Ўзбекистон: Вазир ўринбосари коронавирусдан вафот этдими? - O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 2 дақ

29 июль куни Ўзбекистон Молия вазирининг ўринбосари Ёрқин Турсуновнинг вафот этгани хабар қилинди.

Бу ҳақида вазирлик ахборот хизмати хабар берган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида яшаган Ё.Т. га 27 июль куни ўта оғир кўринишдаги Covid-19 ташхиси қўйилганини маълум қилган.

Коронавирус: Covid-19 энг ёмони, аммо чегаралар очилиши керак - Ўзбекистон дунё видео

Вазирлик марҳумнинг ўлим сабабига тўхталмаган, аммо Кун.уз ўз манбасига таянган ҳолда Турсуновнинг коронавирус инфекциясини юқтириб олиши ортидан оламдан ўтганини ёзган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 28 июль куни Ўзбекистонда коронавирус беморларининг кунлик қайд этилишида навбатдаги антирекорд кузатилган.

Ушбу кун давомида 684 нафар янги бемор аниқланган, Тошкент шаҳрида 5 бемор оламдан ўтган.

29 июль соат 16.00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган жами беморлар сони 22,169 нафарга етган.

9,776 бемор касалхоналарда даволанмоқда.

Қайд этилган ўлим ҳолатлари сони 128 та.

Тақсимлаш марказлари кўпаймоқда

Тошкент шаҳридаги "Ўзекспомарказ"да коронавирусга гумон қилинганларни тақсимлаш маркази иш бошлаши ортидан вилоятларда ҳам айни тартибдаги марказлар очила бошлаган.

Жумладан, Қашқадарёда 1,200 ўринга мўлжалланган шу турдаги 3 та тақсимот маркази иш бошлаши хабар қилинган.

Фарғона вилоятида ҳокимлиги эса вилоятда 1 августга қадар режаланган 12,600 та захира жойни тайёрлаш ишлари ниҳоясига етаётганини маълум қилган.

Сирдарё вилоятида ҳам қўшимча 1,500 ўрин тайёрланаётгани айтилган.

Вилоятлардаги бундай тайёргарлик ишлари коронавирус беморлари сони ҳали кескин ортиши эҳтимоли мавжудлигидан дарак бераётган бўлиши мумкин.

Электрон хизматлардан фойдаланинг - ДХА

Давлат хизматлари агентлиги аҳолидан кўпроқ электрон хизматлардан фойдаланишни сўрамоқда.

Бунга агентлик марказларида одамлар оқимининг юқори бўлиб кетаётгани, тартибни сақлаш қийин бўлаётгани ва агентлик ходимларининг коронавирус юқтириб олаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

«Қатъий чоралар кўрилган бўлсада, бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги тизимининг 57 нафар ходими COVID-19 га чалинган бўлиб, 1 нафар мутахассис ушбу вирусдан вафот этган», маълум қилган агентлик матбуот хизмати.

Бозордаги тест маркази

«Олой» бозори автотураргоҳида коронавирусга тест олиш пунктлари ташкил этилмоқда.

Бу ҳақида Тошкент шаҳар Юнусобод ҳокимияти хабар бермоқда.

«Мазкур ҳудудда аҳолидан COVID-19 га тест олиш ва унинг натижаларини 24 соат мобайнида интернет орқали олиш имконияти мавжуд бўлади», дейилади ҳокимлик хабарида.

Ўзбекистонда свет ўчмаяптими?

Аввалроқ «Миллий электр тармоқлари» АЖ электр энергиясига бўлган талаб сезиларли ошаётгани ва бошқа омиллар сабабли 21-24 июль кунлари электр таъминоти тизимига 0,8-1,0 % миқдорда чекловлар киритилишини маълум қилган эди.

Расмий хабарга кўра эса, ҳозирда Ўзбекистонда электр энергияси танқислиги мавжуд эмас.

Хабарда электр энергияси танқислиги иссиқлик электр станцияларига белгиланган миқдордан 10-12 фоиз кўпроқ табиий газ етказиб бериш ҳисобига бартараф этилгани айтилади.

Июль ойининг ўртасида Ўзбекистон Россияга табиий газ экспортини тўхтатгани, Хитойга газ экспорти уч бараварга қисқартиргани маълум бўлган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek