Қозоғистон ва Жанубий Корея: К-попдан илҳомланган Қозоқ-поп қаҳру ғазабларни қўзитмоқда - Qozog‘iston, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Ninety One
- Author, Иветт Тан
- Role, Би-би-си
Қозоғистон: К-попдан илҳомланган Қозоқ-поп қаҳру ғазабларни қўзитмоқда - янги поп гуруҳи ўзларига "сўйиб ташлайман" деган аноним таҳдидлар ҳам бўлганини билдирди. Аммо, шунда ҳам, бу ҳали ҳаммаси эмас.
"Ninety One" гендер меъёрларини бузмоқда
Улар ўз дебютларини йигитлардан иборат гуруҳ сифатида бошлаб, мусиқа ижод қилиш ва шу орада мухлислар орттиришни кўзладилар. Аммо уларни ғазаб, норозилик ва таҳдид билан қарши олдилар.
Улар хореографик рақсларни намойиш қиладилар, киши миясида айланаверадиган мусиқани ижро этадилар ва одамни шок қиладиган клипларни оладилар - биз К-поп гуруҳи ҳақида гапирмаяпмиз.
Бу Қ‑поп ёки Қозоқ‑поп - Қозроғистонда ривожланиб бораётган поп мусиқа жанри бўлиб, "Ninety One" ("Тўқсон бир") гуруҳи буни бошлаб берди.
Аммо бу мусиқа гуруҳи ўзи яратган мусиқа билангина танилгани йўқ.
Андрогин - ярим эркак, ярим аёл кўринишдаги беш аъзоси узун соч, бўялган кўзлари ва макияжлари билан консерватив бир мамлакатда саҳнага чиқиб, ўрнашган гендер меъёрларни савол остига олганида гуруҳ ўз мавқеини ҳаммага намойиш қилди.
Ҳаммаси қандай бошланди?
2014 йили Қозоғистонда бир кўнгилочар гуруҳ мусиқа танловини ўтказди. Танловдан мақсад истеъдодлиларни топиб, улардан бир мусиқа жамоаси тузиш эди.
Тўрт йигит - A.Z. (Азамат Зенкаев) Zaq (Дулат Мухаметкалиев) танлаб олинади, сўнг алоҳида кастингда Bala (Данияр Кулумшин) ва Alem (Батырxан Маликов) гуруҳга олинади. Кейин уларга Жанубий Кореянинг "SM Entertainment" компаниясидан Ace (Азамат Ашмакын) қўшилди. "SM Entertainment" К‑поп йўналишида кўплаб юлдузларни етиштирган.
"Биз бир жамоа бўлдик, биргаликда қўшиқлар ёздик, рақс тушиш ва ижро этишни ўргандик ва ниҳоят... тайёр бўлганимизда дебют қилдик", дейди гуруҳ Би‑би‑сига электрон почта орқали берган интервьюда.
Аммо гуруҳни тузиш учун масъул бўлган ва унинг продюсери Ербўлат Беделханнинг мақсади биргина жамоани тузиш эмасди.
У Қозоғистонда К‑попдан илҳомланган Қ‑поп ёки Қозоқ‑поп деб номланган янги бир мусиқа жанри яратишни кўзлаган эди.
Гарчи ҳозир бутун дунёга танилган бўлса ҳам, 2014 йилда К‑поп Ғарбда у қадар машҳур эмасди. Аммо ўша вақтда ҳам Осиёда унинг мухлислари етарли эди.
""Ninety One" К‑попнинг маҳаллий кўриниши эди ва қай бир маънода бу гуруҳ сунъий яратилди", дейди Боулинг Грин университетидан этномусиқашунос профессор Меган Рансьер.

Сурат манбаси, Juz Entertainment
Аммо улар ўз дебютларини қилганда ўта консерватив мамлакатдаги кўпчиликни уларнинг кўриниши карахт қилиб қўйди.
"Йигитлар ёрқин ранглардаги тор жинси кийган... уларнинг услуби анчайин провокатив эди", дейди жаноб Беделхан Би‑би‑сига.
"Улар кўчага чиққанда ҳам аксар одамлар каби кийинмасди. Бизнинг мамлакатда эркакларнинг ёрқин рангли кийим кийиши одат эмас."
"Одамлар ҳиссиётга берилди, ҳатто норозиликлар билдирилди, гуруҳнинг концертларини бекор қилишни талаб қилишди, ўзларини эса "гей" деб аташди.
"Қозоғистонда одамлар ўзлари қозоқ эркак ва аёл қандай бўлиши керак деб ишонса, шу ишончни ҳимоя қилади", дейди қозоғистонлик гендер масалалари бўйича мутахассис Айзода Аристанбек Би‑би‑сига.
"Одамларнинг танаси ва хулқини "бу қозоқ қилиши мумкин бўлган ишми?" деган мезон асосида жамият назорат қилади."
Норозилик билдирганларнинг аксари ёш йигитлар эди.
"Отам армияда хизмат қилган. Унинг суратини кўрсатганимда, у ҳақиқий эркак деб фахрланаман. "Ninety One" ҳақида нима дейман?" дейди Қ‑поп ҳақидаги "Face the Music" ҳужжатли фильмида бир талаба.
"Мен уларни эркак эмас дея олмайман, аммо уларни эркак ҳам деб бўлмайди."

Сурат манбаси, Juz Entertainment
"Ninety One"нинг концертлари ниҳоят қолдирилди. Бир гал шаҳар расмийлари ҳатто норозилик бошланмасдан, эҳтиёт шарт, уни бекор қилиб қўйишди.
Гуруҳ ўзларига "сўйиб ташлайман" деган аноним таҳдидлар ҳам бўлганини билдирди.
Аммо бу ҳаммаси эмас.
"Ninety One" ёрқин кийиниш ёки "гей" бўлишга синоним сифатида қўллана бошлади ва ҳақоратли сўзга айланди.
"["Ninety One" сифатида тасвирланган] бу йигитлар кўчада калтаклангани ҳақида хабарларни эшитдим. Ўзим ҳам шунақа воқеага гувоҳ бўлдим", дейди жаноб Беделхан.
Проф. Раньерга кўра, бу ерда уларнинг қандай кийиниши эмас, улар нимани ифода этишига бориб тақаляпти бари.
"Гендер нормаларини назорат қилишда миллатчилик унсурлари бор, чунки "ҳақиқий" қозоқ эркак ва аёлнинг тўғри хулқи ҳақида шаклланган тасаввурлар бор", дейди у.
"Бу меъёрлардан оғиш нафақат анъанани бузиш, шу билан бирга, ўз миллий ва маданий илдизларидан воз кечиш ҳамдир."
Унинг қўшимча қилишича, гарчи Қозоғистонда гендер меъёрлари ҳамон "буткул анъанавий" бўлса ҳам, қаршилик "консерватив жамоалар - асосан қишлоқлар"да марказлашган.
Ҳужжатли фильмда интервью берган бир социалист тадқиқотчи "Ninety One"га қаршиликнинг катта қисми ота‑онаси қишлоқдан шаҳарга кўчган ёшлардан бўлаётганини айтади.
"[Шаҳарда ўсган] ёшлар анча очиқ... улар учун мультикултурал бўлишнинг зарари йўқ. Бошқа томондан [келиб чиқиши қишлоқлардан бўлган] ёшлар ҳам борки, жуда анъанадор, айнан улар консерватив қадриятларни қўллашади. "Ninety One" эса улар қайси тоифаданлигини ажратиб берадиган тестга ўхшайди."
"Нозик йигитлар" ва гипер маскулинлик
Охир‑оқибат ушбу гуруҳга бўлган қаршиликлар камайди, улар оммалаша бошлади.
"Шаҳарлик қозоқ ёшлар аллақачон К‑поп ҳақида билади ва унга мухлис. Ва бу ўзларидан чиққан гуруҳлар "улар учун" мусиқа ижод қилиши учун имконият беради", дейди проф. Рансьер.

Сурат манбаси, Getty Images
Гуруҳ авваллари бошқачароқ бўлганини айтса‑да, ҳозир Қозоғистон бўйлаб замонавий мусиқанинг турфа хиллари пайдо бўляпти.
"Биз асосан хориж мусиқасини тинглаб улғайганмиз, чунки ўзимиздан чиққан санъаткорлар йўқ эди. Маҳаллий мусиқа тўйларга ихтисослашган ва санъаткорлар шу йўл билангина пул топарди."
"Ninety One" замонавий маҳсулотни таклиф қилди. Бу эса уларга ёшлар орасида каттагина мухлислар топиш имконини берди", дейди Сингапур Миллий университети тадқиқотчиси Сабина Инсабаева.
Аристанбек хоним айтишича, "Ninety One" Қозоғистондаги асосан "гендер меъёрларига мос тушувчи" мусиқа манзарасини ижобий маънода бузиб юборди.
"["Ninety One"] Қозоғистонга "нозик йигитлар" маданиятини олиб келди... улар ўзларини ўта эркакча қилиб кўрсатишга уринишмайди", дейди у.
"Улар мусиқа саҳнасида шундай қилганларнинг биринчиларидан бўлди... Уларнинг стадионларда минглаб одамларни тўплай олгани кўрсатадики, қозоғистонликлар ҳозир гегемонлик талаб қилмайдиган эркакликни кўпроқ қабул қила олади."
Бугун Қозоғистонда ўнлаб Қ‑поп гуруҳлари бор. Уларнинг бари "Ninety One"дан илҳом олган.
Ўшандан бери Қ‑поп бутун минтақа бўйлаб тарқалди, Туркия, Озарбайжон ва Туркманистон каби мамлакатларда оммалашди. Аммо дунё миқёсида ҳам мухлислар тўплашга эришди.
Асли ҳиндистонлик, ҳозирда Қувайтда яшовчи Калина Д'Суза Би‑би‑сига айтишича, у Қ‑попни аввал "YouTube"да учратган.
"Мен аввал ҳам Қ‑попни билганим учун уни кейинчалик кўпроқ ўрганим, унга мухлис бўлдим", дейди у.
"У К‑попга ўхшаса ҳам, улар ўзига хос йўлни топа олган. Бу мусиқа учун анчагина меҳнат кетган деб айта оласиз."
Проф. Рансьерга кўра, ҳар икки жанр ҳам аъзоларнинг битта жинсдан иборатлиги, асосан келишган ёшлар экани билан бир‑бирига ўхшайди.

Сурат манбаси, JUZ Entertainment
Аммо бу гуруҳнинг асосий ўзига хослиги унинг қозоқ тилини тарғиб қилишга бўлган интилишидир.
Собиқ Совет республикаси бўлмиш Қозоғистон Россия билан қўшни. 2009 йилги сўровга кўра аҳолининг 62 фоизи қозоқ тилида равон гапиради ва ёзади, аммо 82 фоизи русчада шундай.
Қозоқ ҳукумати қозоқ тилини тарғиб қилишга уринмоқда, ҳатто 2018 йили ҳукумат йиғилишларида русча қўллашни тақиқлади.
"Q-поп [Қозоғистоннинг] миллий маданиятини қуриш воситаси ҳисобланади. К‑поп эса хусусий компаниялар ташвиқ қилаётган маданий маҳсулотдир", дейди К‑поп бўйича эксперт Ли Гю‑таг Би‑би‑сига.
Мулоқотни бошлаш
Аммо Қ‑поп Қозоғистонда гендер меъёрларини ўзгартириш учун ҳамма нарса қилдими?
Доктор Инсебаеванинг айтишича, гуруҳ мулоқот учун кўп иш қилган бўлса‑да, "каттагина сондаги одамлар" ҳамон "Ninety One" кўринишини қабул қилолмайди.
"Бу гуруҳ қозоқларнинг эркаклик бўйича тасаввурларига муқобил вариантни оммалаштирганини инкор қилиб бўлмайди, аммо мавжуд ҳукмрон тасаввурлар кескин ўзгарган ёки ўзгармаганини текшириш учун хали вақт керак", дейди у.
Аммо бундай ўзгариш бўлиши учун гуруҳ илк қадамларни ташлаганини инкор қилиб бўлмайди.
"Улар гендер меъёрларини ўзгартирди, дея олмайман. Аммо улар гендер меъёрларини хулқ ва ташқи қиёфа жиҳатидан савол остига олдилар", дейди проф. Рансьер.
"Улар қозоқ эркакнинг кўриниши ва хулқига муқобил бўлган версияни тақдим қилишди - ана шу мулоқот учун дебоча бўлди."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















