Афғонистонда бир ҳафта: Ҳозир жон сақлаш осонми? - Бугунги вазият, Afg‘oniston, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Maroof Saeedi
- Author, Кавун Хамуш
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
Афғонистонда бир ҳафта: Ҳозир жон сақлаш осонми? - Ўзбекистон минтақанинг беқарор Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси саналади. Дунёнинг ўз вақтида энг йириги экани айтилган ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракати бошпана топган мамлакати бўлади.
Кавун Хамуш
Би-би-си Жаҳон хизмати
Ҳусайн Ҳайдарий хотинининг амакиваччаси Латиф Сарварийни топгунча уч соат кетди, бу вақтда у кўплаб жонсиз таналарни кўрди.
Латиф 20 ёш, мактабнинг юқори синфида ўқирди. У доктор бўлишни орзу қиларди. Аксар синфдошлари каби у ҳам университетга кириш имтиҳонларига тайёрланиш учун уч ой олдин Кобулга борган эди.
Латиф шанба куни оқшомда кунлик тўрт соатлик дарсидан сўнг Кавсари Дониш тайёрлов марказидан чиқди.
Бирoз ўтиб бутун кўчани чанг ва тутунга тўлдириб, 25 кишини ўлдирган худкушлик ҳужумида у ҳам ҳалок бўлди.
Латифнинг ота-онасига телефон орқали хабар беришнинг имкони йўқ эди, шу боис, Ҳусайн ўзи юзлаб километр жанубдаги Ғазна вилоятидаги чекка қишлоққа сафар қилишга тайёрланди.
"Латифнинг жасадини у ўз орзулари йўлида ташлаб келган қишлоғига қайтариб олиб бормоқчимиз, - дейди у. - Унинг отаси ва онаси қаршисига қандай қилиб ўғилларининг жасади билан борамиз?"
Душанба куни оила аъзолари воқеадан хабар топди.

Ўтган ҳафтада ҳар куни камида битта xунрезлик содир бўлди. Латифнинг ота-онаси зўравонликлардан мусибатда қолган оила аъзолардан иккитаси эди, холос. Зўравонликлар эса тинчлик музокараларига қарамай кучайиб бораётган кўринади.
Би-би-си Афғонистонда кечган ўтган ҳафтага - ўлганлар ва тирик қолганларга назар ташлади.
Якшанба, 18 октябрь
Розия, унинг опаси Марзия ва укаси Нойиб туғма соқов. Улар Ғор вилоятидаги махсус мактабга боради. Уларнинг бари одамлар билан ишора тилида гаплашади. Учовлон 18 октябрь, якшанба куни эндигина кундалик дарсларни бошлаган эди. Бино ташқарисида портловчи модда тўла машина портлаб кетганда, улар ўзларининг сокин дунёларида эдилар.
"Мен бутун ҳаётим давомида биринчи марта эшитганим товуш бўлди бу, - дейди 16 яшар Розия. - Даҳшатли эди. Менинг қулоқларим бирорта ҳам товушни эшитмайди. Бир қулоғимда жуда қудратли товушни эшитдим.
Камида 16 одам ўлди, 150дан ортиғи яраланди. Портлаш мактаб ва унга қўшни биноларни яксон қилди. Розия ва унинг укаси ва опаси бошқа 19 ўқувчи билан бирга синфхонада эди.
"Бир лаҳза ўлдим деб ўйладим, - дейди у. - Опам қимирлаётганди. Аммо укам ҳам ўлди деб ўйладим. Хайриятки иккиси ҳам тирик экан."
Марзия 18 ёшда, у ҳам портлашни эшитган. "Биринчи марта ниманидир эшитдим. У жуда баланд, даҳшатли товуш эди, юрагим ўйнаб кетди."

Сурат манбаси, Maroof Saeedi
Ҳужумдан бир ҳафта ўтса ҳам, Марзия ҳамон қўрқинчли тушлардан уйғониб кетади ва бева қолган онаси олдига боради. У уйдан кўчага чиқишга қўрқиб қолган.
Бу уч опа-ука омон қолган омадлилардан. Портлашдан ўлганларнинг кўпи ишчилар, айрим оилалар ўзларининг ягона таъминотчисидан айрилган. Улар мусибатлари устига очликка ҳам юз тутишди.
Душанба, 19 октябрь
Хостда портловчи модда юкланган мотоцикл тўй маросими ўтаётган жойга яқин ерда портлади, камида тўрт одамни ўлдириб, ўн нафарини яралади.
Ўрузгон вилоятида Толибон ҳужумида икки полициячи ўлди, тўрттаси яраланди.
Сешанба, 20 октябрь
Нимрўз вилоятида ҳарбий карвон кетаётганда мина портлатилди, беш аскар ўлиб, иккитаси ярадор бўлди. Туман полиция раҳбари ҳам ўлганлар орасида бор эди.
Унинг кичик ўғли Бенямин маҳаллий ТВда чиқиб, улғайгач Толибондан қасос олишини гапирди. "Буни Ашраф Ғани менинг дардимни эшитсин деб айтяпман," деди у Афғонистон президентига мурожаат қилар экан.
"Отам Ашраф Ғани учун ўлди ва у менинг азобларим ҳақида эшитиши керак."
Ўша куни кечқурун Кобулдан икки соатлик йўл - Вардак вилоятида йўл ёқасидаги бомба портлаб, бир неча фуқаровий машинани йўқ қилди, камида 11 киши ўлди.
Чоршанба, 21 октябрь
Чоршанба эрта тонгда Афғонистон шимоли шарқидаги Тохар вилоятида Толибон полициянинг базасига ҳужум қилди, 30дан ортиқ полиция махсус кучлари аъзолари ўлди.
Маҳаллий полиция бошлиғи полковник Абдуллоҳ Гард ҳужумда 25 ёшли ўғли Фаридни йўқотди. "У ўлмаган. Менинг ўғлим ҳамон тирик, - дейди полковник Гард Би-би-сига. - Биз уни унутмаймиз. Унинг юракларимиздаги ўрни бўш қолмайди."
Фарид отасининг изидан бораётган эди.
"Менинг ўғлим мендан илҳом олганди ва шунинг учун полицияга қўшилди, биз далада бўлганимизда у менга дўстдек эди, - дейди полковник Гард. - Аммо мен фақат унигина йўқотмадим. У билан бирга ҳалок бўлган баъзи жасур аскарлар менинг аскарларим эди. Уларнинг кўпини яхши билардим."

Сурат манбаси, Gard family
Чоршанба кечроқ, шом маҳали Толибон ҳужуми учун Афғон Ҳаво кучлари қирувчи учоқлари ўч олишга киришди. Улар айни шу вилоятдаги бир масжидга ҳужум қилдилар. Унга ёндош диний мактабда болалар Қуръон ёдлаётган эди.
12 бола ўлди, 18 таси муаллимлари Абдул Вали билан бирга жароҳат олди.
Маҳаллий касалхонада, ҳужум бўлган пайтда мактабда бўлган болалардан бирининг отаси Абдурраззоқ Би-би-сига гапирди.
"Болаларимдан бири ўлди, бу ерга жароҳатланганини олиб келдим. Жароҳат олганини сақлаб қолиш учун ўлганини ўша ерда қолдириб келдим."
Афғонистонда зўравонликлар у ёки бу шаклда авжига чиқяпти. Тўқнашувлар боис тинч фуқаролар ўз шаҳарларини, ҳатто мамлакатларини бошпана топиш, ишлаш ва тиббий ёрдам илинжида ташлаб кетмоқда.
Ўша куни, мамлакатнинг бошқа бир чеккасида - шарқдаги Нангарҳар вилоятида камида 15 фуқаро, шу жумладан, 11 аёл Жалолободда визага навбатда турган оломон ичида ўлди.
Ўша тонгда 60 ёшли Ниёз Муҳаммад кечки навбатчиликдан уйига қайтгач, биринчи пайқагани уйида хотини йўқлиги эди. У ярим кечаси соат иккида Покистон консуллигига навбатга туриш учун кетган эди.

Сурат манбаси, Reuters
Ниёз Муҳаммад қабул қилган биринчи қўнғироқда унга 55 ёшли хотини Биби Зиварни машина уриб кетганини айтишди. У тўғри касалхонага борди, у ердан уни ўликхонага юборишди, ўша ердан хотинининг жасадини топди. У оломон саросимасида оёқ остида қолиб ўлган экан.
Биби Зивар саккиз ўғил, уч қизнинг онаси эди. Уларнинг айримлари чегаранинг нариги томонида - Покистоннинг Пешаворида яшайди.
"У набираларини соғинаётган эди. Улар бу ерга кела олишмади. У эса ортиқ бунга тоқат қила олмади," дейди Ниёз Муҳаммад Би-би-сига.
Пайшанба, 22 октябрь
Шимолий ғарбдаги Бадғизда икки икки ака-ука йўл четига ўрнатилган бомбадан ҳалок бўлди.
Ҳирот шаҳри расмийларининг билдиришича, бомба исёнчилар томонидан ҳарбийлар ўтадиган катта йўл четига қўйилган экан, аммо икки ўлган қурбон ёш фуқаролар бўлган. Улардан бири университет талабаси экан.
Шимолдаги Фарёб вилоятида, маҳаллий расмийлар билдиришича, Толибон уюштирган ракета ҳужумида камида тўрт одам ўлди ва 14 нафари яраланди.
Жума 23 октябрь
Жанубий Ғарбда жойлашган Нимрўз вилоятида уюштирилган Толибон ҳужумида камида 20 аскар ўлди. Маҳаллий расмийлар яна кўплари жароҳатланган, олти нафари асирга олинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотусуратларда саҳрода чўзилиб ётган аскарлар жасадлари ва афтидан жароҳатланган асирларни кўриш мумкин.
Шанба 24 октябрь

Сурат манбаси, AFP
Латиф Сарварий ҳаётини йўқотган ҳужум уюштирилган Кавсари Дониш тайёрлов марказида 600 нафарча ўқувчи бўлган.
Уларнинг кўпи сунний экстремистлар адашган, деб ҳисоблайдиган Шиа ҳазора жамоасидан.
Бу ҳужумлар диний урушларни бошлаш учун провокация, деган хавотирлар ҳам ўсиб боряпти.
Латиф каби 25 ҳалок бўлганнинг кўпи ўсмирлар экан. Тахминан 60 одам жароҳат олган.
17 яшар Табиш омон қолганлардан бири. У футбол машғулотларига шошилган, катта катта қадам ташлаб мактабдан олислаган ва бу унинг ҳаётини сақлаб қолган эди.
"Портлаш бўлганда мен ҳали ҳам кўчанинг бошида эдим. Яқин дўстим - Мирвайс Каримий жуда ақлли ўқувчи эди. У ҳам ўлди. У синфда менинг ёнимда ўтирарди. У энди биз билан бўлмаслигига ҳеч ишонгим келмаяпти," дейди Табиш.
Ҳужумни ким амалга оширгани номаълум. Толибон рад этди, ИШИД жангарилари масъулиятни бўйнига олди. Аммо жароҳатланганлар ва ўлганларнинг яқинлари учун бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистонда давом этаётган зўравонликлар йўли узун. Ўтган ҳафтанинг ўзида 20дан ортиқ вилоятда одамлар зўравонликлар қурбони бўлди. Фуқаровий ва ҳукуматга алоқадор қурбонлар сонини аниқлаш жуда мушкул. Толибоннинг йўқотишларини билиш ундан ҳам қийин.
Афғонистондаги БМТ вакиллиги 2020 йилнинг ўтган тўққиз ойида 2117 тинч фуқаро ўлгани ва 3822 нафари яраланганини ҳужжатлаштирган. Ҳукумат ва Толибон бир неча ҳафтадан буён музокараларни давом эттираётган бўлса ҳам, зўравонликлар кучайиб боряпти.
"Афғонистон бўйлаб содир этилган бир ҳафталик зўравонликлардан сўнг, бу хабар энг охирги умид ва ғайратни ҳам сўндиради," деб "Twitter"да ёзади Афғонистон Инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Шаҳризод Акбар, ўтган ҳафтада бўлган воқеалар борасида. "Биз алоҳида шахс ва жамият сифатида яна қанча бардош берарканмиз?"
Кавсари Дониш марказидан футбол майдонига чопган, аммо орқасида дўстлари ўлганини кўрган Табишнинг оёғидан касалхонада бомба парчаларини олиб ташлашга тўғри келди. У ўтган ҳафта ўлимдан қолганлардан бири.
"Боламни тирик кўрдим. Кроватда ётганди," дейди унинг отаси Фрайдон. У худкуш ҳужумчи ўқувчиларни нишонга олганини тушуна олмай қийналади.
"Улар шунчаки Аллоҳ ва унинг пайғамбари буйруғини бажариб, ўқигани борган. Тушунмайман, нега уларни ўлдиришяпти," дейди у.

Сурат манбаси, EPA
Бу мақолани тайёрлашда Ҳафизуллоҳ Маъруф, Башир Паймон ва Зуҳал Аҳадлар ҳам ёрдам беришган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















