Ўзбекистон-Тожикистон ва пандемия: Шавкат Мирзиёев янгича дипломатияси давом этади - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Ўзбекистон-Тожикистон ва пандемия: Шавкат Мирзиёев янгича дипломатияси давом этади - глобал коронавирус фонида Ўзбекистон Бош вазири бошчилигидаги ҳукумат ҳайъати Тожикистонда. Ўзбекистон Тожикистон билан чегараларни очишини эълон қилган. Ўзи қуриб берган ўзбек мактабини ишга туширган.

Лекин минтақадаги бошқа қўшни мамлакатлар каби Тожикистонда яшаётган кишилар ҳам Ўзбекистонга соғликлари борасидаги тасдиқланган тиббий маълумот билан ўтишлари ва 14 кун мобайнида меҳмонхонада тургач, агар коронавирусга чалинмаган бўлсалар, сўнг мўлжаллаган ишларига киришишлари мумкин.

Янги мактаб

Тожикистоннинг Суғд вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган янги мактаб фойдаланишга топширилди.

Бу мактаб Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри билан чегарадош Спитамен туманида қурилди. 33-рақамли бу мактаб 630 нафар ўқувчи учун мўлжалланган. Икки навбатли таълимда эса, янги умумтаълим мактабида 1260 нафар ўқувчи ўқиши мумкин.

Янги мактабнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Тожикистон Маориф ва илм вазири Муҳаммадюсуф Имомзода қатнашишди.

Янги мактаб қурилиши борасидаги битим Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг бундан икки йил олдинги Душанбеда бўлиб ўтган мулоқотлари чоғида имзоланган.

Мазкур битимга кўра Ўзбекистон Спитамендаги мактабдан ташқари Тожикистоннинг Бохтар вилоятида беморхона, Тожикистон эса, Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида мактаб ва Риштон шаҳрида болалар боғчаси қуриб беради.

Икки халқ дўстлиги рамзи

Янги мактаб "Ўзбекистон темир йўллари" ажратган 1,8 миллион АҚШ долларига яқин маблағ ҳисобига қурилган. Мактаб очилишида мазкур аксиядорлик жамияти раҳбари ҳам қатнашди.

Мактаб қурилиши 2018 йилнинг август ойида бошланганди. Унинг қурилишида тожикистонлик қурувчилар билан бирга уларнинг ўзбекистонлик ҳамкасблари ҳам қатнашишди.

- Биз бино ичидаги монтаж ишларини бажаряпмиз. Бу мактаб икки қадимий халқ дўстлигидан сўзлаб туришига ишонаман, - деганди қурилиш пайтидаги суҳбатда Қашқадарё вилоятидан келганлигини айтган Шаҳбоз.

Мактаб очилишида сўзлар экан, Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам айни дўстлик ҳақида гапирди.

У Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг афзаллик қаратадиган томони яқин қўшнилар билан илиқ, дўстона муносабатлар эканлигини таъкидлар экан, Тожикистонда қурилган мактаб икки халқ дўстлигининг ўн йилликлар давомидаги рамзи бўлиб қолади, деди.

"Мен мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашдим. Иқтидорли ўқувчилар кўп экан. Улар фақат тожик, ўзбек тилларида эмас, балки инглиз, рус тилларида ҳам гаплаша олар эканлар", деди Шерзод Шерматов.

Янги мактаб директори Феруза Шокированинг айтишича аллақачон мактабга 800 нафар ўқувчи қабул қилинган.

"Бизнинг Андарсой қишлоғимизда мактаб йўқ эди. Устига мактабнинг энг замонавий тарзда қурилгани, таълим-тарбия учун барча қулайликларнинг борлигини кўрган ота-оналарнинг хурсандлигини кўринг. Фақат қишлоғимиздан эмас, балки бошқа қишлоқлардан ҳам ўқувчилар келишмоқда, - деди Феруза Шокирова.

Уч қаватли янги мактабда 28 та синфхона, кутубхона, 280 ўринли йиғилишлар зали, 224 ўринли ошхона, замонавий спорт майдонлари ва зали мавжуд.

"Мен бу янгиликни эшитиб, хурсанд бўлдим. Икки дўст мамлакат маорифчилари орасидаги ҳамкорликлар ҳам ривожланар экан, мен бир муҳим масалага эътибор қаратишларини истардим. Тожикистондаги ўзбек мактабларида дарсликлар етишмайди. Ота-оналарнинг болаларини тожик мактабларига беришларига дарсликлар етишмаслиги ҳам сабаб бўляпти. Ўзбек мактаблари ва синфларининг камайиб бориши туфайли мен каби ўқитувчилар бошқа иш излашга мажбур бўлишмоқда. Мен мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берардим. Дарслар камайиб кетганлиги сабабли ишдан кетишга мажбур бўлдим. Қанийди, Ўзбекистон ҳукумати Тожикистондаги ўзбек мактаблари учун дарсликлар нашр этишга кўмаклашса", деди Жаббор Расулов туманидаги мактаблардан бирида ишлаган қирқ ёшлардаги муаллима.

Коронавирус ўқувчилардан юқмоқдами?

Ҳозирда Тожикистонда ўрта умумтаълим мактабларида ўқиш тикланганига бир ярим ой бўлди. 30 апрелда Тожикистонда 15 кишининг коронави-русга чалингани аниқлангандан кейин кўп ўтмай, мактабларда ўқиш тўхтатилганди. Мамлакатда COVID-19га чалиниш ҳоллари камайгач, 16 августдан мактаблар қайта очилди. 1 сентябргача ўтган ўқув йили учун дарслар ўтилди.

Тожикистонда барча мактаблар Ўзбекистондан фарқли равишда анъанавий тарзда фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда эса, мактабга қатнаб ўқиш биан бирга онлайн тарзда сабоқ олиш ё ҳар иккаласини қўшиб таълим олиш мумкин.

Ўзбекистонда мактаблар сентябр ўртасида эшик очди. Шунда ҳам аввал ўқитувчиларнинг соғлиги текшириб кўрилди. Гарчи бу текширишлар давомида кўп вилоятларда агар расмий рақамларга таянилса, камида 80-90 нафар ўқитувчининг коронавирус юқтиргани аниқланиб, улар дарсга қўйилмаган бўлсалар-да, барибир айрим таълим муассасалари тезда беркитилди. Жумладан, расмий хабарларга кўра, Тошкент шаҳрида бирин-кетин учта мактаб коронавирус кенг тарқалиши хавфига кўра ёпилган.

Лекин Тожикистонда ҳам айрим ота-оналар коронавирус хавфидан чўчиб, болаларини мактабга юборишмаяпти. Ё ўзлари олиб бориб-олиб келишяпти. Хўжанд шаҳри санитария-эпидемиология ходимлари эса, уйида даволанаётган COVID-19га чалинган айрим кишиларнинг болаларини мактабга юборишларини танқид остига олишган.

Тожикистонда коронавирусга чалинган касб эгалари орасида шифокорлардан кейин ўқитувчилар туриши айтиб келинади. Лекин кейинги кузатувларга қараганда, ўқитувчилар олдинга ўтиб олган бўлишлари мумкин. Ўқитувчиларга коронавирус гумони билан уйида даволанаётган ота-оналарнинг мактабга юбораётган болаларидан касаллик юққанлиги айтилмоқда.

"Турмуш ўртоғим икковимиз ҳам нафақага чиққан бўлсак-да, мактабда ишлаётгандик. Хўжайиним коронавирус юқтириб, ётиб қолганларидан кейин, мен ишдан бўшаш учун ариза ёздим", деди Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган ўқитувчи аёл.

Орқага сурилган тадбирлар

Кейинги кунларда Ўзбекистон ва Тожикистон орасида иқтисодий, маданий алоқалар кучаяётганини кўриш мумкин.

Жумладан, Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон Маданият вазирлари Зулфия Давлатзода ва Озодбек Назарбеков иштирокида "Дўстлик мангу яшасин!" шиори остида давра суҳбати ўтказилган. Бу тадбирда ҳар икки мамлакат адабиёт ва илм аҳли вакиллари қатнашишган.

Зулфия Давлатзода икки халқ дўстлиги тарихи ҳақида гапирар экан, коронавирус пандемияси шароитида одамларда маданий тадбирларга эҳтиёж кучайганини қайд қилган.

"Маданият инқирозли вазиятларга қарши юксак руҳ ва қатъий ирода билан курашиш имконини беради", деган Тожикистон Маданият вазири.

«Тилларимиз бошқа-бошқа бўлса-да, бизнинг маданиятимиз бир, турмуш тарзимиз ўхшаш. Санъатимиз, куй-қўшиқларимиз, ҳатто фолклор бир-бирига сингиб кетган. Буларнинг ҳаммаси яхши қўшничилик муносабатлари учун хизмат қилади», деган Озодбек Назарбеков.

Ўзбекистондан келган давра суҳбати қатнашчилари орасида Ўзбекистон бадиий академияси раҳбари Акмал Нур, давлат консерваторияси ректори Камолиддин Ўринбоев, Тошкентдаги Муқимий номли мусиқали драма ва комедия театри директори Мирзо Азизов ва бошқа ижодкор зиёлилар бор.

Бундан икки ҳафта олдин эса, Душанбедаги Тожикистон миллий кутубхонасида ўзбекистонлик ва тожикистонлик олимлар иштирокида илмий-амалий конференсия бўлиб ўтганди.

У "Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг дўстликни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик ва ишонч, тожиклар ва ўзбекларнинг шериклик стратегияси муносабатларида янги саҳифаларнинг очилишидаги ҳиссаси" деб аталганди.

Кеча, сешанба куни Душанбега Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Орипов ташриф буюрган.

У Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро тижорат ва иқтисодий ҳамкорликнинг 7-йиғилишида қатнашади.

Мазкур йиғилишда икки давлатнинг тижорат, иқтисод, алоқа, нақлиёт, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги соҳаларида, шунингдек маданият ва гуманитар каби йўналишлардаги ҳамкорликлари масалалари кўриб чиқилади.

Гарчи сентябрга келиб Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликлар сезиларли равишда кучайган бўлса-да, кузатувчиларга кўра пандемия икки мамлакат орасида амалга ошиши зарур бўлган кўпгина тадбирларни орқага сурган.

Жумладан, жорий йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Тожикистон маданият кунларининг ўтиш-ўтмаслиги ҳозирча номаълум.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek