You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Бобомурод Абдуллаев ДХХ терговчиси таҳдидидан шикоятда, тергови ҳали тугамаган - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Ўзбекистон: Бобомурод Абдуллаев ДХХ терговчиси таҳдидидан шикоятда, тергови ҳали тугамаган - журналистнинг бу ҳақдаги видеомурожаати президент Шавкат Мирзиёев унга уй туҳфа қилгани маълум бўлишидан кун ўтиб бўй кўрсатган.
Бобомурод Абдуллаев кеча, 19 октябрь куни ўзининг Facebook даги саҳифасида Ўзбекистон Бош прокурорига видеомурожаат билан чиққан.
Журналист ўз мурожаатини, "ДХХ терговчиси Баҳром Каримов қамаш билан таҳдид қилмоқда", деб номлаган.
Бобомурод Абдуллаевнинг худди шу мурожаатидан унинг тергови ҳали ҳам якунланмагани маълум бўлган.
Журналистнинг айнан ҳали ҳам давом этаётган тергови жараёнида "ДХХ терговчиси таҳдидига учрагани" маълум бўлган.
Видеомурожаат тафсилотларидан англашилишича, бунга 19 октябрь кунги тергови жараёнида журналист адвокатларидан бири - Сергей Майоровнинг бошқа бир ҳарбий суддаги иштироки боис, кела олмаслиги сабаб бўлган.
Агар, сўзларига таянилса, Бобомурод Абдуллаев унинг ҳозирлигисиз, кўрсатма беролмаслигини айтган. Бу "терговдан бўйин товлаш бўлмаган".
Журналистга кўра, иккинчи адвокати Арслон Шоймардонов тергов ҳужжатлари билан ҳали танишмаган бўлган.
"Шу боис, у Сергей Майоровнинг иштирокини ўзи учун ўта муҳимлиги"ни таъкидлаган.
Журналистнинг айтишича, ўзининг бу эътирози бўлим бошлиғи томонидан "тергов ҳаракатларига тўсқинлик қилиш" қабилида талқин этилган.
"У ўзига, "Сиз нега Майоров келмаса, кўрсатма бермайман, дейсиз, нима ҳаққингиз бор тергов ҳаракатларига тўсқинлик қилишга?" дея савол берган.
Аммо, Бобомурод Абдуллаевга кўра, "бугун, 20 октябрь кунги тергови ҳам билиб туриб, маҳаллий вақт билан соат 16:00 га - адвокати Сергей Майоров яна ўша суди боис, кела олмайдиган бир вақтга белгиланган".
"Энди мен бориб, яна Майоровсиз жавоб бера олмасликка мажбурман. Менга шунақа қилиб, қандайдир бир сунъий нималар билан эҳтиёт чорасини ўзгартириб, қамашни режалаштиришаяпти экан бугунда", - дея даъво қилади журналист.
Унинг бу иддаоси ва видеомурожаатига ўзи тилга олган, кўзда тутган масъул идоралар муносабати маълум эмас.
Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Бош прокурорига қилган мурожаатида бу хусусда "ҳали яна ўзи ва тергов жараёнида ҳозир бўлган иккинчи адвокати расман шикоят қилишлари"ни ҳам билдирган.
"Бундан ташқари, порталга ҳам расмий мурожаат беришлари"ни айтган.
Бош прокурордан "ҳозирча ДХХ Тергов бошқармасидаги бўлим бошлиғи Баҳром Каримовга қонуний чора кўришни сўраши"ни билдирган.
Журналист видеомурожаатидан сал аввал Ўзбекистон президенти пойтахт Тошкентдаги Green Park турар-жой мажмуасидан ўзига янги 3 хонали квартира туҳфа қилганини маълум қилган.
Бунинг учун президент Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигини ҳам изҳор қилган.
Аммо унинг Facebook акаунтидаги постидан мамлакат раҳбари нега бундай қилгани тафсилотлари ноаён қолганди.
Тарихча ўрнида
Ўзбекистон шу пайтгача журналистнинг нимада айбланаётгани тафсилотларига расман ойдинлик киритмаган. Айбловларнинг мазмун-моҳияти ноаён қолган.
Орада бунинг "ошкор этилиши лозим, деб кўрилмаган тергов сири" эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Аммо журналистнинг ўзи ҳали Бишкекда экан, уни "Қора Мерган" тахаллуси остида ҳукуматга қарши танқидий мақолалар ёзаётганликда айблаётганликларини таъкидлаган. Ўзига "қўйилаётгани"ни айтган бу айловларни кескин рад этган.
Унинг бу даъвосига Ўзбекистондаги бирор бир масъул идоранинг расмий муносабати ҳалича кўзга ташланмаган.
Бобомурод Абдуллаев 9 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳибсга олинган.
Бишкек шаҳар суди уни 8 сентябргача ҳибсда қолдиришга қарор қилган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси орада фақат Бобомурод Абдуллаев расмий Тошкент сўрови билан қўлга олинганини тасдиқлаган.
Аммо Қирғизистон журналистни 22 август куни Ўзбекистонга экстрадиция қилган.
Лекин Ўзбекистонга экстрадиция қилинган куннинг ўзида пойтахт Тошкентдан журналистнинг қўйиб юборилганига оид хабарлар олинган.
Масъулларнинг билдиришларидан унга нисбатан белгиланган эҳтиёт чоралари ўзгартирилгани маълум бўлган.
"Журналист муносиб хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиши тўғрисидаги тилхат" эвазига қўйиб юборилган, унинг терговга уйидан қатнаши маълум бўлган.
Бунга Бобомурод Абдуллаев онасининг президент Шавкат Мирзиёевга қилган мурожаати сабаб бўлгани айтилган.
Худди шу куннинг ўзида kun.uz интернет нашри журналистнинг миннатдорлик видеосини чоп этган.
Унда Бобомурод Абдуллаев президент Шавкат Мирзиёевга "олиб бораётган инсоний сиёсати учун" ўз миннатдорчилигини билдирган.
Онасининг мурожаатини "беэътибор қолдирмагани учун каттадан катта раҳмат" айтган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга "шахс сифатида ўз ҳурматини изҳор этган".
Президент Мирзиёев "олиб бораётган сиёсатга ўзининг бор билими, бор тажрибаси билан ёрдам бериш, хизмат қилишга тайёр" эканини айтганди.
Бобомурод Абдуллаев 2017 йилда "Конституциявий тузумга тажовуз"да айбланган.
Ўшанда МХХ Абдуллаевни "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида давлат ва унинг раҳбариятига қарши мақолалар ёзиш ва ҳокимиятни босиб олишга қаратилган "Жатва" ("Ўрим") режасини ишлаб чиқишда айблаган.*
Аммо якунида журналист суд залидан озод қилинган.
Журналистнинг Ўзбекистонга экстрадициясидан кун ўтиб, "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook даги саҳифасида журналист билан қисқача видесуҳбатни чоп қилган.
Абдураҳмон Ташановнинг худди шу суҳбат чоғида бериб ўтган изоҳидан Бобомурод Абдуллаевнинг энди эркинликда туриб, тергов беришда давом этиши англашилган.
Журналист "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбарининг саволига жвоб бераркан, "Саломатлиги яхши, ҳаммаси жойида" эканини айтган.
Бўлажак терговларни назарда тутаркан, "Ҳаммаси яхши бўлишига умид қилиб қолган"ди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek