You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Расман, Тошкент: Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон сўрови билан ҳибсга олинган - O'zbekiston, Қирғизистон
Расман: Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон сўрови билан ҳибсга олинган - журналист ҳибсидан беш кун ўтиб, бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси расман маълум қилди, тасдиқлади. Ўзбекистон Бобомурод Абдуллаев ҳибс юзасидан, таъбир жоиз, сукутини бузди. Бобомурод Абдуллаев Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳибс остида қолмоқда.
Аммо унинг экстрадиция санаси ноаён, ҳалича расман очиқланмаган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси бу ҳақда кеча, 12 август куни расман маълумот берган.
Журналист Ўзбекистоннинг сўровига асосан, 1993 йилги "Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида"ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинганини тасдиқлаган.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳозирги кунда унинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бош прокуратура орада кечган вақт давомида Бобомурод Абдуллаев ҳибси ва экстрадициясини расман тасдиқлаган Ўзбекистондаги биринчи масъул идора бўлган.
Аммо унинг маълумотномасида ҳам журналист нималарда айбланаётгани ёки қай бир жиноятларда гумон этилаётгани тафсилотлари ноаён қолган.
Бобомурод Абдуллаев 9 август куни Бишкекдаги қаҳвахоналарнинг бирида Қирғизистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг расмий баёнотига ҳозирча журналист ўзининг муносабати маълум эмас.
Унинг ҳибси глобал коронавирус пандемияси манзарасида кузатилган.
Ўзбекистон пандемия боис, тўрт ҳафтадан буён мамлакатда амалда бўлган кучайтирилган карантин тартибини ортиқ узайтирмасликка қарор қилган.
Мамлакат президенти кеча, 12 август куни яна бир видеоселектор йиғилиши ўтказган.
15 августдан бошлаб, Ўзбекистонда карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилишини расман маълум қилган.
12 август:Бобомурод Абдуллаев ишида Ўзбекистон жим, халқаро ташкилотлар аллақачон хавотирда - видео
Бишкекда ҳибсда қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ёнига адвокатлар қўйилмаяпти, дея ёзмоқда Қирғизистон матбуоти. Қатор нуфузли халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари устма-уст мурожаатлар билан чиқишган. Қирғизистондан Бобомурод Абдуллаевни Ўзбекистонга қайтармасликни сўрашган.
10 август куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Абдуллаевни 8 сентябрга қадар ҳибсда сақлаш бўйича қарор олган эди.
Шу куни маҳкамага олиб келинган Бобомурод Абдуллаевнинг ўзи журналистларга Ўзбекистон томони уни «Қора Мерган» тахаллуси остида мақолалар ёзаётганликда айблаётганини маълум қилган.
Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси вакили Озодлик радиосининг Қирғиз хизматига Абдуллаев Ўзбекистоннинг расмий сўрови асосида ушланганини тасдиқлаган.
Қирғизистон матбуоти эса журналистнинг адвокатига таяниб, Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 158 ва 159-моддалари, яъни «Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш» ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»да айбланаётгани ҳақида ёзмоқда.
Давом этаётган сукут
Бир вақтнинг ўзида эса Ўзбекистон томони Бобомурод Абдуллаев иши бўйича сукут сақламоқда.
Ҳозирча Ўзбекистон Абдуллаев қидирувга берилгани ёки у бирор жиноятни содир этишда гумонланаётганини расман тан олган ёки рад этган.
Би-би-си журналистнинг иши бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби билан боғланди.
Мулозим Жиноят Кодексининг 158 ва 159-моддалари бўйича тергов олиб бориш ваколати Давлат Хавфсизлик Хизматига тегишли экани, бу масалада қўшимча маълумот бўлиши билан хабар қилишини билдирди.
10 август куни Бишкекдаги маҳкамага келтирилган Бобомурод Абдуллаев Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туман суди 23 июль куни унга нисбатан «сиртдан айблов эълон қилиб бўлгани»ни таъкидлаган эди, аммо 12 август куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди расмийси Би-би-сига бундай жиноят иши кўриб чиқилганини рад этди.
Расмий Тошкент сукут сақлаётган бир пайтда эса Amnesty International, Freedom House ва Freedom Now дохил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нуфузли етти халқаро ташкилот Қирғизистон ҳукумати Абдуллаевни Ўзбекистонга бериб юбормасликка даъват этилган, акс ҳолда журналист ўз ватанида қийноқларга юз тутиши таъкидланган қўшма баёнотни эълон қилган.
Баёнотда Бобомурод Абдуллаев бир қанча номаълум шахслар интернет тармоғида уни Қора мерган тахаллуси остида Шавкат Мирзиёев бошқарувини танқидга тутаётганликда айблаб чиққани ортидан ўз хавфсизлигидан ташвишга тушиб қолганини маълум қилгани ҳақида гап боради.
"У «Қора Мерган» бўлса, мен кимман?"
Facebook'даги Қора Мерган саҳифаси икки ой давомида Шавкат Мирзиёев ва унга яқин шахслар борасида тасдиқланмаган маълумотлардан иборат мақолалар эълон қилиб бориши ортидан эътиборга тушган, унинг мақолаларидаги айрим тафсилотлар шов-шувга айланган эди.
Июль ойи давомида эса бир қанча блогер ва ижтимоий тармоқда фаол бўлган ўзбекистонликлар Давлат Хавфсизлик Хизмати томонидан гувоҳ сифатида суҳбатга чақирилган.
Ўшанда Би-би-си билан гаплашган айрим фаоллар ДХХ ходимлари Қора Мерганни танийсизми, нега бу саҳифага лайк босдингиз каби саволлар билан ўзларини сўроққа тутганини маълум қилган эди.
Бу ҳолат Ўзбекистон махсус хизматлари Қора Мерганни излаб топиш ҳаракатига тушган, дея фараз юзага чиқишига асос бўлган эди.
12 август куни ижтимоий тармоқда Бобомурод Абдуллаевнинг онаси Гавҳаржон Мадаминованинг президент Мирзиёевга мурожаати тарқалди.
Ўз мурожаатида Мадаминова ўғлининг Қора Мерган эмаслиги, Абдуллаев 2017-2018 йилларда «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси остида танқидий мақолалар ёзиб келганликда айбланиб, ҳибсда турган пайти тергов изоляторидаги ходимлар журналист вақти келиб яна ўз қўлларига тушиши билан таҳдид қилгани ҳақида гапирган.
Ҳозирда Facebook'дан ғойиб бўлиб, Telegram'да ўз фаолиятини давом эттираётган Қора Мерган саҳифасида Бобомурод Абдуллаев Бишкекда қўлга олингандан сўнг ҳам бир неча мақолалар эълон қилинган.
10 август куни каналда пайдо бўлган сўнгги мақолада Абдуллаевнинг бу саҳифага алоқаси йўқлиги ҳақида сўз боради.
"Агар Бобомурод Абдуллаев «Қора Мерган» бўлса, мен кимман? Қандай қилиб, «Қора Мерган» Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси ҳибсхонасидан туриб мақола ёзиши мумкин?", дея ёзилади бу мақолада.
Бобомурод Абдуллаев «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси остида давлат ва унинг раҳбариятига қарши мақолалар ёзиш ва ҳокимиятни босиб олишга қаратилган "Жатва" («Ўрим») режасини ишлаб чиқишда айбланиб, 2017 йил сентябридан 2018 йил май ойига қадар ҳибсда ушлаб турилган эди.
Унинг суд залидан озод этилиши журналистлар улкан босим остида яшашга маҳкум бўлган марҳум Ислом Каримов давридан сўнг Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган воқеа, Шавкат Мирзиёев ҳокимияти томонидан сўз ва матбуот эркинлиги таъминланишининг ёрқин аломати ўлароқ олқишланган эди.
Аммо ўшанда Абдуллаевнинг озод этилишида муҳим роль ўйнаган, ҳар бир суд мажлисини батафсил ёритиб борган Ўзбекистон маҳаллий матбуоти ҳам журналистнинг Бишкекда қўлга олиниши борасида бугун ҳукумат каби сукут сақламоқда.
Ҳозирча, Абдуллаев иши бўйича маҳаллий нашрлар қисқа хабар бериш билан ҳам чеклангани кўзга ташланмаган.
Ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқ давом этган бошқаруви даврида Ўзбекистон матбуот душманлари рўйхатида бўлган.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг матбуот эркинлигида сезиларли ижобий ўзгаришлар кўзга ташланган.
Аммо Бобомурод Абдуллаев билан рўй бераётган номаълум вазият Ўзбекистонда журналистларга нисбатан ҳукумат босими яна бошланмоқда, деган хавотирларни юзага чиқармоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek