Ўзбекистон: Коронавирус статистикаси ишончли эмасми? O'zbekiston koronavirus yangiliklar

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, official

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Ўзбекистондаги коронавирусга оид статистиканинг ишончли эканини савол остига олмоқда.

Ушбу ҳаракат масъул идоралар раҳбарлари коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазият юзасидан холис ахборот беришга чақирган.

"Юксалиш" айни масала юзасидан баёнот эълон қилган.

Ҳаракат ва вазирлик

Ҳаракат вакиллари Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 сентябрь (соат 10:00) ҳолатига кўра, касалхоналарда 3,139 бемор даволанаётгани тўғрисида берган хабаридаги рақамлар ҳақиқий манзарани ўзида акс эттиришига шубҳа билдирган.

"Уйда даволанаётган беморларнинг умумий сони-чи?" - савол қўйилади баёнотда.

"Агар тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар бор-йўғи 3139 нафар бўлса, нега ҳали ҳам шифохоналарда жой етишмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда ва зудлик билан янги жойлар ташкил этилмоқда? Масалан, биргина Тошкентда қўшимча равишда 10 мингта ётоқ ўринлари ташкил этиш режалаштирилган" - дейилади баёнотда.

Бундан ташқари баёнотда коронавирусга тест топширишда ҳануз қийинчиликлар мавжудлиги ва тест таҳлили натижалари ҳам аҳоли орасида ишончсизликка сабаб бўлаётгани борасида сўз боради.

"Куни-кеча Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси Ўзбекистондан Кореяга учинчи мамлакат орқали учиб бораётган фуқароларимиз қўлида ПЗР-тест натижаси манфий бўлган маълумотнома бўлишига қарамай, COVID-19га намуна олинганда, бошқа мамлакатларга нисбатан натижалар кўпроқ ижобий чиқаётгани ҳақида маълум қилди"- таъкидланади баёнотда.

Шунингдек, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати баёнотида коронавирусга қарши кураш штаб таркибида кимлар борлиги номаълумлигича қолаётгани ва мамлакатдаги эпидемиологик вазият тўғрисидаги ҳисоботлар Республика махсус комиссияси эмас, балки мутахассислар даражасидаги шахслар томонидан эълон қилинаётгани ҳам хабарнинг ишончлилик даражасига таъсир қилаётгани айтилган.

Ҳаракат коронавирусга қарши кураш доирасида қабул қилинаётган қарорларнинг шаффофлигини ҳам тилга олган.

"Умуман олганда, қарор қабул қилиш жараёни қанчалик шаффоф? Албатта, бундай фавқулодда вазиятда қарорлар зудлик билан қабул қилинади. Ҳеч бир давлатда тайёр рецепт мавжуд эмас. Бироқ кейинги «тажриба» ишламаса, масъулиятни ким ўз бўйнига олади? Дезинфекция туннеллари, даволаш протоколларига киритилган ва кейинчалик улардан чиқариб юборилган дори-дармонлар бунга яққол мисол бўла олади".

Ҳаракат пандемия пайтида соғлиқни сақлаш тизимига ва бир қатор давлат идораларига мамлакат раҳбарияти ва фуқаролар томонидан кенг ваколатлар берилгани, самарали фаолият юритишлари учун шароитлар яратилди, аммо, ҳозирча, муносиб самара ва натижа кузатилмаётганини алоҳида тилга олган.

Бош вазир Тожикистонга борди

Тожикистонда ишчи ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов икки давлат делегацияси ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқалар борасида гапирган.

"Биздаги статистикага кўра сўнгги уч йилда ҳар икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари икки ярим баробарга ошди. Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти 2,1 баробарга ошган бўлса, Тожикистон экспорти қарийб 5 баробар ортди. Бундан келиб чиқадики, бизнинг муносабатларимиз фақат бир томонлама манфаатли ҳамкорлик эмас, балки ҳар икки томонга наф келтиради" - деган Абдулла Арипов.

Шунингдек, Бош вазир икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айланмасини $1 миллиардга етказиш имкони мавжудлигини маълум қилган.

Ҳокимлар ва ваколат

Ҳокимлар

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, Ҳокимлар қандай ваколатидан ажралмоқда?

Ҳокимларнинг айрим ваколатлари бекор қилинмоқда.

"Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қатор функция ва ваколатлари бекор қилинган.

•Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш билан ҳокимларнинг маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган қарорлар қабул қилиш ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган айрим қоидаларни белгилаш ваколати;

•"Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, ҳокимларнинг атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг йўл қўйиладиган нормативларини бузиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш ваколати;

•"Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун рухсатнома бериш ваколати;

•"Ўрмон тўғрисида"ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати.

Суғуртасиз машина ва жарима

Суғуртасиз автомобиллар жарима майдонига қўйилмайди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Хабарда президент имзолаган янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритилгани, эндиликда, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлиги, шунингдек суғурта полисининг ҳайдовчи ёнида бўлмаслиги транспорт воситаларини ушлаб туришга асос бўлмаслиги маълум қилинган.

Шунингдек, 28 сентябрь куни президент томонидан имзоланган «Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ушбу қонунга асосида 16 ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш вақтида ундан турар жойидан маълумотнома талаб қилиниши бекор қилинаётгани ҳам қўшимча қилинган.

Самарада ўзбеклар тўпланмаяптими?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2020 йил 29 сентябрь ҳолатига кўра, Россиянинг жанубидаги Самара вилоятининг "Кинел", Ростов вилоятининг "Первомайская" ва "Лихая" темир йўл станциялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти.

"Тўпланган барча фуқаролар автобус рейслари ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг махсус поездлари орқали ватанга қайтарилган. Шу муносабат билан ушбу станциялар яқинидаги махсус вақтинчалик лагерлар айни пайтда ёпилган" - дейилади вазирлик баёнотида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek