You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Соғлиқни сақлаш вазири ҳам шифохонага тушди - O'zbekiston koronavirus
Ўзбекистон: Соғлиқни сақлаш вазири ҳам шифохонага тушди - вазир Алишер Шодмонов Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига ётқизилди.
Расмий хабарда бунинг аниқ сабаби очиқланмаган, аммо вазир Алишер Шодмоновнинг стационар шароитда режали даволаш муолажаларини олаётгани айтилган.
Янгилик Ўзбекистонда коронавирус ва пневмония билан боғлиқ аҳвол кескин ёмонлашган ва одамларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлаётган бир пайтга тўғри келган.
Кеча, чоршанба куни Ўзбекистонда Covid - 19 га масъул мулозимда коронавирус топилган.
Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековда Covid - 19 аниқланган.
Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирусга чалинган энг юқори мартабали соғлиқ мулозимга айланган.
Унинг ҳам ҳозир касалхонада даволанаётгани маълум бўлган.
Ўзбекистонда коронавирус расман қайд этилган ўтган тўрт ойдан ортиқроқ вақт ичида бунақаси кузатилмаган.
Ўзбекистонда ҳозирга келиб жами коронавирус ҳоллари расман 23 мингдан ортган.
Аммо бу рақамлар шахсан мамлакат президенти ҳам яқинда Ўзбекистонда ҳозир кенг тарқалаётганини алоҳида эътироф, қайд этган пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.
Мустақил экспертлар ва оддий ўзбекистонликлар ўзларининг ҳисоб-китоблари эса, шу ҳолатда ҳам, ҳақиқий рақамларнинг расмийсидан анча кўп эканига далолат қилади.
Ўзбекистон 20 апрелдан бошлаб, пандемия боис, бутун мамлакат бўйлаб жорий этилган ва ҳафталарки амалда бўлган карантин чораларини юмшатишга киришган.
Лекин бунинг ортидан вазият кескин ёмонлашаркан, 10 июлдан бошлаб қайта қатъий карантин чораларига қайтган ва куни кеча тартибни 15 августга қадар узайтирган.
Коронавирус: Covid-19 энг ёмони, аммо чегаралар очилиши керак - Ўзбекистон дунё видео
Covid - 19 га масъул мулозимда коронавирус топилди
Хабарни мулозимнинг ўзи Ўзбекистондаги етакчи kun.uz интернет нашрига тасдиқлаган.
Нурмат Отабеков коронавирусга чалинганини лаборатория текширувлари кўрсатганини билдирган.
Маҳаллий вақт билан кечки соатларда юзага чиққанига қарамай, янгилик Ўзбекистондаги аксарият интернет нашрларининг диққат-эътиборига тушган хабарга айланган, сарлавҳаларга чиққан.
Хабар Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган бир манзарада юзага чиққан.
Ўзбекистонда янги антирекорд қайд этилган бир кунга тўғри келган.
Кеча, 29 июль куни Ўзбекистонда бир кунда жами 692 та коронавирус ҳолати аниқланган.
Бунақаси Ўзбекистонда коронавирус расман қайд этилган 15 мартдан буён кузатилмаган.
Устига устак, янги антирекорд ҳам Ўзбекистонда кучайтирилган карантин тартиби яна узайтирилган, амалда бўлган бир манзарада бўй кўрсатган.
Шу хабарнинг ўзидаёқ улардан 365 нафарининг аҳволи оғир, яна 172 тасининг ҳолати жуда оғир экани айтилган.
Нурмат Отабековнинг ўзи коронавирусни қандай юқтиргани сабабини очиқлагандек бўлган.
Мулозим буни ўтган "тўрт ойдан кўпроқ вақт ичида коронавирусга чалинганлар билан билиб-билмай мулоқотда бўлиш натижаси" билан изоҳлаган.
Унинг айтишича, жиддий клиник белгилари кузатилмасдан туриб, лаборатория натижаларига асосланиб, касалхонага ётишга қарор қилган.
"Ҳозир даволаш муолажаларини олмоқда".
"Ҳадемай, Худо хоҳласа, соғайиб сафга қайтаман", - деб айтган Нурмат Отабеков.
Унга кўра, "албатта, бу каби ноқулайликларнинг юзага келиши Яратганнинг амри ва бунга ҳеч нарса деб бўлмайди".
"Энг асосийси - касалликни енгиб ўтиб, севган, яхши кўрган касбимиз билан шуғулланиб, халқимизга фойдамиз, самарамиз тегса, бу - энг катта ютуғимиз", деб айтган мулозим.
У суҳбат якунида ўзининг соғлигига бефарқ бўлмаган барчага омад тилаб, яқин кунларда кўришиш истагини изҳор этиб қолган.
Бундан аввал Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири коронавирусга чалингани, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирида пневмония, унинг ўринбосарида эса коронавирус аниқланганига оид хабарлар олинган.
Худди шу бугун Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ўктам Барноевнинг ҳам коронавирусга чалингани ва ҳозир даволанаётгани расман маълум қилинган.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, сенатор Муса Ерниязовнинг аҳволи оғирлиги айтилган.
Унинг "респиратор муолажалар олаётгани, ўпкани сунъий шамоллатиш тартибида даволанаётгани" билдирилган.
Расмий хабарларга кўра, коронавирусга чалинган Сурхондарё вилояти ҳокими ҳолати бўйича ҳам туркиялик мутахассислар билан онлайн консультация ўтказилган.
Тўра Боболовни даволаш стандартларига тузатишлар киритилган.
Кеча, 29 июль куни Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсуновнинг коронавирусдан вафот этгани ҳам хабар қилинган.
Карантин чораларини юмшатишни бошларкан, минтақада ҳам сўнгги ҳафталарда вазият кескин ёмонлашган.
Жами коронавирус ҳоллари 140 мингдан ошган. Ўлим ҳоллари жиддий ортган.
Ҳақиқий рақамларнинг расмийсидан бир неча баробар кўп эканига оид хавотирлар ҳам бор.
Ўзбекистоннинг ортидан, Қозоғистон ҳам каратинни узайтирган.
Қозоғистон коронавирус кўрсаткичлари бўйича Хитойни ортда қолдирган. Жами рақамлар 90 мингга яқинлашган.
Ўзбекистон кўргазма заллари, спорт мажмуаларини касалхоналарга айлантиришга киришган.
Беморларни даволашга ҳатто ҳарбийларни жалб этишга қарор қилгани ҳам айтилган.
Қирғизистондаги кўрсаткичлар ҳам халқаро миқёсда хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.
Ғарбнинг энг нуфузли нашрлари диққат-эътиборига тушган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek