Адолатли президент керак - ўзбеклар ва дунё, Qirg‘iziston, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

    • Author, Шоҳруҳ Соипов,
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Ўзбеклар ва дунё: Адолатли президент керак - Қирғизистонда муддатидан илгари чақирилаётган президент сайловида иккинчи рекорд сондаги номзод беллашмоқчи. Олти миллионли Қирғизистондаги ўзбеклар сони расман бир миллиондан ортади.

Давлат раҳбари бўлиш иштиёқини билдириб ариза берганларнинг 55 нафари эркак, саккизтаси эса, аёллардир. Бу сондаги кўпчилик номзодлар Қирғизистон тарихида иккинчи бор қайд этилган.

2021 йилнинг 10 январига белгиланган президентлик сайловида қатнашиш учун жами 63 киши ариза ҳужжатларини топширган.

Марказий Cайлов комиссияси президентликка номзодларнинг ҳужжатларини текширишни бошлаган.

Текширув Давлат рўйхатга олиш хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан биргаликда олиб борилмоқда.

Бу сафар муддатидан олдин ўтказиладиган президент сайловлари муносабати билан ҳужжатлар саккиз кун ичида текширилади.

Bishkek

Сурат манбаси, courtesy

Номзодлар орасида собиқ депутатлар, вазирлар, ишбилармонлар, ўқитувчилар, ҳажвчилар, ишсизлар ва ҳаттоки ўзини "пайғамбар", деб атаганлар ҳам бор.

Тахлилчилар буни сайлов тизимининг афзаллиги дея таърифлаб, номзодларни рўйхатдан ўтказиш оддий ҳол эканини айтишмоқда.

Марказий Cайлов комиссияси 2017 йилги президентлик сайловларида қатнашган 59 номзоддан атиги ўн учтасини рўйхатдан ўтказган. Бу сафар ҳам ўнга яқин номзод қатнашиши кутилмоқда.

Аксарият маҳаллий кузатувчилар эътирофида Қирғизистондаги президент сайлови кампанияси бепул сиёсий пиар ва "биринчи рақамли номзод" билан савдолашишнинг воситаси эканлиги айтилади.

Sadir Japarov

Сурат манбаси, Gov.kg

Конституцияга мувофиқ, президентликка Қирғизистонда 15 йилдан буён доимий яшаган 35 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар номзодлигини кўрсата олади. Агар аввал судланган бўлса, уни бекор қилдириши керак.

Президентликка номзодларнинг бир қисми суд жараёнларида иштирок этаётгани маълум, уларга нисбатан ҳали жараёнлар тугалланмаган.

Тергов остидаги Миллий Xавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Абдил Сегизбаев ва Жўғўрқу Кенгашнинг собиқ депутати Равшан Жеенбеков ҳам президентлик сайловларида қатнашиш учун ариза топширган.

Сайловнинг расмий натижалари эълон қилинмагунича номзод ҳибсга олиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Ушбу сайловда қатнашиш ниятини билдирган ишбилармонлар ҳам кўпчиликни ташқил қилади.

Адолатли президент керак

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Қирғизистоннинг янги президенти, ундан одамларнинг умидлари ҳақида ўшликларфикрини сўрадик:

Мунисхон Юсупбаева, уй бекаси

Президентликка номзодлар рўйxати билан ҳали танишганим йўқ. Қирғизистоннинг бўлажак президенти адолатли бўлиб, халққа хизмат қиладиган бўлиши керак. Бунгача бўлган президентлар фақат ўзини ўйлашди, ҳеч қайсиси халқни ўйламади.

Қирғизистон табиий бойликлари кўп давлат. Аслида аҳоли яхши яшаши керак. Давлат раҳбарлари бойликларни бошқа давлатларга сотиб, ўзимизга эса ҳеч нарса қолмади.

Бунгача давлатни бошқарган одамлар яхши ишлашмади, ҳеч нарсани эплай олишмади. Ваҳоланки, уларда барча имкониятлар бўлган.

Улар бундан кейин ҳам яна давлатни бошқариб, бирон нарсани қойиллатади, деб ўйламайман.

Амбициозный ёшлар келиб, давлатни бошқарса яхши бўлади. Уларда энергия бор, дунёқарашлари ҳам кенгроқ. Эскилар яна қариндош-уруғини йиғиб олмасдан, ёшлар раҳбар бўлса, давлатимиз ривожланса керак.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Ҳикматилло Носиров, таксичи

Президентликка номзодлардан Садир Жапаров ва Адахан Мадумаровдан бошқа деярли ҳеч қайси бирини танимайман. Иккаласининг ҳам ўзига яраша ижобий ва салбий тарафлари бор. Адахан Мадумаровга нисбатан Садир Жапаровнинг келажаги борга ўхшаяпти. У октябрдаги нотинч вазиятни барқарорлаштира олди. Ораторлик қобилияти кучли инсон экан.

Садир Жапаров президент бўлса, давлат ўта ривожланиб кетмаса ҳам, жуда ёмонлашиб ҳам кетмайди, деб ўйлайман. Ўртамиёна иш олиб борса керак.

Бўлажак президент энг аввало давлатда тинчликни кафолатлаши керак. Ҳар беш йилда қайта-қайта қўзғолонга йўл бермасдан, халқ дардини эшитадиган, уни яхши яшаши учун шароит яратиб, ўз ишини пухта бажарадиган бўлиши керак.

Давлатдаги нарх-наволарни назорат қилиб, барчага бирдек имконият яратиб бериши, одамларни ўз юртида яхши ҳақ тўлайдиган иш билан таъминлаши зарур.

Шунингдек, илм, билим соҳасига эътиборни кучайтириши керак.

Давлатда порахўрликни йўқотиш учун одамларга эҳтиёжини қондирадиган ҳақ тўланиши керак.

Энг аввало милиция ва тиббиёт ходимларининг маошларини ошириш керак. Асосий порахўрлик шу икки соҳада. Улар тўқ бўлса, кейин порахўрлик озайиши мумкин.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Дилмурод Турғунбоев, ошпаз

Президентликка номзодлар рўйxатини кўрмадим, қизиқмадим ҳам.

Бўлажак давлат раҳбарлари порахўр бўлмаслиги керак.

Тарихда Туркиянинг бир президенти жамоат транспортида ишига бориб келиб, хотини фаррош бўлиб ишлаган.

Бизда ҳам шундай президент бўлса, кейин давлат ривожланади.

Давлатга ташқаридан келган пулларни чўнтагига солиб, еб кетишиб, энди эса миллардлаб қарзни тўлаш учун одамлардан пул йиғамиз, деб ваҳимага солаяпти.

Президент бўлиш учун осмондаги ойни олиб бериш каби ваъдаларни беришади. Лавозимга ўтиргандан кейин эса, фақат ўзини, оиласини ўйлаб юришибди.

Бизда ўзгариш бўлмайди, қачонки ҳар бир одам нафсини тийиб, виждони тоза бўлмагунча. Амал теккунча ҳар нарсага тайёр, ундан кейин эса сиз билан иши йўқ.

Минг одамдан битта тоза одам чиқиб қолиши мумкин. Уни ҳам атрофидагилар пул билан айнитишади.

Охиратини ўйлаб, Аллоҳ олдида жавоб беришни ўйлайдиган инсон президент бўлиши керак.

Демократия нишонаси...

Абдумомун Мамараимов

Сурат манбаси, courtesy

Давлат раҳбарлигига номзодларнинг кўрсатилиши, давлатдаги сайловолди сиёсий жараён ва бўлажак президент ҳақида бишкеклик тахлилчи Абдумомун Мамараимов фикрларини сўрадик:

Абдумомун Мамараимов: Биринчидан, 63 та одам президентликка номзодини қўйиши мен учун кутилган ҳолат. Бундан ҳайрон бўлганим йўқ. Бизнинг жамиятда ҳокимиятга, юқори мансабда амалдор бўлишга қизиқиш кучли.

Иккинчидан, одамлар ҳокимиятдагилардан жуда зерикишди. Ҳар бир одам жамиятдаги бор муаммоларни ўзи шахсан ҳал қилишга интила бошлади. Менинг қўлимдан келади, деган ишонч пайдо бўлиб қолаяпти.

Сабаби, ҳокимият ҳақиқатан ўзининг заифлигини, ишни яхши билмаслигини, вақти келганда, очкўзлигини кўрсатиб қўяпти.

Одамлар ҳокимиятга бўлган ишончини йўқотди. Шунинг учун, ҳар бир одам ўзича, мен ҳал қила оламан, деган нарсани кўрсатмоқчи бўлаяпти деб ўйлайман.

Яна бир тарафи, жамиятда ҳокимиятга бўлган муносабат ўта саёз. Одамларнинг кўпчилиги, шу ҳокимиятга келсам, креслога ўтирсам, ишлаб кетавераман деган фикрда юради. Бунинг сабаби, жамиятнинг ўта сиёсатлашиб кетганлиги.

Учинчи сабаби, бу ерда сиёсий технологияларнинг ҳам ўз ўрни бор. Номзодлар орасида ҳақиқий президентликка муносиб одамлар ўз рақибларининг сайловдаги овозини бўлиб ташлаш, овозини камайтириш мақсадида, бошқа одамларни ҳам сайловда номзод қилиб қатнаштиришади. Ва шу орқали ўзлари етарли овоз тўплай олмаса ҳам, рақибининг овозини камайтиришга ҳаракат қилишади. Бундан ташқари яна бошқа сабаблари ҳам бор.

Савол:63та одамнинг президентликка номзодини қўйиши нимадан далолат?

Абдумомун Мамараимов: Юқорида айтганимдек, ҳокимиятга бўлган муносабат жиддий эмас, саёз савияда.

Совет даврида ҳар бир кухарка давлатни бошқаришга ҳақли, бошқариб кетади, деган қараш бўлганидек, ҳозир ҳам шундай бўлиб қолаяпти.

Лекин, афсуски, бу яхши нарса эмас. Ҳокимият обрўсини тушираяпти. Президентлик сайловининг нуфузини пасайтираяпти.

Жаҳон ҳамжамияти, қўшни давлатлар олдида кулги бўлаяпмиз.

Бироқ, шунга қарамасдан, демократия экан-да, қонунларимиз шунга имкон бераяпти. Бу нарса демократик тамойиллар асоси бўлаяпти.

Бир тарафдан яхши. Бу нарса жамиятимизнинг тобора маърифатлашиб, сиёсий, ижтимоий онгини юксалиб бориши билан йўқолиб боради, деб ўйлайман.

Аммо ҳозирча мавжуд омилнинг борлигига иқрор бўлиб яшашдан бошқа иложимиз йўқ.

Савол: Бу галги президентликка номзодлар ҳақида фикрларингиз?

Абдумомун Мамараимов: Номзодлар орасида қалбим жиз этган одам йўқ. Лекин ҳозирги вазиятда, амалий тарафдан олиб қарайдиган бўлсак, президентликка сиёсий кураш асосий номозодлар Садир Жапаров билан Адахан Мадумаров ўртасида бўлади, деб ўйлайман.

Сабаби, бир-бирига қарама-қарши бўлган сиёсий кучлар ҳам шу икки одам атрофида тўпланиши мумкин.

Бошқа номзодлар тўғрисида ҳам маълумотлар айтиш мумкин, лекин мен қандайдир тахмин қилишдан йироқман. Сабаби, улар ўз сиёсий умрларини яшаб бўлган одамлар. Мен шундай фикрдаман.

Яна баъзи инсонлар жиноий ёки сиёсий, балки виждон олдидаги жавобгарликдан қутилиш йўли сифатида ҳам шу сиёсий жараёнда қатнашаяптилар.

Савол: Сиз асосийлари, деб тилга олиб ўтган икки номзоддан қай бирининг президентликка келиши эҳтимоли катта?

Абдумомун Мамараимов: Мен аввалдан тахмин қилмаган бўлардим. Ҳозир Қирғизистонда сиёсий тахмин қилиш нотўғри. Келажакда нима бўлишини айтиш қийин.

Масалан, Садир Жапаровни ҳокимиятга келиб қолиши нафақат мен учун, балки кўпчилик учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлди. Лекин дефакто.

Шу сабабдан, сайловда қандай ҳолатолатлар бўлиб кетишини ҳозир айтиш қийин.

Савол:Президентлик сайловида шимол-жануб масаласи яна ўртага чиқармикан?

Абдумомун Мамараимов: Албатта, республиканинг сиёсий ҳаётида шимол-жануб масаласи мавжуд. Буни ёзилмаган қонун деса ҳам бўлади.

Лекин мен буни кўпроқ сиёсий номенклатура вазият талаби, деб айтган бўлардим.

Сабаби, бизда шу икки минтақа орасида ўзаро рақобат, бўлиниш деган нарса бор.

Шунинг учун, ҳар қандай сиёсатчи ҳокимиятга келишдан аввал мана шу омилни ҳисобга олмасдан иложи йўқ.

Агар, амалиётга қаралса, президентликка бораётган одам сўзсиз ким биландир тандем тузиб, республиканинг иккинчи минтақасидан бўлган одамни Бош вазирликка тайинлайди.

Президентларнинг навбат билан жануб ва шимолдан бўлаётгани яхши кўриниш, давлат бирлиги учун икки минтақа ўртасидаги манфаат ва муносабатларнинг мувозанатини сақлаб туради.

Савол:Давлатда люстрация масаласи, бошқарув тизимларига ёшларни жалб этиш лозимлиги ҳақида ҳозир кўп гапирилмоқда. Шунга муносиб, давлатни ривожлантира оладиган ёш номзодлар борми?

Абдумомун Мамараимов:Албатта, ҳар қандай давлатда бўлгани каби, бизда ҳам президентликка лойиқ ёшлар бор.

Фақат гап ана шу салоҳиятли ёшларнинг ҳокимиятга келиб, сиёсий жараёнларда иштирок этишга қизиқиши, манфаатдорлиги қай даражада? Мана шу бир масала.

Ҳозир сиёсатга келаётган ёшларнинг кўпчилигининг лозим даражада уқуви, билими, савияси йўқ. Шу ёшлар ҳокимиятни, юқори лавозимларни эгаллашга ҳаракат қилишаяпти.

Бунга октябрь ойида, ҳокимият алмашинуви пайтида Бишкек мэриясида кадрларни тайинланиши яққол мисол. Бу албатта яхши кўриниш эмас.

Шу нарсаларни кўриб турган, ҳақиқий билимли, xорижда ўқиб келган, давлат тузилиши, бошқаруви, сиёсатни яхши тушунган ёшларимиз четда ўзларини тийиб, кузатиб туришибди.

Савол:Бўлажак президентдавлатни ривожлантириш учун қандай ишларни амалга ошириши керак?

Абдумомун Мамараимов: Бизда порахўрлик ҳақида гапириш мода бўлиб қолган. Унга қарши курашиш учун давлат бошқаруви яхши бўлиши керак. Асосий нарса шу.

Давлатни бошқаришга салоҳияти етадиган, билими одамларни сайлаш керак.

Таниш-билиш, партиядош, қариндош-уруғчиликчилик, деган нарсалардан воз кечиш керак.

Асосий ишни бажарувчи, ижрочи тизимга одамларни танлов билан ишга олиш керак, эски кадрлардан тўлиқ тозалаш лозим.

Қирғизистоннинг халқаро миқёсдаги ўрнини кўра биладиган, кенг фикрлайдиган одамларни олиб келиш керак.

Шу кадрлар масаласи яхши ҳал қилинса, аслида Kонституцияни ўзгартириш, ҳокимиятдаги ваколатларни бўлишиш, деган нарсага ҳожат қолмайди.

Бош қомусимиз аввал ҳам яхши эди, ҳозир ҳам ёмон эмас. Фақат гап шу мавжуд конституция ва қонунларни қай даражада бажариб, ижро этишда қолаяпти. Шу ижрочилик масаласини тўғри йўлга қўйиб олиш керак, деб ўйлайман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek