Ўзбекистон, гувоҳлар: Коронавирус чекка қишлоқларга ҳам кириб келди - у ерларда аҳвол қандай? O'zbekiston, Mirziyoyev, koronavirus, yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
Ўтган уч ҳафта давомида мамлакатнинг турли бурчакларидан Би-би-си билан гаплашган ўзбекистонликларнинг сўзларига кўра, коронавирус чекка қишлоқларга ҳам кириб бормоқда.
Шу вақтга қадар коронавирус пандемияси билан боғлиқ хабарлар, асосан, пойтахт Тошкент билан чекланиб қолаётган эди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бироқ, ҳудудлардан келаётган хабарлар вируснинг аҳоли зич яшамайдиган қишлоқларга ҳам кириб бораётганидан дарак бермоқда.
Гувоҳлар кўплаб қишлоқ одамлари ҳам коронавирус юқтириб ола бошлагани, ҳозирча, оғир аҳволдаги беморлар ва ўлим ҳолатлари сони у қадар юқори эмаслиги, аммо кимнингдир аҳволи ёмонлашиб қолса, мувофиқ даволаниш учун шароит мавжуд эмаслигини айтадилар.
Мавзунинг нозиклигини ҳисобга олган ҳолда, Би-би-си тақдим этажак ҳикоялардаги гувоҳларнинг исмлари ўзгартириб берилмоқда.
«Мадина», 33 ёш, Жиззах
Жиззах вилоятининг бир туманидан бўлган Мадина ўзининг ўқитувчи эканини айтади.
У бундан икки ҳафта муқаддам - мактаблар очилишига тайёргарлик давом этаётган пайтда коронавирусга мажбурий равишда тест топширгани ҳақида сўзлайди.
«Туман СEСига бориб, тест топширдим. Натижа манфий чиққани, аммо икки ҳафта давомида ўзимни изоляция қилиш, уйда ташқарига чиқмаслигим, ишга бормаслигим зарурлигини айтишди», дейди у.
Мадина нега натижа манфий чиққан бўлсада, унга коронавирус бемори каби тавсиялар беришганидан таажжубга тушганини билдиради.
Шунингдек у, ўзи яшайдиган совхоздаги деярли барчада коронавирус аломатлари борлиги, агар кимдир оғирлашиб қолса, қонни суюлтирувчи дорилар ёрдамида ўзини муолажа қилишга ҳаракат қилаётгани ҳақида гапиради.
«Оғирлашиб қолган одамлар бир кун уйда ётиб, аҳволи яхшилангач, эртасига яна кўчага чиқиб кетяпти. Ким бемор, ким соғлом - ҳеч кимнинг иши йўқ. Касал одамнинг олдига ҳеч ким келмаяпти, ҳеч ким карантинга олиб кетилмаяпти», давом этади у.
Мадинанинг сўзларига кўра, ҳозирча совхозда ҳаёт шундай давом этмоқда, ўта оғир аҳволдаги беморлар ва ўлим ҳолатлари кузатилмаяпти.
«Анвар», 60 ёшларда, Самарқанд

Сурат манбаси, Жордан Куилл
Самарқанднинг олис қишлоқларидан биридан Би-би-си билан алоқага чиққан 60 ёшлардаги Анвар ҳам ўзи яшайдиган ҳудуддаги вазиятни атрофлича тасвирлаб берди.
Унинг сўзларига кўра, қишлоқдаги ҳар иккинчи одамда коронавирус аломатлари мавжуд, аммо ҳаёт давом этмоқда, тўй-ҳашам, маъракалар тўхтамаган.
«Одамлар уйида уста ишлатиб ётибди. Усталарнинг ҳам бетоблиги кўриниб турибди. Уй эгасидан чанқаб кетдим, сув беринг, тарвуз беринг, деб чанқоғи қонгач яна ишига чиқиб кетяпти», сўзлайди ўзи ҳам коронавирус юқтириб олганини айтган Анвар.
Эркакнинг билдиришича, унинг қишлоғида ўта оғир аҳволдаги беморлар йўқ, аммо кимдир оғирлашиб қолса, беморни даволаш учун шароит ҳам йўқ.
"Тез ёрдам чақирсангиз келади, қонни суюлтировчи укол қилиб кетади. Бошқа ёрдам йўқ".
Анвар ўзининг укасида ҳам сўнгги кунларда муттасил йўтал пайдо бўлгани, лекин ўпкани рентген қилиш учун ўнлаб чақирим олисдаги Самарқанд шаҳрига бориш зарурлиги, бундай ноқулайлик туфайли эса кўпчилик одамлар таҳлил топширмаётганини билдиради.
«Одамлар ўзини билганича даволаниб юрибди. Кимдир лимон еяпти, кимдир қонни суюлтиради, деб турли баргларни қайнатиб ичяпти. Туманда ишлайдиган ҳамқишлоқ шифокор эса коронавирус бўйича мутахассис бўлиб кетган. У районга бориб ўтирманглар, борганингиз билан у ерда ҳеч ким сизга қарамайди, шу ерда мен айтганим бўйича даволанаверинг, деб маслаҳат беряпти», давом этади у.
Анвар касаллар кўплигига қарамай, тўйлар тўхтамагани ҳақида гапиради.
«Бир хонада бемор ётса, иккинчи хонада тўй бўляпти. Одамлар бемалол кириб-чиқиб юрибди».
«Нодир», 30 ёшлар атрофида, Навоий
Навоий шаҳрига туташ бўлган туманда яшовчи Нодир июль ойида охирида касалхоналар беморларга тўлиб кетгани, натижада бошқа жойлар ҳам беморларни даволашга мослаштирилганини маълум қилади.
Нодирнинг айтишича, ўша кунларда ўзи ҳам коронавирус юқтириб олган ва касалхонага ётган.
Шифокорлар беморларга яхши қараган бўлсада, кислород концентраторларининг ўткир етишмовчилиги кузатилган, одамлар концентраторларни навбатма-навбат ишлатишга мажбур бўлишган.
Бироқ Нодир ҳозирда ушбу тумандаги вазият барқарорлашгани, соғлиқни сақлаш тизими тартибли ишлаётганини айтади.
«Нилуфар», Наманган

Сурат манбаси, official
Наманган туманларининг биридан Би-би-сига қўнғироқ қилган Нилуфар ўзининг шифокор экани, бутун ёз коронавирус беморларини даволашда иштирок этгани, сентябрь ойига келиб ўзи ҳам касалланиб қолгани, аммо тиббиёт ходими бўла туриб, ўзига даволаниш учун жой топилмаганини иддао қилади.
Унинг сўзларига кўра, у ишлаган коронавирус беморлари учун мослаштирилган бино одамларга тўлиб-тошиб кетган, беморлар, ҳатто, ерда ётишга мажбур бўлган.
Маҳаллий масъуллар эса коронавирус тасдиқланган таҳлил натижаларини расмий статистикага киритмасликка кўрсатма берган.
Нилуфар ўзи каби кўплаб ҳамкасблари коронавирус юқтириб олгани, аммо муносиб даволанишга имконият топа олмаётганини қўшимча қилади.
Статистика ишончли эмасми?
Мустақил тасдиқлашнинг имкони йўқ ушбу ҳикоялар фонида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари чекка ҳудудларда вазият жиддийлашиб бораётгани таъкидланган кўплаб хабарлар қолдирмоқда.
Бироқ коронавирусга алоқадор айрим хабарларда пойтахтда ҳам вазият у қадар яхши эмаслиги айтилади.
Таниқли ресторатор Баҳриддин Чустийнинг Facebook'да ёзишича, унинг бир ойдан кўпроқ ўтган беморлигининг биринчи ярми Тошкент шаҳридаги шифохоналардан бирида ўтган.
У ушбу шифохонада бошидан кечирганларини шундай тасвирлайди:
"…уч кунда бир у бўлимдан бу бўлимга кислородсиз, шифокор назоратисиз, ҳамширалар аравада эшик олдига ташлаб кетишар эди. 3-қаватга битта зина кўтарилиб, сўнгра ўтириб, бир соатда чиқар эдим. Энг қизиғи, ҳали тўлиқ даволамай туриб, бўлим бошлиғи икки марта менга жавоб бериб юборган, биринчи марта ҳушимдан кетиб, икки кунга қолдиришган. Икки кундан сўнг эса максимал кислород билан сатурация 77, иситма 38,5 бўлиб турган пайтда, яна ўша бўлим бошлиғи укамга телефон қилиб «акангга аллақачон жавоб бўлган, сизларни чиқазиб юбориш учун Миллий гвардия чақириш керакми, қўлимда бош врач қўл қўйган қоғозлар турибди, биз уни даволаб бўлдик, энди уни касали руҳий, унга психолог керак», деб дағдаға қилган. Ваҳоланки ўша пайтда психолог эмас, кислород керак эди".

Сурат манбаси, facebook
Бир вақтнинг ўзида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати масъул идоралар раҳбарлари коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазият юзасидан холис ахборот беришга чақирилган баёнот эълон қилган.
Баёнотда коронавирус билан боғлиқ статистиканинг ишончли экани савол остига олинган.
Ҳаракат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 сентябрь (соат 10:00) ҳолатига кўра, касалхоналарда 3,139 бемор даволанаётгани тўғрисида хабар бергани, аммо бу рақамлар ҳақиқий манзарани ўзида акс эттиришига шубҳа билдирган.
"Аммо уйда даволанаётган беморларнинг умумий соничи? Агар тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар бор-йўғи 3 139 нафар бўлса, нега ҳали ҳам шифохоналарда жой етишмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда ва зудлик билан янги жойлар ташкил этилмоқда? Масалан, биргина Тошкентда қўшимча равишда 10 000 та ётоқ ўринлари ташкил этиш режалаштирилган", дейилади ҳаракат баёнотида.
Бундан ташқари баёнотда коронавирусга тест топширишда ҳануз қийинчиликлар мавжудлиги ва тест таҳлили натижалари ҳам аҳоли орасида ишончсизликка сабаб бўлаётгани борасида сўз боради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















