Россия, мигрантлар: Ўрмондаги муҳожирлар қабристонига кимлар кўмилган? - Rossiya, migrantlar

Россия ўрмонида пайдо бўлган мигрантлар қабристони, машина аравасига бекиниб чегарадан ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар, коронавирусга қарши вакцинанинг оммага чиқарилиши - Россия кундаликларида.

3 марҳумнинг шахси аниқланмоқда

Июль ойининг бошида Якутск шаҳри Птицфабрика тумани ҳудудидаги ўрмонда муҳожирларнинг қабристони аниқланган. Тумандаги расмий қабристондан 300 метр узоқликдаги масофада 5 та қабр ва унинг атрофида тобутлар топилган.

Бу воқеа Россия Тергов қўмитасини жалб этди, тезда тергов-суриштирув ишлари бошланди.

- Кўмилган икки кишининг шахси аниқланди, марҳумлар Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлганликлари маълум. Қолган 3 марҳумнинг шахси аниқланмоқда. Бу ишга Якутск шаҳридаги миллий жамиятлар раҳбарлари жалб қилинган, - хабар қилди «Ритуал» ташкилоти директори «Ритуал» Парфирий Шестаков.

Шаҳарда қабр ерлари қиммат

Норасмий қабристоннинг битта қабрига ёдгорлик тоши ҳам ўрнатилган. Қолганларида қабрлар кимга тегишлилиги борасида бошқа бирон бир белги йўқ.

Тергов жараёнларининг сўнггида ушбу ўзбошимчалик билан барпо этилган қабристон бўйича қарор қабул қилинади.

Ҳозирча эса аниқланишича, муҳожирлар қабристони пандемия ортидан юзага келган.

Сўнгги ойларда чегаралар ёпиқлиги сабабли Россия ҳудудида вафот этаётган мигрантларнинг жасадларини ватанга қайтариш осон кечмаётир. Бунинг устига катта шаҳарлардаги расмий қабристонларга марҳумларни кўмиш учун ер олиш нархи жуда баланд. Шу сабабли муҳожирлар яқинларининг жасадини узоқ ҳудудлардаги четроқ ерларга кўмишга мажбур бўлишган.

Чегарадан яширинча ўтгани учун қамалди

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 8 нафар фуқароси Россияда давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринди, дея хабар қилмоқда РФ Тергов қўмитаси.

Краснодар ўлкасининг «Караузак» чегара пунктида ўтаётган автомобиллар текширилаётганда мигрантлар транспорт воситаларининг аравача қисмига бекинган ҳолатда топилган.

Қонунбузарлар Қалмиқ Республикаси ва Астрахан вилояти ФХХ бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.

Давлат чегарасини ноқунуний бузиб ўтишда айбланган 8 нафар муҳожирнинг иши бўйича бўлиб ўтган судда Краснодар туман суди уларни айбдор деб топди.

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантлар машинада бекиниб чегарадан ўтишга урингани учун 1 йилдан ошиқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.

Россия вакцинаси оммага чиқарилиш арафасида

Гамалея номли миллий тадқиқот маркази ишлаб чиққан коронавирус вакцинаси 15-16 августда оммага тақдим этилиши кутилмоқда.

- Россия соғликни назорати ташкилоти (Росздравнадзор) текширувидан сўнг, 12 августга қадар вакцинани қайд этиш хужжатлари тайёр бўлади. Шундан сўнг фуқароларга рухсат берилади, - деб ёзмоқда РИА Новости манбасига таяниб.

Айни пайтда вакцина таҳлиллар марказига берилган. Албатта, натижалар тўлиқ ижобий бўлса, шундан кейингина вакцина омма учун имконли бўлади, таъкидланади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Россия Гамалеи номидаги миллий тадқиқот маркази ва Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Covid-19 га қарши экспериментал вакцина ишлаб чиқилганини маълум қилганди. Бу вакцина ҳарбийларда синаб кўрилгани ва улар клиникаларни тарк этаётганда ўзларини яхши ҳис қилишгани, акс таъсирлар кузатилмаганини билдирилган.

Тадқиқот Россия Тўғридан-тўғри инвестициялар фонди томонидан молиялаштирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek