Ўзбекистон: Навоий ва Бухоро ҳокимлари коронавирус юқтирди – янгиликлар O'zbekiston Koronavirus

Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов коронавирус юқтириб олиш ортидан даволаниш муолажалари олмоқда.
Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Турсунов 2020 йилнинг 27 июлидан буён Тошкент шаҳрида даволанаётганини маълум қилган.
30 июлда ўтган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари эса Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ва Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловнинг коронавирус юқтириб олганини тасдиқлашган.
"Тасдиқлай оламиз. Ҳозирда бемор коронавирус билан касалланган", деган Республика ихтисослаштирилган Эндокрионология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимов Ўктам Барноев ҳақида.
Коронавирусга қарши штаб аъзоси Ҳабибулла Оқилов Бухоро вилояти ҳокимининг ҳам ҳақиқатан шифохонада даволанаётганини айтган.
Бироқ брифинг давомида коронавирус юқтириб олган бу расмийларнинг ҳозирги аҳволи борасида аниқ маълумотлар берилмаган.
Бунга қадар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг коронавирусга чалингани тасдиқланган эди.
30 июл кунги брифингда Анвар Алимов Ерниязовнинг айни вақтда Нукусда даволанаётгани, унинг аҳволи оғир ва ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратига улаб қўйилганини маълум қилган.
Шунингдек, 30 июл куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодманов Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида стационар шароитда даволаш муолажаларини олаётгани расман эълон қилинган, аммо унинг шифохонага ётқизилиш сабабига аниқлик киритилмаган.
30 июл куни Ўзбекистонда рекорд даражада - 686 ҳолатда касаллик қайд этилган.
31 июл соат 10:00 ҳолатига кўра эса, Ўзбекистонда коронавирус беморлари сони 287 нафарга кўпайиб, умумий беморлар сони 23,558 нафарга етган.
Айни пайтда 9,741 бемор касалхоналарда қолмоқда, улардан 436 нафари оғир, 181 нафари эса ўта оғир аҳволда экани хабар қилинган.
Қайд этилган ўлимлар сони 137 та.
Афғонистондаги сулҳни олқишлаймиз — Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги
Ўзбекистон муқаддас Қурбон ҳайити муносабати билан Афғонистонда уч кунлик сулҳ эълон қилинганини олқишлайди, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.
"Ушбу муборак кунларда ўт очишнинг тўхтатилиши афғонлараро тинчлик музокараларини бошлаш учун зарур шароит яратишига умид қиламиз. Ўзбекистон барча афғон томонларини мамлакатнинг тинч келажаги йўлида ушбу эзгу мақсадга эришишда оқиллик ва конструктив ёндашув намойиш этишга чақиради", қўшимча қилинган ушбу баёнотда.
Прокурор Шаҳрисабз ҳокими бўлди
30 июл куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида тумандаги аҳволдан норозилик билдирган.
"Тумандаги 30 та мактабларда иситиш тизими йўқ, 6 таси таъмирталаб. Мактабгача таълимга қамров 47 фоиз. Энг ачинарлиси Президентимиз қарори билан бугун вилоятдаги 20 000 та эҳтиёжманд оилага 1 миллион сўмдан нақд пул берилиши бошланган эди. Аммо, ушбу туманда 1040 нафар эҳтиёжманд оила бўла туриб, бугун ушбу хайрли иш амалга оширилмади. Сабаби — масъулларда ҳисоб-китоб бўлмаган", дея сессияда кўтарилган масалалар борасида хабар берди Қашқадарё вилоят ҳокимлиги.
Натижада, туман ҳокими Исроил Аманов ишдан олинган, унинг ўрнига Муборак тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётган адлия маслаҳатчиси Самад Ҳасанов сайланган.
Янги ўқув йилига уч сценарий
Халқ таълими вазирлиги ўқув йилини бошлаш бўйича учта сценарий устида иш олиб бормоқда.
Вазирлик Ахборот хизмати маълумотларга кўра:
1-сценарий: Пандемия ҳолати барқарорлашиб, мактаблар одатий тартибда ўз фаолиятини бошлайди.
2-сценарий: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда болаларда вирус кечиши бўйича хулосаси ижобий бўлмаган тақдирда таълим онлайн тартибда давом эттирилишига тўғри келиши мумкин.
3-сценарий: Гибрид сценарий бўлиб, мактаблар очилади. Мактаблар ҳам синф тизимига ўтказилади. Фақат маълум бир ҳудуд, мактаб ҳолатидан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг онлайн дарсларда ёки мактабдаги дарсларда билим олиши давом эттирилади.
Вазирлик булар ичидан биринчи сценарий энг мақбул йўл эканини билдирмоқда.
Хабарда якуний хулоса Республика махсус комиссиясининг қарори билан эълон қилиниши қўшимча қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















