Ўзбекистон энергетик бўҳронни бошдан кечирмоқдами? - Қашқадарёнинг ярми светсиз қолди – video, янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Gaz

Сурат манбаси, PA Media

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон энергетик бўҳронни бошдан кечираётгани айтилмоқда. Янги йил арафасида бир муддат берилган свет ва газда яна узилишлар бошланган. Қашқадарё вилоятининг 7 тумани ва бир шаҳрида электр буткул ўчди. Энергетика вазири Алишер Султонов зудлик билан Қашқадарёга учди. Ўзбекистонда Энергия тизимининг ишдан чиқиши Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига ҳам таъсир қилган. Электр йўқлиги инсоний фожиалар ёқасига олиб келаётганига оид хавотирлар бор:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистонда кузатилаётган аномал қиш манзарасида бутун мамлакат бўйлаб электр энергиясида узилишлар рўй бермоқда.

8 январга келиб Талимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблокни тўхтаганлиги сабабли Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз шаҳри, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи, Ғузор, Нишон туманлари электр таъминотида тўлиқ узилган.

Энергетика вазири Алишер Султонов бошчилигидаги мутахассислар мазкур станцияга учиб кетган.

Аввалроқ, Энергетика вазирлиги электр энергиясида кузатилаётган узилишларнинг сабаби қилиб, Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишларни кўрсатганди. Узилишлар сабаб аварияга қарши автоматика ишлаган.

Ўз навбатида Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика масъуллари ягона энергетик тизимидаги барқарорлик айнан Ўзбекистон сабаб бузилганини айтиб чиқди. Натижада Қозоғистон ва Қирғизистоннинг айрим ҳудудларида ҳам электр тизимида вақтинча узилишлар кузатилган.

Мирзиёев даврида қурилган блок ишдан чиқди

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Gazeta.uz мақоласидан маълум бўлишича, Қашқадарёнинг 8 ҳудудини токсиз қолган узилишлар айнан Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач ишга туширилган блоклар ишдан чиққач рўй берган.

Жанубий Кореянинг Daewoo ва Hyundai компаниялари 2016 ва 2017 йиллари фойдаланишга топширган иккита буғгаз мосламаси ишдан чиққан.

2004 йилда ишга туширилган энергоблок ишлашда давом этмоқда.

"Эски ва Янги Ўзбекистон ўртасида кескин қарама-қаршилик", деб ёзди, Twitter фойдаланувчиси.

Талимаржондаги ИЭС 2022 йилгача яна иккита буғгаз блоки ишга тушиши керак. Лойиҳанинг умумий қиймати $1,28 млрд. АҚШ доллари. Маблағларнинг асосий қисмини ташқи кредитларни ташкил қилади.

Жойларда муаммолар Талимаржондаги ИЭСда авария бўлишидан олдин кузатила бошлаганди.

2020 йилнинг 16 декабр куни Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан видео олган фуқаро 2 ойдан бери чироқсиз ўтирганини айтган.

Вазир ва мутасаддиларга ишонч билдирмаслигини айтган бу шахс тўғридан-тўғри Президент Шавкат Мирзиёевга муаммони тушунтирган.

"Мен сизнинг вазирларингиз билан ишим йўқ. Бош вазир, Электр энергия вазири, бу ердаги вилоят электр назоратчилари билан. Шахсан сизга йўллайман. Чунки булардан нажот йўқ. Қилсангиз қиладиган бўлинг, қилмасангиз қилманг. Свет йўқ. Мана битта уйни иситиб олгунча ичимиз куйиб кетяпти. Болаларнинг ётишини қаранг. Битта хонада ётибмиз. Битта хонани иситиб олгунча онамизни кўриб кетамиз. Инсоф керак. Эр-хотинлик йўқми, дарс қилмайдими, овқат емайдими булар. Ҳурматли президент инсоф керак, инсоф, диёнат керак. Аллоҳдан қўрқинглар, барака топгурлар. 21-асрда нима дейишгаям ҳайронман", дейди у.

Чироқчилик фуқаронинг мурожаатини Facebook тармоғидан мингдан ортиқ одам ўз саҳифасида бўлишган.

У чироқ сўраб қилган мурожаатларининг ҳаммасига бўлади, деган жавоб олаётгани, аммо натижада чироқ келмаётганини айтган.

Видеодаги одам анoмaл совуқ шароитида яшаб турган хоналари қандай ҳолатга келиб қолганини кўрсатган.

"Мана 2 ойдир свет йўқ. Мана музни қаранг, музни. Мана булар муз. Музни кўряпсизми? Инсоф керак, инсоф. Қотиб қоляпмиз-ку. Тoкчалар (дераза) қотиб қолганидан очилмайди, музлаганидан. Ҳаёт йўқ, бу ерда", дейди у.

O'zbekiston

Сурат манбаси, facebook/dimaqayum

Бу каби мурожаатлар ижтимоий тармоқларда кўпайган.

"Уялмайсизми", деб ёзади Риштондан Дима Қаюм.

Электрда узилишлар ортидан Электр тармоқлари раҳбариятига қўнғироқлар кўпайган. Айрим раҳбарлар шикоятлар дастидан ишлаб турган рақамини алмаштиришига тўғри келаётгани ҳақида Kun.uz нинг Андижондаги мухбири Элмурод Эрматов ёзди.

"Водийдаги вилоят электросет бошлиғига тел қилдим. Раҳбар рақамни ўзгартирган. Рақамни яқинда олган чустлик йигит "дод" деворди. "Ака, жонга тегди. Кунига камида элликта одам телефон қилиб сўкинади. Чиройли номер деб олгандим"", деб ёзди Эрматов.

Электр тизимидаги узилишлар шифохоналар фаолиятига ҳам салбий таъсир қилаётгани айтилмоқда.

Пайариқ туманидан Би-би-сига келиб тушган видео хабардан туман бош шифохонаси чироқсиз қолганини кўриш мумкин.

"Бутунбошлик Пайариқ туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимида электр энергияси йўқ. Бу битта бўлимда эмас бутун бошли тиббиёт бирлашмасида йўқ. Ҳозирги серқуёш, мусаффо осмонли Ўзбекистонимиздаги аҳвол. Реанимацияда қанчадан-қанча беморлар оғир аҳволда. Кислород аппаратларига уланган ҳолда қандай шифо топишади буёғи Худога маълум. Кимнинг эътиборсизлиги ёки кимнинг лоқайдлиги бу? Қанча одам ҳаётдан маҳрум бўлади бунақа аҳволда? Хирургияда, реанимацияда ётганлар", дейди видеога олган шахс.

Реанимацияда ётган беморларнинг яқинлари оғир аҳволдаги беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун электр билан таъминлаш учун кўчма мини электр ишлаб чиқарувчи ускуна олиб келишга тўғри келган.

Наманган туманининг Тошбулоқ шаҳарчасида тиш дўхтирлари чироқ йўқлигидан телефоннинг ёруғида ишлашга тўғри келаётганини айтишган.

"Наманган туман, Тошбулоқ шаҳарчасида бугун олтинчи марта свет ўчиши. Банкдан кредитларимиз бор, шунинг учун фонарларни ёқиб ишлаяпмиз, тан-жонилар соғ бўлсин. Мутасаддиларга ёрдам беришларини илтимос қилиб сўраймиз. Свет ўчмаслигини назорат қилиб. Клиентларимиз ўтирибди ташқарида свет йўқ", дейди мижознинг тишини даволаётган доктор.

Би-би-сининг мавжуд ҳолатга ойдинлик киритиш уринишлари ҳозирча самара бергани йўқ.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил ноябрь ойида президентликка сайланишидан олдин мамлакатдаги газ ва электр энергияси муаммосини ҳал қилишни ваъда берганди.

Орадан тўрт йил ўтиб, 2020 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов СССР замонидан кейин Ўзбекистон энергетика тизими ҳам маънан ҳам жисмонан эскирганини айтди.

O'zbekiston

Алишер Султоновнинг Alter Ego YouTube каналига айтишича, янги электр станциясини барпо этишга 3 йил керак бўлади.

Бироқ вазир айнан янги қуриб битказилган энергоблоклар ишдан чиқаётгани борасида ҳозирча изоҳ бермаган.

Мутасаддилар Ўзбекистонда атом электр станциясининг қурилиши муаммога барҳам бериши мумкинлигини уқтиришади.

Бироқ Талимаржондаги янги ишга туширилган блокларнинг ишдан чиқиши ва умуман сўнгги вақтларда Ўзбекистонда янги қурилган иншоатларнинг сифатсиз чиқаётгани одамларда АЭС қурилишига ишончсизликни оширган ва янада хавотирга солган.

Расмийлар энергия тизимидаги бўҳрондан чиқиш йўлини кўрсатолмаётган бир паллада Ўзбекистондаги йирик нашрлардан бири kun.uz бор илинж совуқнинг чекишини ва ҳавонинг илиши деб ёзди.

"Газ ва свет бўйича вазият тушунарли ва ортиқча умидларга ўрин йўқ. Ягона илинж - совуқнинг чекиниши, ҳавонинг илиши", деб ёзди нашр.

Ўзгидромет 9-12 январдан бошлаб Ўзбекистондаги аномал совуқ чекиниб, кунлар бироз илишини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek