Коронавирус: Саудия Арабистонида бунақаси бу яқин ўртада бўлмаган O'zbekiston, koronavirus, musulmonlar

Сурат манбаси, Getty Images
Коронавирус: Саудия Арабистонида бунақаси бу яқин орада бўлмаган - подшоҳликда бор-йўғи 1000 кишилик Ҳаж зиёрати бошланмоқда. Глобал коронавирус пандемияси боис, бу йилги Ҳаж зиёратида ўзбекистонликлари илова четдан бирор бир зиёратчи иштирок этмайди:
Қиёсан олганда, ўтган йили бу рақамлар 2 миллиондан ортиқроқни ташкил этган. Улардан аксарияти эса, айнан чет элликлар бўлишган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистондан жами 7 мингдан ортиқ киши Ҳаж зиёратини адо этиб келган.
Бу йилги Ҳаж зиёрати глобал коронавирус пандемияси ҳануз ўз шиддатини бўшаштирмаган бир пайтга тўғри келган.
Ҳозирга келиб, дунёда коронавирусга чалинганлар сони қарийб 17 миллион кишига яқинлашган.
Уларнинг 600 мингдан ортиқроғи аллақачон ҳаётдан кўз юмган.
Ҳатто, шунда ҳам, яқинда ҳали энг ёмони олдинда эканига оид огоҳликлар-да янграган.
Пандемия билан боғлиқ бу каби аҳвол жорий йилда Ҳаж зиёратининг буткул бекор қилинишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Саудия Арабистони орада расман дунё мусулмонларини зиёратга шошмай туришга ҳам чақириб чиққан.
Бу йилги Ҳаж зиёрати борасида ўзининг якуний қарорини эса, подшоҳлик, алал-оқибат, ўтган ой якунига келибгина эълон қилган.
Саудия хорижликлар учун Ҳаж зиёратини бекор қилган, зиёратчилар сонини фақат подшоҳликда яшовчи минг киши билан чеклаган.
Бунгача Индонезия ва Малайзия илова дунёнинг энг йирик мусулмон давлатлари ўз фуқароларига Ҳажни тақиқлаб ҳам улгуришган.
Улар ҳам айнан глобал коронавирус пандемияси боис, бу йил Ҳажга ҳеч кимни юбормасликларини маълум қилишган.
Худди шу манзарада аксар аҳолиси мусулмон бўлган минтақа давлатларининг бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқишгани кузатилмаганди.
Саудия Арабистони ва коронавирус

Саудия Арабистонида илк коронавирус ҳолати расман шу йилнинг 2 март куни қайд этилган.
Коронавирусни жиловлаш учун март ойининг ўзидаёқ деярли бутун подшоҳлик бўйлаб комендантлик соати жорий этилган, яна бошқа қатор кескин чеклов чораларига қўл урилган, масжидлар, муқаддас сатҳлар ҳам ёпиб қўйилганди.
Ҳозирга келиб, подшоҳликда жами коронавирус ҳоллари 260 мингтадан ортган.
Вирус уч мингга яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Бу жорий пайтда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо олти давлат орасидаги энг юқори кўрсаткич бўлади.
Саудия Арабистони ўтган ой охирида комендантлик соатини бекор қилган.
Барча турдаги тижорат, савдо-сотиққа ҳам рухсат берган.
Аммо халқаро парвозлар ва зиёратларга қўйилган тақиқни ўз кучида қолдирган.
Худди шу қароридан икки кун ўтиб, бу йилги чекланган Ҳаж зиёратига оид билдиришномаси билан чиққан.
Бунинг сабабини Ҳаж зиёрати чоғида фақат шу йўл билан ижтимоий масофа сақлаш ва зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсади билан изоҳлаган.
Саудия Арабистони айнан коронавирус хавфи боис, "Умра виза"лари беришни ҳам шу йил февраль ойидан бошлаб тўхтатиб қўйган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Саудия Арабистони мамлакатга туристлар оқимини кучайтириш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.
Бу валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг иқтисодий ислоҳотлар режасининг асос нуқталаридан бири бўлади.
Муқаддас Ҳаж зиёратининг буткул бекор қилиниши бу яқин ўрталарда кузатилмаган.
Аммо 2014 йилги Эбола эпидемияси вақтида бўлгани каби, касаллик кенг тарқалган ҳудудлардан зиёратчилар келиши чекланган.
Ўзбекистон, минтақа ва коронавирус

Сурат манбаси, Muslim.uz
Ўзбекистон эса, минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Аҳолисининг сони расман 34 миллиондан ортади.
Марказий Осиёдан Ҳажга энг кўп зиёратчи айнан Ўзбекистондан боради.
Саудия Арабистонида 2017 йилда Ўзбекистонга бераётган квоталарини қарийб 40 фоизга оширган.
Ўзбекистондан ҳам ҳар йили минглаб зиёратчилар Умра ва Ҳаж зиёратини адо этиб келишган.
Ўзбекистонда коронавирус ва ундан ўлим ҳолати Умра зиёратидан қайтиб келганлар орасида ҳам қайд этилган.
Қирғизистонда ҳам Умра зиёратидан қайтганлар карантин остига олинган, илк коронавирус ҳоллари эса, айнан зиёратчиларда аниқланган.
Зиёратдан қайтгач, уюштирган зиёфатлари билан коронавирус манбаси бўлишда ҳам масъуллар томонидан танқидларга тутилишган.

Сурат манбаси, official
Бугун, 28 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами коронавирус ҳоллари 21 мингтадан ортган.
Бу - минтақа давлатлари орасидан Қозоғистон ва Қирғизистондан кейинги иккинчи йирик кўрсаткич бўлади.
Аммо Қурбон Ҳайити минтақада коронавирус билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган бир пайтга тўғри келган.
Кучайтирилган карантин тартиби юмшатилиши ортидан, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда коронавирус шиддат билан тарқалишни бошлаган.
Жадаллик билан аҳоли орасига кириб борган, вирусга чалиниш ва ўлим ҳоллари бир неча баробарига сакраб кетган.
Саноқли ҳафталарнинг ичида минтақада жами коронавирус ҳоллари расман 140 мингдан ортган.
Мустақил экспертлар ва маҳаллий кузатувчилар эса, ҳақиқий рақамлар расмийсидан анча кўп эканини таъкидлаб келишади.
Қозоғистон, Ўзбекистон яқинда яна кучайтирилган карантин тартибига қайтган ва дунёда бу ишга қўл урган илк давлатларга айланишган.
Бу икки давлатда мусулмонлар Қурбон Ҳайитини ҳам кучайтирилган карантин тартиби амалда бўлган бир шароитда байрам қилишади.
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгашининг фатвоси ҳам фақат Қурбон Ҳайити намозини уйда ўқиш тавсияси билан чеклнмаган.
Фатвода мусулмонлардан яна айнан карантин шароитини назарда тутиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик тавсия этилган.
Уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишлари лозимлиги айтилган.
Карантин қоидаларига қатъий амал қилишлари, ўзлари ва яқинларини эҳтиёт қилишлари сўраб қолинган.
Айнан коронавирус хавфи боис, Қурбон Ҳайити намозларининг ҳам Ўзбекистон илова қолган барча минтақа давлатларида уйда адо этиш буюрилган.
Аммо Саудия Арабистонининг ўзида ҳайит намозининг муайян масжидларда ўқилиши мумкинлигига оид хабарлар бор.
Муқаддас ва фарз бўлган Ҳаж зиёратини ҳар йил икки ярим миллионга яқин мусулмон адо этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














