Майкл Жексоннинг Neverland қасри $22 миллионга сотилди Maykl Jekson

Singer Michael Jackson walks into the Santa Maria Superior Court on the fifth day of his child molestation trial on 7 March, 2005 in Santa Maria, California

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Айбловчилар Майкл Жексонни Неверленд-Ранчосида болаларга жинсий тегажоғлик қилишда айблашган, бу айбловларни марҳум қўшиқчи рад этиб келган

Дунёга машҳур марҳум қўшиқчи Майкл Жексоннинг Neverland ранчоси сўралган баҳосининг чорагига сотилган.

Калифорниянинг Лос-Оливосида жойлашган кўчмас мулкни Майкл Жексоннинг собиқ дўсти бўлган миллиардер Рон Бўркл харид қилганини унинг воизи тасдиқлади.

Wall Street Journalнинг тегишли ҳужжатлар ҳамда олди-бердига алоқадор уч манбага таяниб хабар қилишича, ранчо 22 миллион долларга сотиб олинган.

2015 йили 1100 гектар майдонга эга кўчмас мулк $100 миллион нарх билан савдога қўйилган эди.

Шундан буён Санта-Барбара шаҳри шимолида жойлашган Неверленд ранчоси бозорга бир қўйилиб, бир савдодан олиниб келган.

Энг охирги марта 31 миллион доллар сўрашган.

Майкл Жексон ранчони $19,5 миллионга сотиб олган ва унга машҳур Питер Пэн ҳикоясидаги болалар ҳеч қачон вояга етмайдиган тўқима орол номини қўйган эди.

The Neverland ranch

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Майкл Жексон кўчмас мулкни 1987 йили сотиб олган, аммо умрининг охирги йилларида тўловлари билан боғлиқ мушкулликларга дуч келганди

Майкл Жексон ранчони ўзининг машҳурлиги чўққига чиққан пайт - 1987 йили харид қилган ва ўзининг доимий яшайдиган уйига айлантирган эди.

Майкл Жексон ранчони болалар ўйнаб дам оладиган улкан кўнгилочар мажмуага айлантирган, ичида ҳайвонот боғи ва каруселлари бор эди.

1990 йиллар ва 2000 йилларда Neverland Майкл Жексонга қарши қўзғатилган бир неча болаларга жинсий тегажоғлик даъволари юзасидан терговлар марказига айланди.

Exterior views of the entrance, house, statues and gardens at Michael Jackson's Neverland Ranch in 1995

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Майкл Жексон ранчони болалар ўйин майдонига айлантирганди

Майкл Жексон Санта-Барбара прокурорларининг Неверленддан ўғил болаларга жинсий тегажоғлик учун хаёлий дунё сифатида фойдалангани ҳақидаги айбловларини рад этган.

2005 йили Жексонни ранчода 13 яшар болани жинсий таҳқирлагани даъвоси билан маҳкамага тортишган, судда у оқланган эди.

Шундан кейин Майкл Жексон Неверлендга ҳеч ҳам қайтмади.

2009 йили июнида дорининг кўп дозасини қабул қилиш оқибатида вафот этди.

Ўлимидан кейин ҳам Майкл Жексон билан боғлиқ қатор можаролар ўртага чиқди.

The Neverland ranch

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу ерда ҳайвонот боғи ва қатор кўнгилочар аттракционлар жойлашган

Майкл Жексон ўлимидан кейин ранчога Sycamore Valley Ranch номи берилди ва кўп жойлари қайта қурилди.

Ранчонинг янги эгаси миллиардер Рон Бўркл сўзчисига кўра, бизнесмен ўз харидини ерга қўйилган сармоя сифатида кўрмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek