Россияда “бойларга солиқ” солинмоқда. Путин қонунни имзолади - Россия ва Ўзбекистон, Rossiya, O‘zbekiston, Putin, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, dpa
Россияда "бойларга солиқ" солинмоқда. Путин қонунни имзолади - энг кўп асли ўзбекистонлик миллардерлар бойлар айнан Россия ҳисобига тўғри келади. Янги қонун қандай ишлайди?
Россия президенти Владимир Путин ягона солиқ солиш шкаласидан чиқиб кетишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Унга кўра, йилига 5 миллион рублдан ортиқ даромадларга солинадиган солиқ 13 фоиздан 15 фоизгача оширилади.
Экспертларнинг таъкидлашича, янги қоидалар мамлакат аҳолисининг тахминан 1 фоизига таъсир қилади.
Янги ставка Путиннинг ташаббуси билан жорий этилди, у "бойларга солиқ" деб номланди. Жорий йилнинг 23 июнида коронавирус пандемияси билан боғлиқ телевидение орқали навбатдаги мурожаатида, президент бошқа нарсалар қаторида йиллик даромади 5 миллион рублдан (ёки ойига 416 минг рубль) ортиқ бўлган россияликлар учун шахсий даромад солиғини 2021 йилдан оширишни таклиф қилди.
15 фоизли солиқ фақат даромаднинг ушбу миқдордан ошадиган қисмидан олинади.
Ўша пайтда Путин қўшимча бюджет даромадларини фақат битта мақсадга сарфлашни таклиф қилди - оғир, шу жумладан, камдан-кам учрайдиган касалликлар билан оғриган болаларни даволаш.
Путиннинг ташаббусини амалга оширадиган қонун лойиҳаси сентябрь ойида ҳукумат томонидан Давлат Думасига киритилган эди. Биринчи ўқишда депутатлар уни 21 октябрда қабул қилдилар. Йилига 5 миллион рублдан ($65 минг доллар) ошадиган даромадга нисбатан 15 фоиз солиқ солиш 2021 йил 1 январдан бошлаб йўлга қўйилади.
"Адолатнинг бунга мутлақо алоқаси йўқ"

Сурат манбаси, SERGEI FADEICHEV/TASS
Путин ягона 13 фоизли солиқ тушунчасидан воз кечиш зарурлигини технология энди тўловларни аниқ белгилашга имкон бераётгани билан изоҳлади.
2001 йилда Россия Солиқ кодексининг иккинчи қисми кучга кирганидан буён мамлакатда жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича 13 фоизли ягона ставка амал қилмоқда ва солиқ солинмайдиган минимал даромад йўқ.
"Даромадлари ҳар хил бўлган фуқароларнинг солиқни бир хилда, бир хил ставкада 13 фоиз билан тўлаши, аслида бир қарашда адолатсиз бўлиб туюлади", деб таъкидлаган эди Путин июнь ойида. "Аммо, агар биз шахсий даромад солиғининг ягона шкаласи жорий қилинганидан кейин давлатга солиқ тушуми сезиларли кўпайгани ва давлат ушбу қўшимча маблағларни ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун йўналтирганини ҳисобга олсак, адолатнинг бунга мутлақо алоқаси йўқлиги аён бўлади".
Путиннинг сўзларига кўра, "янгича бошқарув" ва рақамли технологияларнинг жорий этилиши сабабли, солиқ юкини янада табақалаштирилган тарзда тақсимлаш ва "қўшимча молиявий тушумларни жамият учун муҳим бўлган аниқ муаммоларни ҳал қилиш учун йўналтириш" мумкин бўлди.
Бу Путин коронавирус сабабли россияликларга қилган мурожаатида эълон қилган биринчи солиқ ўсиши эмас эди. Март ойида у 1 миллион рублдан ортиқ депозитлар ва инвестициялардан олинадиган даромадларга солиқ жорий этилишини эълон қилган эди.
Экспертлар нима дейди?

Сурат манбаси, AFP/Getty
Янги қоидалар мамлакат аҳолисининг тахминан 1 фоизига таъсир қилади, деди Би-би-сига "Сколково-РЭШ" молиявий маркази директори Олег Шибанов.
Унинг фикрига кўра, янги солиққа тортиладиганлар учун бу солиқ юкининг сезиларли ўсиши бўлади. "Шуни тушуниш керак, 5 миллион ойига 400 минг рублдан ошади, бу эса даромаднинг сезиларли пасайишидир. Масалан, иш ҳақи 10 миллион [рубль] бўлса, бу иш ҳақининг йилига 100 минг рублга камайишини англатади", деб ҳисоблайди эксперт.
Росстатнинг 2019 йил апрель ойидаги маълумотларига кўра, россияликларнинг тахминан 0,1 фоизи ойига 500 минг рублдан юқори маош олган. Яна 0,7% ойига 250 минг рублдан 500 минггача иш ҳақи олган. Росстат аҳолининг қанча қисми 400 мингдан ортиқ иш ҳақи олишини ҳисобламайди.
Аксарият мансабдорларнинг даромади 5 миллион рублдан ошади. Путин 2019 йилги даромадини 9.7 миллион рубль деб декларация берган. Бош вазир Михаил Мишустин Федерал Солиқ хизмати раҳбари бўлган сўнгги йили 18.2 миллион рубль ишлаб топди. Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев 11 миллион рубль топганини маълум қилган.
Frank RG банк раҳбарларининг тахминан 30 фоизи "бойларга солиқ"ни тўлаши кераклигини ёзган.
Шахсий даромад солиғининг ўсиши квартира сотган ва шу билан даромади кўпайган фуқароларга таъсир қилмаслиги керак. "Солиқ кодексида кўчмас мулк сотилишини солиққа тортишни истисно қиладиган махсус қоида мавжуд", дейди "Paragon Advice Group"нинг ҳамкори Александр Захаров Би-би-сига.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 13 фоизлик ставкаси нафақат кўчмас мулкни сотишдан тушадиган даромад учун, балки уни ҳадя қилгандада ҳам сақланиб қолади.

Сурат манбаси, EGOR ALEEV/TASS
Думанинг Бюджет бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Макаров чоршанба куни "иккинчи ўқишда кўриб чиқишни тавсия қиладиган бир қатор масалалар бор", деди. Қўмита нафақат кўчмас мулкни, балки барча турдаги мол-мулкни сотишдан келадиган даромад учун солиқ ставкасини оширмасликни таклиф қилди. Шунингдек, суғурта тўловларини солиққа тортишда жисмоний шахсларнинг даромад солиғини 13 фоизда ушлаб туриш таклиф қилинди.
Шу билан бирга, Молия вазирлиги жисмоний шахсларнинг 15 фоиз миқдорида солиқ солинадиган даромадлари рўйхатига аниқлик киритиб, ундан бир марталик ёки тартибсиз даромадларни чиқариб ташлади. "Қонун лойиҳасининг асосий принципи - одамларнинг меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган, 5 миллион рублдан ортиқ бўлган даврий ва фаол даромадларга шахсий даромад солиғи ставкасини оширишдир", дея хабар беради РБК вазирлик маълумотидан иқтибосан.
Захаровнинг сўзларига кўра, ишбилармонлик сояга ўтиб кетиши эҳтимоли паст, чунки Россияда даромад солиғи ҳали ҳам Европадаги энг паст кўрсаткичлардан биридир.
Шу билан бирга, янги солиқ ставкасининг иқтисодий самараси унчалик аҳамиятли бўлмайди, дейди Альфа-банк бош иқтисодчиси Наталия Орлова. Путиннинг айтишича, янги солиқ ставкаси бюджетга тахминан 60 миллиард рубль келтиради.
"Бу йиллик маънода унчалик катта миқдор эмас. Шунингдек, [Путин чиқишидаги] нутқида йўлларни қуриш учун ҳудудларга қўшимча равишда 100 миллион рубль берилиши ҳам айтилган. Яъни даромад солиғи ўсиши самараси йўлларга кетадиган маблағдан ҳам камроқ бўлади", деди эксперт Би-би-сига.
Молия вазирлиги қўшимча бюджет даромадлари 2021 йилда 60 миллиард рублни, 2022 йилда эса 64 миллиард рублни, 2023 йилда 68.5 миллиард рублни ташкил этиши кераклигини тахмин қилмоқда.
Аммо Би-би-си билан суҳбатда бўлган кам учрайдиган касаллиги бўлган болаларга ёрдам берадиган хайрия ташкилотлари раҳбарлари Путиннинг таклифини ижобий баҳоладилар.
"Ҳозиргача бизда аксарият болалар пул етишмаслиги сабабли ёрдам ололмайдилар. Кам учрайдиган касалликлар соҳасидаги тиббиёт жуда кам маблағ билан таъминланган. Кўп йиллар давомида қилган ишимизга қарамай, биз шунчаки барча эҳтиёжларимизни қоплай олмаяпмиз. Жуда қиммат янги дорилар пайдо бўлади ва сиз даҳшатли қарорларни қабул қилишингиз керак: кимга ёрдам бериш керак ва кимга керак эмас", дейди "Подари жизнь" жамғармаси директори Екатерина Шергова.
"Бюджетга тушадиган маблағ ушбу мақсадлар учун махсус ишлатилади", деди чоршанба куни Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















