Туркия зилзиласи: Ўнлаб бедарак кетганлар бор, Тошкент ҳозирча жим - Turkiya, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Туркия зилзиласи: Ўнлаб бедарак кетганлар бор, Тошкент ҳозирча жим - қақшатқич зилзила ўтган жума куни юз берган. Қидирув ишлари ҳануз давом этмоқда. Қурбонлар ва яраланганлар сони бир неча баробар ортган. Расмий Тошкент ҳалича янги баёнот билан чиқмаган.

Измирдаги ҳалокатли ер силкиниши қурбонлари сони ҳозирга келиб камида 83 кишига етган.

Шу пайтга қадар мингга яқин кишининг тан жароҳати олгани маълум бўлган.

Улардан 8 нафари ҳануз жонлантириш бўлимида қолаётгани айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 30 октябрь кунги зилзиладан саноқли соатлар ўтиб, расмий баёнот билан чиққан.

Вазирлик Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига таяниб, Тошкент вақти билан соат 19.30 ҳолатига кўра, ҳалок бўлган ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганини маълум қилган.

Аммо Анқара шаҳридаги элчихона ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Измир вилоятининг Тезкор штаби билан доимий алоқа ўрнатганини билдирган.

Вазирлик жароҳат олган ўзбекистонликлар тўғрисида маълумот аниқланганда, зарур ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилишни сўраб, телефон рақамини (тел.: +90 212-323-20-36/37) ҳам илова қилганди.

Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Айнан Измир пойтахт Анқара ва Истанбул билан бирга Туркиянинг катта сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш илинжида келаётган учта йирик шаҳридан биттаси бўлади.

Қидирув

Ҳалокатли ер силкинишига саҳна бўлган Измирда эса, учинчи кундирки, қидирув амалиётлари давом этмоқда.

Зилзила ортидан ҳали-ҳануз ўнлаб кишиларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Ҳозирча қурбонлардан аксарияти Туркиянинг, фақат иккитаси Грециянинг ҳисобига тўғри келиб турибди.

Худди ўша куни қақшатқич зилзила Грециянинг Соломон ороли шимолини ҳам ўз забтига олганди.

Расмий Анқара ҳалича қурбонларнинг шахсларига оид тўлиқ маълумотларни эълон қилмаган.

Қутқарувчилар кеча, якшанба куни ҳам 33 соат деганда вайроналар остидан 70 ёшли отахонни тирик олиб чиқишга муваффақ бўлишган.

Измирдаги қутқарув, қидирув ишларига минглаб ходим ва техника ташланган.

Бу сўнгги ўн йил ичида Туркияда юз берган энг ҳалокатли ер силкиниши экани айтилади.

Қурбонларнинг қачон ва қаерда дафн этилишлари тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Агар, 2019 йилги маълумотларга таянилса, ғарбий Измир аҳолиси сони 4 миллион кишидан ортади.

Сўнгги вазият

Масъулларнинг якшанба кунги маълумотларига таянилса, яраланган ва касалхонада бўлганларнинг аксариятига ҳозирга келиб жавоб берилган.

Зилзиладан омон қолганларга озиқ-овқат тарқатилган.

Уйлари буткул вайрон бўлган одамлар учун минглаб вақтинчалик чодирлар тикланган.

Туркия вице-президенти Фуат Октайга кўра, зилзиладан жиддий зиён кўрган 26та уй буткул бузиб, суриб ташланади.

Унинг журналистларга айтишича, одамларни "ер силкиниши эмас, бинолар ўлдиради".

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳукумати, "совуқ ва ёмғирли кунларга қолмай, Измирдаги биродарлари ва опа-сингиллари ярасига малҳам бўлиши"ни баён қилган.

Зилзила Туркия илова дунёнинг аксарият давлатларида глобал коронавирус пандемияси қайта кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Туркияда ҳозирга келиб жаъми коронавирус ҳоллари жаъми 380 мингга яқинлашган.

АҚШ Геология маркази ҳисоб-китобларига таянилса, Измирдаги ер силкиниши кучи 7.0 баллни ташкил этган.

Туркия томони эса, Измирда 6.6 баллик зилзила юз берган, демоқда.

Туркия дунёнинг энг сейсмик фаол ҳудудларидан бири бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek