Ўзбекистон: Мол ахлати оқиб келадиган ичимлик сувимиз ҳам тўхтаб қолди – Андижон O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон: Мол ахлати оқиб келадиган ичимлик сувимиз ҳам тўхтаб қолди - пандемия шароитида аксар ўзбекистонликлар озиқ-овқат каби бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари билан муаммога дуч келдилар. Бироқ Андижон вилояти Андижон туманидан Би-би-сига боғланган инсонлар тирикликнинг энг муҳим манбайи бўлмиш ичимлик суви билан ўткир муаммони бошдан кечираётганликларини маълум қилдилар:

Уларнинг сўзларига кўра, Андижон туманидаги Қўнжи қишлоғи таркибига кирувчи камида 5 маҳалла ҳамда қўшни Асака туманидаги бир қанча қишлоқларнинг 10 минг чоғли аҳолиси 2014-2015 йиллардан буён ичимлик суви тақчиллигидан азият чекиб келмоқда.

Маҳаллий одамлар мазкур йилда сув муаммоси ўз чўққисига чиққани, водопровод ўчганига деярли уч ой бўлгани, аҳолининг ягона жон сақлаш манбайи, бироқ суви ифлос бўлган ариқ ҳам бир неча кунга қуриб қолганини айтадилар.

«Одамлар чанқоққа чидамаяпти»

Қўнжиликлар ўз яшаш ҳудудлари адирда жойлашганидан қудуқ қазиб, сув чиқаришнинг деярли имкони йўқ эканини маълум қиладилар.

Уларнинг ҳикоя қилишича, бундан беш-олти йил аввал сув билан бундай муаммо кузатилмаган.

Бироқ ўтган йиллар давомида аҳоли ҳар ёзни сувсиз ўтказа бошлаган.

«Олдин кранда сув яхши эди. Шу 2014 ё 2015 йилдан бери кран ёзда уч ойга ўчадиган бўлиб қолди. Кузга бориб, яна сув келар эди», сўзлайди Искандар исмли қўнжилик йигит.

Шундан сўнг одамлар ёз ойлари "Эшонариқ" номли маҳаллий ариқ сувини ичишга кўникишга мажбур бўла бошлаган.

Аммо улар ариқ суви сифати гигиена талабларига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлайдилар.

Июль ойининг ўртасида эса, ҳатто, шу ариқнинг ифлос суви ҳам олти кунга қуриб қолган, аксар одамлар унинг тубида қолган кўлмак сувни ичишдан ўзга чора топа олмаган.

"Шу ариқда молнинг ахлатига пашшалар қўниб келишини кўрсак ҳам, мажбур ичаётган эдик. Шу ҳам қуриб қолди. Одамлар чанқоққа чидамай кетяпти. Дўконлардаги гидролайф сувлар ҳам тугади", куйинади маҳаллий оқсоқоллардан бири.

«Машинаси борлар беш километр наридан сув ташиб ичяпти», сўзлайди яна бир қўнжилик йигит.

Лекин қишлоқ одамлари Би-би-си билан суҳбатда ҳаммада ҳам бундай имконият йўқлигини айтади.

Муаммо сабаби ғишт заводларими?

Қўнжидаги сув муаммоси нафақат одамлар, балки уларнинг тирикчилиги асоси бўлган деҳқончилик ва чорвачиликка ҳам жиддий таъсир кўрсатган.

«Сувсизликдан экинларимиз ҳам қуриб боряпти. Зўрға қиладиган деҳқончилигимиз ҳам бу йил бўлмаяпти», дейди қўнжилик Искандар.

Маҳаллий аҳоли жазирама кунларда ичимлик суви таъминотининг тўхтаб қолгани сабаблари ҳудуддаги ғишт заводларига бориб тақалиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

«Боғишамол деган жойгача ҳудудни ғишт заводи эгаллаган. Бир ғишт завод кунига 60-70, 100 тоннагача сув ишлатар экан. Аҳоли сувсиз ўтирган пайтда, уларнинг иши бир кун ҳам тўхтагани йўқ. Сувни қаердан олади - энди Худо билади».

«Бизнинг тахминимизча, аҳолига ажратилган сувдан шу ғишт заводлар фойдаланмоқда», давом этади Искандар.

Би-би-си билан суҳбатда қишлоқ аҳолиси мазкур муаммо юзасидан маҳаллий ҳокимликка йиллардан бери арз қилиб келиши, аммо бундан бирор арзирли натижа чиқмаётгани таъкидлайди.

Би-би-си ушбу мурожаат бўйича Андижон тумани ҳокимлигига саволлар билан юзланишга ҳаракат қилди.

Бироқ Андижон вилояти ҳокимлиги расмий сайтида туман ҳокимлиги билан боғланиш рақамлари тугул, туманга ажратилган саҳифанинг ўзи йўқлиги кўзга ташланади.

Вилоят ҳокимлигининг ишонч рақамига қилинган қўнғироқларга жавоб бўлмади, расмий сайтда кўрсатилган умумий бўлим рақами эса тармоқда мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Би-би-си мазкур ҳолат юзасидан маҳаллий расмийларнинг изоҳлари учун очиқ эканини билдиради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek