши мумкин бўлади.

Россия вакцинаси Ўзбекистонга ўтган йил декабрь ойида келтирилган.

Ўшанда Россия томони расмий хабарида, "Sputnik V вакцинаси намуналари Ўзбекистонга синовдан ўтказиш, рўйхатга олиш ва мамлакат ҳудудида саноат услубида ишлаб чиқариш учун тақдим қилинган"и айтилган.

Хитой ва Россияники шу пайтгача коронавирусга қарши энг эффектив, деб айтилган дунёдаги тўртта вакцина орасидан хавфсизлиги ҳануз жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келаётгани бўлади.

"COVAX AMC" (Advance Market Commitment) - бу Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти, Вакцина ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI) ҳамда Инновация учун коалиция ҳамкорлигида ишга туширилган механизм ҳисобланади.

Халқаро механизмга дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакати қўшилган, уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Мазкур лойиҳа жаҳоннинг риволанаётган давлатларига коронавирусга қарши вакцина етказиб беришни кўзда тутади, кўплаб номзод вакциналар, жумладан, баъзи мамлакатларда аллақачон тасдиқланган дунёдаги яна иккита етакчи - AstraZeneca/Оксфорд ва Moderna вакциналарини ҳам ўз ичига олади.

Бу механизм вакцина ишлаб чиқариш қуввати яратишни қўллаб-қувватлайди ҳамда харид ишларини амалга оширади.

Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлади.

Ҳозирга келиб, мамлакатда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 78 минг кишидан сал ортади. Уларнинг деярли барчаси соғайиб бўлгани айтилади.

Орада Ўзбекистон жорий йилнинг июнига қадар мамлакат аҳолисининг 60 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режасида эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Ҳокимлар нега кетма-кет таътилга чиқмоқдa?

Hokimlar

Сурат манбаси, Gazeta.uz/arxiv

17 январдан қатор вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими қисқа таътилга чиққан.

Президент Администрацияси томонидан белгиланган график бўйича барча вилоят ҳокимлари ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси 7 февралга қадар босқичма-босқич таътильда бўлиши белгиланган.

График бўйича 17 январдан Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимлари 10 кунлик таътилга чиққан.

Ҳужжатда ҳудуд раҳбарлари бу вақт давомида даволанишда бўлиши ҳақида сўз боради.

Ҳозирга қадар бу ҳудудлар орасида Сирдарё вилояти ҳокимлиги раҳбарнинг тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун қисқа вақтга таътилга чиққанини расман маълум қилган.

Кейинроқ Сирдарё вилояти ҳокимлиги таътилнинг ҳоким Ғофуржон Мирзаев саломатлиги ёмонлашгани билан боғлиқ эмаслигини қўшимча қилган.

"Президентимиз маъмурияти томонидан тасдиқланган жадвал асосида Ғофуржон Мирзаев ҳам қисқа муддатли таътилга чиқди. Вилоят раҳбарининг ушбу қисқа муддатли таътили давомида профилактик тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда даволаниш мақсад қилинган", дейилади ҳокимлик хабарида.

Белгиланган графикка кўра, 28 январдан 7 февралга қадар қолган вилоят ҳокимлари ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси 1-сонли Марказий клиник шифохонасида тиббий кўрикдан ўтади ва даволанади.

Президент Администрацияси ҳузуридаги тиббиёт бош бошқармасига қарашли бу даво маскани халқ орасида "ҳукумат касалхонаси" номи билан машҳур.

Бир вақтнинг ўзида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Зойир Мирзаевнинг ўринбосарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари тиббий кўрикдан ўтиш учун Тошкентга жўнаб кетганини хабар қилган.

17 январь куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев маҳаллий раҳбарларни пойтахтга кузатиш учун шахсан ўзи вокзалга чиққан.

Ҳоким Мирзаев қўл остидагиларга "тарихда биринчи марта даволанишга боришаётгани" ҳақида гапирган.

Вилоят ҳокимларидан фарқли ўлароқ Қашқадарё маҳаллий раҳбарлари 10 кун давомида пойтахтдаги "Chinobod Plaza" санаторийсида дам олиши режалаштирилган.

Айни вақтда ҳокимларнинг бундай ялпи таътил ва даволанишга чиқиши сабаби расман ошкор этилмаган.

Бироқ "…мамлакатимиз, айниқса, вилоятимиз учун ортда қолган йил жуда оғир келди. Мураккаб бир даврдан сўнг дам олиш жуда ҳам зарур. Ҳар бир инсон ўз соғлигига эътибор бериб, профилактик тиббий кўрикдан ўтиши мақсадга мувофиқ», дея маълум қилган Сирдарё вилояти ҳокимлиги.

4 январдан президент Шавкат Мирзиёев ҳам қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан эди.

Расмий хабар таътил Ўзбекистон ҳудудида ўтиши айтилган бўлсада, давлат раҳбарининг айнан қаерда дам олгани ошкор этилмаган.

Президентнинг ишга қайтганига ишора қилувчи илк расмий хабар 11 январь куни пайдо бўлган.

500 миллиард сўм зарар

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

2020 йил давомида республика бўйича жами 1,148 та жиноят иши бўйича 1,723 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилган.

Расмий хабарда жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 9 нафари республика, 45 нафари вилоят ва 1,669 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритгани айтилади.

"Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 835 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, 227 нафари фирибгарлик, 132 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 58 нафари мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш, 31 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 25 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 16 нафари мансаб сохтакорлиги ва 399 нафари бошқа жиноятларни содир этишган", дейилади 17 январь куни эълон қилинган хабарда.

Маълум этилишича, мансабдорлар содир этган жиноятлар оқибатида давлатга 500 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Тергов жараёнида зарарнинг 355 миллиард сўмдан зиёдроқ қисми ундирилган.

Тожикистон билан авиақатнов тикланди

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида мунтазам авиақатновлар қайта тикланди.

Транспорт вазирлигининг хабар беришича, 20 январдан "Uzbekistan Airways" компанияси Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналишида авиақатновларни бошлайди.

Икки давлат ўртасидаги илк авиақатнов, 25 йиллик танаффусдан сўнг, 2017 йилда қайта йўлга қўйилган эди.

Коронавирус пандемияси сабаб Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиақатновлар 2020 йилнинг март ойидан тўхтатиб қўйилганди.

Тадбиркорлар ва мажбурий ҳомийлик

Тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этганлик учун жиноий жавобгарлик бор.

Адлия вазирлиги ана шундай эслатма билан чиққан.

Вазирликнинг огоҳлантиришича, мансабдор шахс маъмурий жазо қўллангандан сўнг ҳам тадбиркорларни ҳомийлик ва бошқа тадбирларга мажбуран жалб этса, БҲМнинг 200 баробаридан 499 баробаригача (44 миллиондан 89 миллион сўмга қадар) жаримага тортилиши мумкин.

Бундан ташқари бундай амалга қўл урган мансабдорлар 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум этилиш, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазоларига юзланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek