You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Беморлар ва «жасадлар» бир хонада тасвирланган видео қаерда олинган? — янгиликлар O'zbekiston, koronavirus
Ўзбекистон: Беморлар ва «жасадлар» бир хонада тасвирланган видео қаерда олинган? — ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва унга расмий муносабат, «яширин» дафн, карантин муддати чўзиладими ҳамда тестлар олишдаги фирибгарлик - bbcuzbek.com дайжести.
Коронавирус: Вазият ёмонлашгандан ёмонлашиши мумкин(ми)?
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео
Куни кеча, катта эҳтимол билан, коронавирус беморлари ётган палата тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Видеода беморлар билан бир қаторда танаси мато билан буткул ўраб қўйилган, камида, икки инсонни кўриш мумкин.
Фойдаланувчилар бу инсонларнинг оламдан ўтганини тахмин қилган.
Кадр ортидаги ҳамшираларнинг сўзлашувидан ушбу видео Тошкент шаҳрида олинганини англаш мумкин.
Кун.уз нашри мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Фурқат Санаев билан боғланганини ёзган.
"Айни бу ҳолат қайси шифохонада содир бўлгани суриштириляпти. Ҳозирча аниқ маълумот беришга эрта. Фақат бир нарсани айтишим мумкин - агар икки нафар бемор чиндан ҳам вафот этган бўлса, тиббиёт ходимлари уларни зудлик билан олиб чиқиш чораларини кўрмай, ўз ишларига совуққонлик билан қараганлар. Лекин юқорида айтганимдай, вазиятни тўлиқ ўрганмай туриб баҳо бера олмаймиз. Албатта суриштирувлар натижасига кўра қўшимча маълумот берамиз", маълум қилган Санаев нашрга кеча, 20 июл куни.
Аммо бу хусусда қўшимча расмий маълумотлар ҳалича кўзга ташланмаган.
«Яширин» дафн(ми)?
Ижтимоий тармоқда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатлари тўғрисида яна бир видео тарқалган.
Сирдарё вилояти Мирзабод тумани Наврўз шаҳарчаси қабристонидаги ҳолат экани айтилган видеода оқ рангли тиббий ҳимоя кийимида бўлган бир қанча шахслар қабр қазиётгани кўринади.
Видеода коронавирусдан ўлган инсонлар яширинча кўмиб юборилаётгани иддао қилинган сўзлар қулоққа чалинади.
19 июль куни Мирзабод тумани ҳокимлиги ушбу видео бўйича муносабатини эълон қилган.
Муносабатда 1954 йилда туғилган фуқаро 13 июль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам Сирдарё вилоят филиалига номаълум иситма ташхиси билан тушгани ва у 14 июль куни вафот этгани маълум қилинган.
"Сирдарё вилояти юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, вилоят СEОМ ходимлари ва бошқа тааллуқли мутахассислар тавсиясига кўра, лаборатория текширувлари мавжуд бўлмаса-да коронавирус инфекцияси билан касалланган деган тахминий ташхис қўйилган", дейилади ҳокимлик муносабатида.
Шунингдек, ҳокимлик эпидемиологик хавфсизлик талаблари юзасидан майитни дафнга тайёрлаш ва дезинфекция ишларини ўтказиш мусулмончилик қоидалари асосида Шошилинч тиббий ёрдам марказида амалга оширилгани ҳамда дафн маросимида иштирок этган марҳумнинг 10 нафар қариндошлари, СEОМ мутахассислари, маҳалла раиси ва ҳуқуқ тартибот органи вакиллари хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳимоя воситалари билан таъминланганини ҳам қўшимча қилган.
Касалланганларнинг 70 фоизи аҳоли орасида аниқланяпти
"Бугунги кун келишини қандайдир кутганга ўхшаяпман. Роппа-роса 100 кун биз «касаллик авж олиб кетиши, эҳтиётимизни қилмайдиган бўлсак, вазият мураккаблашиши мумкин», деган гапларни айтиб, одамларнинг ичига хавотир киритмоқчи бўлдик. Энди бўлса, айнан шу хавотирга тушмаслик ҳақида гапиришга мажбур бўляпмиз.
Мана ҳозир касалланганларнинг статистик рақамига эътибор берсак, ҳар куни коронавирус юқтираётганларнинг қарийб 70 фоизи аҳоли орасида аниқланяпти. Улар касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлганми ёки бўлмаганми, энг асосий жиҳати — аҳоли орасида. Бизнинг орамизда касаллик қўзғатувчи борлигини кўпчилик ҳанузгача тўлиқ англаб етмаяпти", маълум қилган Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Халқаро Пресс-Клуб сессиясида.
Карантин муддати чўзиладими?
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев шу саволга жавоб қайтарган:
«Президентимиз иқтисодиётимиз ишлаши керак, деган талабни ўртага қўйдилар. Албатта, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда. Бу жуда муҳим. Энди 1 августдан карантин муддати суриладими, деган саволга келсак, ушбу масалага мавжуд вазиятдан келиб чиқиб қайтилади», деган у.
Тестлар олишдаги фирибгарлик
Нурмат Отабеков ХКП сессиясида одамлардан коронавирус тести олиш жараёнидаги фирибгарлик ҳолатлари ҳақида гапирган.
"Тест топширишнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган шакли бор. Чемодан билан ичкарига кириб, тест олаётган одамлар бу каби жавоб натижасини бериш имкониятига эга эмас. Мабодо кимдир шунчаки ичкарига кириб, «сизда бор ёки йўқ» деб айтмоқчи бўлса, дастлаб, бу одамларнинг тегишли ҳужжатини кўриш керак бўлади", билдирган Отабеков.
Унинг сўзларига кўра, қўлида лаборатория хулосаси бўла туриб, беморни шифохона қабул қилмаса ёки тез тиббий ёрдам машинаси олиб кетмаса, тест хулосаси сохта бўлиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek