Фарғона водийсида кучаяётган зилзилалар ниманинг далолати? Ўзбекистон ва Қирғизистон, Turkiya, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar

Farg'ona

Сурат манбаси, official

    • Author, Шоҳруҳ Соипов,
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Фарғона водийсида кучаяётган зилзилалар ниманинг далолати? Куни-кеча Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Қадамжой туманида юз берган зилзила кучи 6 баллга етди.

Унинг таъсири яна Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида жойлашган қатор вилоятлари ва ҳатто пойтахт Тошкент қадар сезилди.

Бу - водийда сўнгги ойларда тез-тез юз бераётган зилзилалар орасида энг кучлиси бўлади.

Уларнинг аксарияти эса, айнан Қирғизистон ҳисобига тўғри келади.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг биргина октябрь ойида Қирғизистоннинг ўзида кузатилган ер силкинишлари сони қарийб йигирмага етган.

ЕвроОсиё ва Ҳиндистон плиталари кесишувида жойлашган Қирғизистон ҳудудида энг юқори - 9 баллик зилзила бўлишига оид тахминлар ҳам йўқ эмас.

Кеча, 10 ноябрь куни қўшни Тожикистонда ҳам ер силкиниши қайд этилган.

5.2 баллик бу зилзила кучи ҳам Ўзбекистоннинг водийда жойлашганлари илова яна қатор вилоятларида сезилган. Пойтахт Тошкент ҳам бир четда қолмаган.

Фарғона водийсида кузатилаётган бу каби сейсмик фаоллик кучли ер силкинишининг далолати бўлиши мумкинми?

Биз худди ана шундай савол билан Қирғизистон Миллий Фанлар Академияси қошидаги Сейсмология институти мутахассиси Муратали Қамчибековга мурожаат қилдик:

Муратали Қамчибеков

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Мутахассис Муратали Қамчибеков

Муратали Қамчибеков: "Қирғизистон сейсмологик жиҳатдан хавфли худуд ҳисобланади. Республикада ер силкиниши бўлмаган жойнинг ўзи йўқ.

Глобал миқёсда ер қимирлашининг сабабларини олиб қарайдиган бўлсак, тектоника плитаси, деган нарса бор, яъни ер қаватлари. Улар ҳар доим ҳаракатланиб, жилиб туради.

Ер шарининг ядроси атрофидаги мантиядан кейин, қаттиқ ер қаватлари бўлади. Ядрода иссиклик ҳарорати +6 минг градус. Сув 100 градусда қайнайди. Бир идишдаги сув совуқлигида қандай сокин холатда турса, қайнаётганда эса шунчалик харакатланиб туради. Худди шунга ўхшаб, Ер шарининг ярдосидаги 6 минг градусли иссиқлик ҳам зилзилалар бўлишига сабаб бўлади.

Қирғизистон ЕвроОсиё плитасида жойлашган. Бу плита ҳар йили жануб тарафга 1 сантиметр, Ҳиндистон плитаси эса шимолга 1 сантиметр жилиб туради.

Иккаласининг кесишув жойида - ЕвроОсиё плитасида Қирғизистон, Ҳиндистон плитасида эса, Помир тоғлари жойлашган. Иккаласи бир-бирига нисбатан ҳаракатланганида, бизда ҳар доим ҳар ер силкинишлари юз бериб туради.

Фарғона водийси

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Фарғона водийси

Савол: Қирғизистонда бир йилда нечта зилзила қайд этилади ва энг кучлиси неча балл бўлади?

Муратали Қамчибеков: Республикада ҳар йили мингдан ортиқ турли даражадаги ер силкинишлари бўлиб туради.

Кучли баллдаги ер қимирлашлари саноқли. Ўшалар ортидан уйларга зарар етади.

Қирғизистонда ўртача ўттиз йилда бир қаттиқ, мамлакат ҳудуди бўйича олганда 9 балли ер силкиниши юз бериши мумкин. Бир нуқтада эмас.

Агар бизда ер силкинса, жисмоний тебраниши орқали амортизация бўлади. Шунинг учун, ўтган сафар Қадамжойда бўлган зилзила Бишкекда сезилмади.

Савол:Шундай экан, зилзила кучини аниқловчи ускуналар етарлими?

Муратали Қамчибеков: Республика ҳудудида илмий институтнинг сейсмология станциялари бор.

Ўшалар юз берган зилзилаларнинг баллари ва марказларини аниқлаб беради.

Мисол учун, Қадамжойда, Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда бўлган сўнгги ер қимирлаши кучини ҳам махсус ускунамиз ёрдамида 6 балл экани аниқланди.

Савол: Нима сабабдан охирги пайтларда Фарғона водийсида устма-уст зилзилалар кузатилмоқда?

Xarita

Сурат манбаси, courtesy

Муратали Қамчибеков: Ер силкинишлари бугун долзарб бўлгани йўқ. Бу нарса ҳар доим бўлиб келган. Илмий институт ҳар доим сейсмологик хавфли худудлар харитасини эълон қилиб туради. Бу картадан асосан қурувчилар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фойдаланади.

Савол: Қайси ҳудудларда зилзилалар бўлишини аниқловчи ускуналар борми? Сизлар аҳолини аввалдан огоҳлантира оласизларми?

Муратали Қамчибеков: Ер силкинишларини аввалдан айтиш, башорат қилиш жуда қийин. Бироқ қаерларда, тахминий қанча балли ер қимирлаши мумкинлиги ҳақидаги хариталарни берамиз. Шу асосида уйлар қурилади.

Дунё миқёсида олимлар зилзилаларни олдиндан сезувчи замонбоп ускуна, мосламалар устида ишлашаяпти. Унинг методлари кўп. Бироқ ернинг тузилишидан келиб чиққан ҳолда, аввалдан уни аниқ айтиш жуда қийин.

Олдиндан огоҳлантириш - ер силкиниши юз берган жойга яқин ҳудудларни огоҳ этиш дастури мавжуд.

Бу дастурни Япония яхши амалга оширади. У ер ҳам сейсмологик хавфли ҳудуд ҳисоблангани учун, соатига 400-500 километр юрадиган поездлари йўлига махсус ускуналар ўрнатган.

Бу ускуналар поезд кетаётган пайтда қаттиқ ер силкиниши юз берса, уни автоматик равишда тўхтатади.

Qirg'iziston

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Савол: Фарғона водийси ва Қирғизистон ҳудудида энг юқори неча балли зилзилар юз бериши мумкин?

Муратали Қамчибеков: Мен Қирғизистон мисолида айтсам, тўғрироқ бўлади.

Биз сейсмик хавфли худудлар харитасини тузганмиз.

Қирғизистон ҳудудида зилзилалар 8-9 балгача бўлиши мумкин, бироқ қачон эканлигини ҳеч ким айта олмайди.

Масалан 2011 йили Қадамжойнинг Кан қишлоғида 8 балли қаттиқ ер силкиниши юз берган.

Қаттиқ тупроқда солинган уйлар ер силкиниши оқибатида унчалик зиён кўрмайди. Юмшоқ тупроққа солинган уйлар эса, тез бузилади.

Худди шу боис, Қирғизистоннинг қайси ҳудудлари қандай тупроқлар экани тўғрисида ҳам хариталаримиз мавжуд.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek