Гўшт нега қимматлади? Ўзбекистон ва Марказий Осиё - Mirziyoyev, O'zbekiston, Qozog'iston, Qirg'iziston, dunyo, yangiliklar

Go'sht
    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Гўшт нега қимматлади? - Ўзбекистон ортидан Қирғизистонда ҳам худди шу савол кун тартибига чиқди. Ҳаммасига Қозоғистон сабабчими?

Қирғизистон Монополияга қарши тартибга солиш давлат агентлигига кўра, республикада гўшт нархининг кўтарилиши Қозоғистон томонидан чорва моллари экспортига қўйилган чекловлар билан боғлиқ.

Идоранинг таъкидлашича, тақиққа Қозоғистондан Ўзбекистонга мол етказиб беришда «портловчи ўсиш» бўлгани сабабдир. Ўтган йил давомида бу кўрсаткич 4 бараварга кўпайиб, 2018 йилдаги 39 минг бошдан 2019 йилда 156 минг бошгача ўсган.

«Бу Қозоғистонда гўшт нархининг сезиларли даражада кўтарилишининг омилларидан бири бўлган. Нима учун Ўзбекистон? Ўзбекистонда чорвачиликни тиклаш дастури қабул қилинган. Унга мувофиқ, фермерлар ҳайвонларни сотиб олиш учун арзон кредит олади, бу уларга семириш даражасига қараб қозоғистонлик қорамолга 1 кг тирик вазн учун 800 дан 950 тангагача таклиф қилиш имконини беради. Қозоғистон гўштни қайта ишлаш заводлари 100 тангага арзон таклиф қилди», дейилади расмий маълумотда.

Қирғизистон департаменти мораторийнинг яна бир сабаби, Қозоғистоннинг хомашё эмас, балки тайёр қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилиш эканини таъкидлайди.

«Қозоғистон томонидан жорий этилган тақиқ ортидан Қирғизистондаги қорамоллар Ўзбекистон ва Тожикистон тарафидан оммавий равишда сотиб олинадиган бўлди. Бундан ташқари, кўплаб сотувчилар вазиятдан фойдаланиб, нархларни оширдилар», дея шикоят қилинади монополияга қарши агентлиги баёнотида.

Расмий рақамларга кўра, жорий йилнинг январ ойида қўй гўшти ўртача $3,6 доллардан сотилган бўлса, ноябрь ойида эса $4,6 долларга кўтарилиб, 11 ойлик кўрсаткич 27,7 фоизни ташкил этган. Йил бошида $3,9 доллардан сотилган мол гўштлари эса, ноябрда $4,8 долларга кўтарилиб, ўсиш 23,8 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистон тарафи

Tandir go'sht

Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда ҳам гўшт нархининг ошиши кузатилган.

Республиканинг Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш вазирлиги, Қирғизистон расмийлари каби, буни Қозоғистон томонидан жорий қилинган чорва молларини экспорт қилишга қўйилган мораторий ҳамда озуқа нархларининг кўтарилиши билан изоҳлаган.

Расмий маълумотга кўра, жорий йилда хориждан қорамол импорти 3,2 баравар, қўй ва эчки импорти эса 8,8 баравар камайган.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон хориждан $50,1 миллион долларга 34 минг 488 бош қорамол сотиб олган.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,2 баравар (ёки 76 минг 789 бошга) камдир. Ўтган йилнинг 9 ойи ичида четдан $92 миллион долларлик қорамол импорт қилинган.

Хабарларга кўра, Қозоғистон киритган чеклов оқибатида ўзбекистонликлар қорамолни Қирғизистондан кўпроқ сотиб ола бошлаганлар.

Ўтган йилнинг январь-сентябрь ойларида бу мамлакатдан 608 бош қорамол, 4594 қўй-эчки сотиб олинган. Бу йилнинг 9 ойи ичида эса 5870 бош қорамол ва 24834 қўй-эчки қўшни давлатдан олиб келинган.

Бу йил сотиб олинган бир бош қорамолнинг ўртача нархи $809 долларни ташкил қилган. Ўтган йили эса ўртача $788 долларга тўғри келган.

Ўзбекистонга Қирғизистондан ташқари Тожикистон, Афғонистон, Россия ва Испаниядан ҳам қўй-эчкилар олиб келинган.

Бугунги кунда, Тошкентда бир кило мол гўшти $6 доллар атрофида, қўш гўшти эса $6,5 доллар сотилмоқда.

Кундан кунга қимматлаяпти

O'zbekiston

Қирғизистондан Ўзбекистонга қорамол ва қўйлар экспорти ортидан, республикада ҳам гўшт нархи ошиб кетган.

Мамлакат ҳудудидан қўшни давлатга қанча ҳайвон юборилаётганига доир расмий аниқ рақамлар имконли эмас.

Республикада гўшт нархининг кўтарилиши важидан, вақти-вақти билан, қўшни давлатга қорамол экспортини чеклаш ташаббуслари айтилиб келинади.

Ўртача ойлик иш ҳаққи $200 долларни ташкил қилган Қирғизистон аҳолисининг учдан бири қашшоқликда яшайди.

Гўшт нархининг кўтарилиши уларнинг кундалик ҳаётига қанчалик таъсир қилган ва қилмоқда? Биз бу савол билан ўшликларга мурожаат қилдик:

Соғинбой оға, пенсионер

Оилам катта бўлгани сабаб, бир ойда ўн килога яқин гўшт олиб еймиз. Бироқ нархи жуда қиммат. Пенсиямиз етмаяпти. Қирғизистон бўйича гўшт Ўш ва Ўзганда энг арзон бўлиши керак эди, аммо бу ерларда ҳам нархлар осмонда.

Гўштларнинг қимматлашишига ҳайвонларнинг қўшни давлатларга олиб кетилаётгани сабаб, деб ўйлайман. Азалдан Қирғизистонда қўй ва моллар етарли бўлган. Бироқ бугунги кунда гўшт нархи жуда қиммат бўлаяпти, чўнтакка тўғри келмаяпти.

Ҳукумат нархларни назорат қилиши керак. Кундалик истъемол қилинувчи нон, гўшт маҳсулотларини арзон нархда ушлаб туриши керак.

Зайнабхон опа, уй бекаси

Гўшт қиммат. Ҳар кимнинг ҳам сотиб олиб ейишга қурби етмайди. Айниқса бугунги кундаги иқтисодий инқироз пайтида. Пули борлар хоҳлаганча гўшт олиб ейишар, лекин камбағаллар-чи?

Аллоҳга шукр, биз етарлича гўшт еймиз, ўртача ҳафтасига бир килодан. Орада товуқ гўшти ҳам истеъмол қилиб турамиз. Ҳар хил вазият бўлади.

Қодиржон Турғунбоев, ошпаз

Биз кафемизда асосан шашлик ва сомса қилиб сотамиз. Ҳар куни йигирма килогача лаҳм, суяксиз гўшт ишлатамиз. Гўшт нархлари кўтарилаяпти. Суякли гўштни 440 сoмдан, лаҳмини эса, 550 сoмдан оламиз. Ўн кунда бир 10 сoмгача ошаяпти. Лекин биз унга яраша сомса ва шашлигимиз баҳосини ошира олмаяпмиз.

Авваллари етмиш сoмдан сотган шашлигимиз нархини орада сал кўтариб, ҳозир юз сoмдан сотаяпмиз. Агар яна гўшт нархи ошса, энди нима қиламиз, билмайман. Ундан кейин тўғри ҳам келмай қолади. Ҳозир зўрға эплаяпмиз.

Сомсаларимизнинг нархи ҳам 10-15 сoмдан ошди. Эллик сoмлик сомсалар 65дан сотилаяпти.

Шавкат ака, қассоб

Ўзбекистонга ҳайвонларни кўп олиб кетаётгани сабаб, бизда озайиб кетди. Масалан, 50та буқаси бор фермер маҳаллий қассобларга арзон сўйиб бермасдан, Ўзбекистонга қиммат сотаяпти. Натижада маҳаллий қассоблар гўштсиз қолаяпти.

Зўрға топиб, сўйиб келаяпмиз. Бозорларда ҳайвон қиммат. Ҳеч қайси бир идора нархни назорат қилмаяпти. Гўшт 500 сoм бўлса ҳам, бизга 480 сoмдан сўйиб беради. Нархни биз оширмаймиз. 20 сoмлик фойдамиздан солиқ тўлаймиз, ижара, ойлик, бошқа xаражатларимиз ҳам бор. Сувни бошини қараш керак.

Мен 450 сoм сотаётган гўштни биров 400 сoмдан бермаяпти, 50 сoм ўз манфаатимни кўзлаб сотгани. Бугун ҳайвоннинг бир кило гўшти 425 сoмдан сўйилди. Гўшт қуриши ҳисобига вазни озаяди. Шунга ҳам беш сoмдан чиқарсак, бизга бир кило гўшт 430 сoмга тушади. Шу гўштни сотиб, фойдасини чиқарамиз ёки йўқ.

Гўшт ҳар куни беш сoмдан қимматлаяпти. Нархни ошиши бизга боғлиқ эмас. Бизга гўшт 350 сoм бўлиб қолгани яхши. Халқ кўпроқ гўшт истеъмол қилади. Қўй гўшти мол гўштига нисбатан ўн сoмга қиммат сотилаяпти. Ҳар куни 40-70 кило гўшт сотаман.

Ҳукумат ҳам ўзи билан ўзи овора бўлиб, нархларни назорат қилмаяпти. Бозордан ҳайвон сотиб олиб, сўйиб сотсак, бир кило гўшт 470-500 сoмдан тушади. Бу жуда зиён. Танишлар, ферма ва маҳаллалардан сўраб, суриштириб, ҳайвони борлардан сотиб олиб келиб сўйиб, сотаяпмиз. Бугунги кунда бир донадан ҳайвон топсак ҳам Худога шукр деяпмиз. Кеча кечки пайт буқа топа олмадик. Таниш одам топиб беради. Агар ҳайвон топа олмасак, дўконимизни беркитиб қўйишимизга тўғри келади.

Қирғизистонимизда ҳайвонлар етарли, арзон бўлиши керак. Гўшт нархининг ошишига ҳайвонлар озуқасининг қимматлаши ҳам сабаб бўлаяпти. Кепак 17 сoмдан сотилаяпти. Авваллари ўн сoмгача сотилган. Чўп эса 250 сoм. Ўн сoмдан олиб юрганимиз бир боғ поя 25 сoм бўлиб кетди.

Эркин Абдуразақов, иқтисодчи, таҳлил

Tahlilchi

Гўшт нарxи икки ойдан бери ошиб кетди. Авваллари қўй ва мол гўшти 360 сoм атрофида сотилса, ҳозир эса 450 сoмдан сотишаяпти. Маълум муддат, шаҳар расмийлари кўмаги ёрдамида, нарх 430 сoмга туширилди, бироқ яна ошаяпти. Бу сурункали кўриниш бўлиб қолди.

Гўшт нархларининг ошишига ҳайвонларнинг Қозоғистон ёки Ўзбекистонга кетаётгани сабаб, деб ўйламайман. Доллар кўтарилганини ҳам айтишаяпти. Улар асосий омил эмас. Ўртада олиб сотарлар кўпайиб кетди. Ўзимизда мол етиштириб берувчилар бўлмаяпти. Қишлоқ xўжалиги вазирлиги, иқтисод вазирлиги, монополияга қарши комитет, ҳукуматнинг умумий таркиби сиёсат билан шуғулланиб, халқни умуман унутиб қўйишди. Озиқ-овқат xавфсизлигига эътибор беришмаяпти.

Ўзимизнинг тоғлар, яйловларда юрган ҳайвонлар кузда арзон бўлиши керак. Биз қишлоқ xўжалиги билан ривожланиб келаётган давлатмиз. Етмиш фоиздан ортиқ аҳолимиз қишлоқ ҳудудларида яшайди.

Нафақат гўшт, балки картошка, сабзи каби полиз экинлари ҳам қимматлаб кетди. Сарёғ, пахта ёғларини Россия ва Қозоғистондан олиб келамиз. Улар нархларининг қимматлашишига бирон нарса дейиш қийин. Бизга олиб келаётганда солиқ тўлайди. Солиқ ҳам давлатнинг қўлида. Xалқ манфаатини ўйлаб, озиқ-овқат xавфсизлиги учун солиқни вақтинчалик бекор қилиб турса яхши бўларди.

Ҳайвонларни қонуний эскпорт қилиб, давлатга фойда олиб келинадиган бўлса, яхши бўларди. Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонга ҳайвонлар контрабанда орқали олиб кетилаётгани ҳоллари ҳам борлиги айтилади. Уни тўхтатиш учун чегара, божхона, махсус хизматлар ишлаши керак.

Бизнинг давлатда халқни ўйлайдиган ҳукумат йўқ. Шунинг учун хаoс бўлаяпти. Нархларни назорат қила олмаган ҳукуматга халқнинг ҳам ишончи йўқолади. Ойликни кўтармаяпти, нархни назорат қилмаяпти, нафақа пули эса оз. МДҲ давлатлари орасида энг кам ойлик, имтиёз ва нафақа пуллари айнан Қирғизистон ҳисобига тўғри келади. Шундай пайтда, инфляцияни ҳисобга олмай, ташқи қарзлар кўпаяётган бир манзарада сайлов билангина машғул бўлиб, халқ тақдирини ўйлаётган ҳеч ким йўқ.

Яна бир муаммо, кўмир масаласи. Ўзимиздан қазиб олинадин кўмир билан аҳолини тўлиқ таъминласа бўлади. Республиканинг шимолий вилоятларида "Қора кеча" кўмирининг бир килоси уч ярим, тўрт сoмгача сотиларди. Ўшдаги Олай кўмири беш сoмдан арзонлаганини кўрмаганман. Ҳозир эса олти, олти ярим сўмдан сотишаяпти.

Турмуш тарзимизга таъсир қилувчи барча озиқ-овқат маҳсулотлари, ўзимизда етиштирилган нарсаларни ҳам қимматга сотиб, Қозоғистондан келган кўмир эса арзон бўлаяпти. Демак, Қирғизистонимизда халқни ўйлайдиган ҳукумат йўқ.

Нархларни арзонлаштиришнинг биргина йўли бор. Давлатда тартиб бўлиши керак. Бозор иқтисодиётига ўтдик, деб юрибмиз. Халқ Kовид билан оғриб, қийналаяпти. Ҳукумат дори-дармон нархини назорат қилиб, арзонлатгани каби, чегаралардан ўтаётган ноқонуний молларни тўхтатиб, экспортга кетаётган нарсаларни давлатлараро шартномалар асосида амалга ошириши керак. Давлат ичида спекуляция қилаётганларни жазолаш лозим.

Бугунги оғир аҳволда давлат халққа ёрдам бериши керак. Эртанги сайлов пайтида яна халққа келишади. Давлат расмийларини иккиюзламачилиги кўриниб турибди. Сайлов пайтида бирни айтади, ҳақиқий ҳаётда эса аксинча. Ёппасига сайловда қатнашгандан кўра, ҳозирги қийин аҳволда ёрдам берса яхши бўлади. Ковиддан қийналаётган халқ аҳволи ночорлаяпти. Шундай пайтда бизга ёрдам бермаётган элитанинг бизга кераги йўқ. Ҳатто, элита эмас лоқайдлар, бепарволарнинг армияси ривожланиб бораяпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek