Ўзбекистон, коронавирус: Карантиндан тиббиёт тизими тин олдими? O'zbekiston Koronavirus

Тана ҳароратини текшириш

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда икки шанба-якшанба транспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилишини ўз ичига олган қаттиқ чекловлар ортидан соғлиқни сақлаш тизимига босим пасайгани айтилди.

Республика коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқиловнинг 3 август куни айтишича, ҳозирга келиб "вазият жиловланган, шифокорларимиз тайёр, керакли асбоб-ускуналар шай ҳолатга келтирилган. Захиралар ва койка ўринлари ҳам етарли".

Ҳабибулло Оқилов сўзларига кўра, агар карантин чекловлари юмшатилиб, касалланадиганлар сони кўпаядиган бўлса ҳам, вазиятни назоратга олишга соғлиқни сақлаш тизими ва ҳокимиятларнинг имконияти етарли.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзосининг айтишича, коронавирусни енгил шаклда ўтказаётган беморларга уйда даволанишга рухсат берилгач, койкаларнинг маълум қисми бўшаган ва бемор қабул қилиш имконияти ошган.

Жамоатчилик Ўзбекистондаги коронавирус вазияти билан боғлиқ берилаётган баёнотлар ҳақиқий аҳволга тўғри келмаётганини кўп бора кузатди. Шунинг учун ҳам "тиббиёт тизими касаллик ҳолатлари кўпайишига тайёр" деган баёнот ҳам шубҳа билан қабул қилинди.

Таниқли блоггер Муҳрим шундай ёзди:

"Профессор Ҳабибулла Оқилов: «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими карантин юмшатилишига тайёр», дебди. Худди шу вақтда Чилонзордаги олимпия коллежи спорт залларида навбатдаги стационар ҳозирланяпти. Ким билсин, балки Оқиловга «шундай дегин» дейишгандир («пахтани ким теради?», дейди-ку қайсидир кинода).

Масалан, беморлар сони ҳақиқатда камайгани учун стационарларни ёпаётган Қирғизистон расмийлари Оқилов айтган гапни айтишни ҳали ўйлагани ҳам йўқ шекилли. «Чўққидан ўтдик, койкалар бўшай бошлади», деган Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирида ҳам Оқиловдагичалик дадиллик йўқ (чунки билмайди нима бўлишини).

«Вертолёт пулларга ҳожат йўқ» деб (афтидан, фақат ўзини назарда тутиб) гапиришни биладиган номи улуғ тадқиқот марказларимиз профессорларимизнинг мана бунақа баёнотларини қувватлантириб турса бўларди, ҳар хил графиклар чиқариб, плюс-минуслар қилиб: «Дарҳақиқат, койкалар сони фалон мингта бўлди, аҳолини тахминан фалон миллиони касалланиб тузалиб бўлган, карантин юмшатилса ҳам энди июлдагидек фалокат бўлмайди», деб".

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги душанба куни янги рақамларни эълон қилди.

Вазирликка кўра, 3 август соат 16:00 гача яна 513 ўзбекистонлик Covid-19 ни юқтиргани аниқланган.

Мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг жами сони 26066 тага етди, деб маълум қилинди.

Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганларнинг 64 фоизи соғайгани ва уларнинг сони 16838 нафар экани айтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятилик яна икки инсон коронавирусдан вафот этганини, бу хасталикдан 155 киши ҳаётдан кўз юмганини хабар қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek