You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тожикистон: Доллар нега камайиб кетди? - O'zbekiston, Tojikiston, dunyo, yangiliklar
- Author, Мустақил журналист,
- Role, Тожикистон
Тожикистон: Доллар нега камайиб кетди? - Тожикистондаги банклар аҳолига доллар сотишни чеклаб қўйган. Ҳали йил бошиданоқ бир киши бир банкдан 200 АҚШ доллари олиши белгилаб қўйилганди. Бир қатор банклар эса, бу чекловни 100 долларга туширишган. Аммо ҳозир аксарият банкларда ана шу кичик миқдордаги хорижий валюта ҳам сотилмаяпти. Нега бундай бўлаяпти?
Хусусий банклар бу чекловни ўзларига Миллий банк томонидан ажратиладиган АҚШ доллари миқдори камлиги билан изоҳлашади.
Айни бир пайтда долларнинг расмий курси тожик сомонийсига нисбатан ҳафта сайин ошиб бормоқда. Ҳозирда бир АҚШ доллари 10.3 сомонийдан бироз кўпроқ. Жорий йил бошидагига қараганда, сомоний қурби долларга нисбатан 6 ярим фоизга пасайиб кетган.
«Қора бозор»га кимлар боради?
Доллар сотиб олиш мумкин бўлган банклар эшиклари олдида ҳали иш вақти бошланмасидан бир-икки соат олдин навбат пайдо бўлади.
«Биз доллар олиш истагида бўлган ҳеч битта одам норози бўлиб қайтиб кетмаслиги учун ҳар бир кишига 100 доллардан сотишга мажбур бўляпмиз. Яна бир одам ҳар уч кунда доллар сотиб олиши мумкин, холос», деди Тожикистонда энг машҳур хусусий банклардан бири - «Эсхата» ходими.
Унинг айтишича, агар банкка тожик пули олиш учун доллар топширилса, бу чет эл валютаси сўраб келувчи кўпроқ кишининг талаботини қондириш имконияти пайдо бўлади, дегани.
«Мен илгари Туркияга бориб, мол олиб келардим. Коронавирус пандемияси тарқалгандан буён Туркиядаги шерикларимга пул юбориб, мол буюртма қиламан. Тўғри, бизнесим катта эмас. Лекин тўрт-беш минг долларни тўплаш ҳам осон эмас. Натижада доллар олиш учун у банкдан бу банкка чопиб юраман», дейди Бўстон шаҳрида яшовчи кичик тадбиркор Нодира.
Хўжандлик тадбиркор аёлнинг айтишича у ўзига зарур миқдордаги долларни тўплаш учун қариндошлари ва танишларини ишга солишга мажбур экан. «Уларга тожик пули бериб, доллар сотиб олиб беришни илтимос қиламан. Шундай қилмасам, мол буюртма бериш учун етарли доллар тўплаб бўлмайди. Тирикчилигим нима бўлади, кейин?», дейди асосан кийим-кечак билан савдо қилувчи Шаҳодат исмли бу аёл.
Унинг айтишича, «қора бозор»дан истаганича доллар сотиб олиши мумкин. Лекин хусусий банклардан сотиб оладиган доллар нархига қараганда «қора бозор» нархи 65-70 сомонийгача қиммат.
«Ахир бу пулга бир кило мол гўшти сотиб олиш мумкин», дейди Шаҳодат.
Лекин айнан ана шу бир кило гўшт ё бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиб, қозон қайнатиш мақсадида банкимизга келиб, навбат пойлаб доллар сотиб олаётган одамлар ҳам оз эмас, дейди «Арванд» банки ходими.
«Ҳеч қаерда ишламайдиган қўшним кўпинча тонг саҳарда отланиб, қаергадир жўнаб қоларди. Бир куни ўзи рўзғордан орттириб, пича пул йиққанини, энди унга банкка бориб доллар сотиб олаётганини айтди. Долларни таниш алмаштирувчиларга сотаркан. Юз доллардан етмиш сомонийга яқин қоларкан. Бу пулга бозордан гоҳ ўн кило гурунч, гоҳ беш литр ёғ, бошқа бир куни гўшт сотиб оларкан. Шундай қилиб, қозоним қайнаб турибди, деди қўшним. Бир ойгача мен ҳам пул тўпладим ва энди қўшним билан банкдан доллар олиб, пул алмаштирувчиларга сотяпман», деди уч йилдан буён нафақадалиги, пенсияси 300 сомонийдан сал кўпроқ эканлигини айтган Душанбеда яшайдиган олтмиш ёшлардаги аёл.
Тожикистонда «қора бозор» расман тақиқланган. Лекин ишбилармон саррофлар айрим банклар билан келишган ҳолда пул алмаштирувчи шохобчалар очишган. Иқтисодчиларга кўра, уларнинг хизматидан кўпроқ каттароқ тадбиркорлар, йирик савдогарлар фойдаланишади. Улар саррофларга пул айланмаси учун каттагина маблағ бериб қўйишар экан, бунинг эвазига эса, доллар зарур бўлганда, паст фоизда алмаштиришар экан.
Лекин Тожикистон Миллий банки пул алмаштириш қонунига риоя қилмаётганлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишини тез-тез эслатиб туради. Тожикистонда 2016-йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ валюта алмаштириш фақат банк бўлинмаларида ва рухсат берилган шохобчаларда амалга оширилиши мумкин.
Лекин иқтисодчиларга кўра «қора бозор»да иш кўраётганлар мамлакатдаги доллар етишмаслигидан фойдаланиб, қонунни бузган ҳолда бойлик орттиришмоқда.
«Қарз фоизини камайтиринг!»
Тожикистон Миллий банки бошқарувчиси Жамшид Нурмаҳмадзода мамлакатдаги қарз берувчи ташкилотлар раҳбарларига қарзлар фоизини пасайтириш топшириғини берди. У мамлакат иқтисодини ривожлантириш учун биринчи навбатда ишлаб чикариш соҳасига қарз бериш зарурлигини таъкидлади.
Иқтисодчилар фикрича, қарз бериш сиёсатидан тортиб, бошқа кўп масалаларни миллий банк ҳал қилади. Ҳозирда унинг томонидан бошқа банкларга қарз фоизини камайтириш топшириғи бериляпти. Бунда эса банкка омонатга қўйилган маблағлар фоизлари даражасини пасайтиришга мажбур бўлинади.
«Мен беш йил олдин банклардан бирига омонат қўйгандим. Ўшанда долларлик омонатга йилига 14 фоиздан, сомонийга эса, 20 фоиздан беришарди. Бу фоиз йилига тушиб-тушиб, ҳозирда мутаносиб равишда 5 ва 14 фоизга тушиб қолди. Агар фоизни яна камайтиришса, омонатимни олиб қўйишга мажбурман», деди кимлигини айтишни истамаган омонат қўювчи.
«Шу тарзда фоизларни пасайтираётганимиз туфайли жуда кўпчилик жамғарган пулини уйида сақлашни афзал кўрмоқда», деди «Имон» банкида ишлайдиган ходим.
Исмини айтмаган яна бир банк ходимининг айтишича, Миллий банк хусусий банкларга икки хил муносабатда бўлади. «Эрка банклар»га бошқа банкларга нисбатан беш-ўн бараваргача кўпроқ миқдорда доллар ажратади.
«Биз кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаш мақсадида пандемия шароитида имтиёзлар бера бошладик. Жумладан, қарзларни тўлаш муддати олти ойга кечиктирилди», деди мазкур ходим.
Маҳаллий кузатувчилардан бирининг айтишича, Тожикистонда аксилинқироз дастурлар асосан кичик ва ўрта тадбиркорлик ҳисобига амалга оширилади. Йирик тадбиркорлик эса, ҳатто солиқ тўлашдан ҳам озод этилади.
Россиядан пул жўнатмалари камайиб кетганда…
Тожикистонда долларга нисбатан тожик сомонийси қурбининг тушиб бораётганлигини пандемия шароитида жаҳон иқтисодидаги бошқариб бўлмас вазият билан изоҳлашади. Тожикистоннинг асосий савдо шериклари бўлган давлатлар, биринчи навбатда, Россияда ҳам миллий валюталар қурбининг пасайгани таъкидланади. Миллий банк эса, доллар етишмаслигини Тожикистон чет элга жўнатаётган маҳсулотларга қараганда хориждан келтирилаётган товарлар ҳажмининг анчагина кўплиги билан ҳам изоҳлайди.
Яна бир сабаб сифатида четдан пул жўнатмалари юборишнинг, айниқса, коронавирус пандемияси даврида камайиб кетганлиги айтилади. Тожикистон Миллий банки маълумотларига кўра, йилнинг дастлабки ярим йиллигида ўтган йилнинг айни шу давридагига қараганда пул жўнатмалари 15 фоизга камайиб кетган.
Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг мамлакатларига юбораётган пуллари ўтган йилги айни муддатга қиёслаганда, 40 фоизга камайган. Россия Марказий банки маълумотларига кўра йилнинг дастлабки ярмида Тожикистонга 681 миллион АҚШ доллари юборилган. Агар ўтган йилнинг айни шу муддатида бу рақам 1 миллиард 111 миллион эканлиги ҳисобга олинса, демак, бу йил жўнатмалар 430 миллион АҚШ долларига камайган.
Кузатувчиларга кўра, бу камайишга айнан пандемия сабаб бўлган. Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг бир қисми бутунлай ишсиз қолган, ишлаётганларнинг ҳам иш ҳақи олдинги йилга нисбатан камайиб кетган. Кўпчилик топган пулини турар-жой, озиқ-овқат учун сарфлаб, уйига пул юбора олмаган.
Норасмий маълумотларга қараганда, камида 1 миллион нафар тожикистонлик ишлаётган Россия ва Қозоғистондан пул жўнатмаларининг камайиб кетиши, доллар танқислигидан ташқари, меҳнат муҳожирлари оилалари турмуш даражасининг пасайиб кетишига сабаб бўлган. Гарчи расмий рақамларга кўра, ҳозир Тожикистонда камбағаллик даражаси 24 фоизга тушган бўлса-да, таҳлилчилар фикрича, амалда бу рақам каттароқ.
Жорий йил октябр ойидан бошлаб бозорларда ун, гўшт, ўсимлик ёғи, гўшт каби озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши биринчи навбатда камтаъминланган оилалар ҳаётига таъсир этган. Нархларнинг ошиши эса, айнан доллар қурби ошаётганлиги билан боғланмоқда.
Маҳаллий ҳукуматлар томонидан нарх-навони тушириш мақсадида ташкил этилаётган савдо ярмаркалари эса, бозорда нарх ошишига ҳатто вақтинча таъсир этмаётир.
«Тожикистон аҳолиси учдан икки қисмининг тирикчилиги қандай ўтиши четда ишлаётган яқинлари юбораётган маблағга боғлиқ. Ҳали қиш келмасдан нархларнинг ошиб кетиши жуда кўпчилик оилаларни тежамкорликка мажбур этмоқда. Айримлар эса, қишда нархларнинг яна ошишидан чўчиб, топган пулларига озиқ-овқат ғамлашга тушиб кетишди», дейди маҳаллий таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳам мамлакат бўйлаб қилаётган иш сафарлари пайтидаги мулоқотлари давомида аҳолини камида икки йиллик озиқ-овқат жамғаришга, бунинг учун ҳар бир қарич экин еридан, жумладан, томорқа майдонларидан самарали фойдаланишга чақирмоқда.
Олтин экспорти ҳам муаммони ҳал этмади
Айни пандемиянинг мамлакат иқтисодига салбий таъсири туфайли иш ҳақи ва нафақа пуллари аҳолига ўз вақтида етказиб берилмаяпти. Жорий йил августигача иш ҳақи қарзи 4,5 миллион сомоний (437 минг АҚШ доллари)га етган. Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги статистика агентлиги маълумотларига кўра, бу қарз кўпроқ қурилиш, фойдали қазилмалар қазиш ва қайта қуриш саноатида тўпланиб қолган.
Европа Тикланиш ва тараққиёт банки таҳлилчиларига кўра, Тожикистонда иқтисодий ўсиш режадагидан 1 фоизга пасайиши кутилмоқда. 2021 йилда эса, мамлакат иқтисодининг амалда 3 фоиз даражада ўсиши айтилмоқда.
2019 йилда Тожикистон Иқтисоди амалда 7,5% га ўсганди.
ЕТТБга кўра, дунёдаги иқтисодий инқирозга қарамасдан жорий йилда Тожикистонда 3, 5 фоиз ўсишга эришиш асосан олтин экспорт қилишни 140 фоизга кўтариш ҳисобигадир.
«Қимматбаҳо металларни истисно этганда, йиллик ҳисобда экспорт 22 фоизга пасайди; юк ташиш, меҳмонхона бизнеси, чакана савдо ва уй хўжаликларига хизмат кўрсатиш ҳам иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатди», таъкидланади ЕТТБ маълумотида.
Йилнинг саккиз ойи давомида Тожикистон давлат бюджетининг умумий ҳажми режага қараганда 2,6% кам бўлган. Бошқача айтганда, мамлакат хазинасига мўлжалдагидан 400 миллион сомоний ёки 39 миллион АҚШ доллари кам тушган. Бу ҳақда Республика Молия вазирлиги хабар берган.
Бюджетга кам маблағ тушиши асосан зарур даражада солиқлар тўпланмаслиги билан изоҳланган. Давлат бюджетидаги солиқлар ҳиссаси эса, 68 фоизни ташкил этади. Солиқлар тушуми камайиши боис эса, деярли барча соҳалар учун маблағ етказиб бериш режаси бажарилмаган. Солиқларнинг камайиши эса, пандемия даврида йирик бозорлар, хизмат кўрсатиш муассасаларининг бир неча ой ёпилиши билан ҳам изоҳланади.
Айни бир пайтда бюджет етишмовчилигини халқаро молиялаштириш ҳисобига тўлдириш йўллари ҳам изланмоқда. Осиё Иқтисодий тараққиёт банки бу мақсадда Тожикистонга 100 миллион долларга яқин кўмак берди. Халқаро Валюта жамғармаси ажратган маблағ эса, 189 миллион долларни ташкил этди.
Лекин, иқтисодчиларга кўра, бу маблағлар ҳам ҳали Тожикистонда доллар етишмовчилиги муаммосини ҳал қилишга ёрдам бера олмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek