Ўзбекистон: Беморга рецепт ёзиш тартиби кучайтирилди

Сурат манбаси, Repost.uz
Тасаввур қилинг: мен шифохона ёки поликлиниканинг врачиман. Шифохона ва поликлиникага яқин дорихона эгаси билан иккимизнинг ўзаро норасмий келишувимиз бор: ётиб даволанаётган ёки қабулимга келган беморга ёзиб берган укол ёки дорим рецепти учун аптекачидан "доля" оламан.
Афсуски, оқибатлари жиноийгача ҳам етаклайдиган бундай "ҳамкорлик" амалиёти Ўзбекистонда кенг тарқалганига кўп бўлди, жамоатчилик бундан хабардор, аммо давлатнинг бунга қарши таъсирли чора кўришига "қўли тегмаётган эди".
Ўзбекистон: Бир кунда уч ўлим - эпидемия чўққига чиқдими? O'zbekiston, коронавирус - BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
- Маошларни ошириш билан Мирзиёев, шифокорларга пора олманглар, халққа сифатли тиббий ёрдам беринглар, деяпти
- Тошкентдаги 3 опа-сингил нотўғри муолажа сабаб ўлган
- Хориждаги шифокорлар Ўзбекистонга қайтармикан?
- Мирзиёев кўча ишларига ўқитувчи ва шифокорлар чиқишини тақиқлади
- Нега президент мукофотидан қуруқ қолдик? - Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари
Куни кеча Ўзбекистонда рецептни дорининг халқаро патентланмаган номи билан ёзиб бериш ҳақидаги низом кучга кирди, аммо бу низом инсон ҳаётига жинояткорона совуққонлик билан қарайдиган, фақат моддий даромадни кўзлайдиган аптекачи ва даволовчининг "қўлини боғлай оладими", ҳозирча номаълум.
Соғлиқни сақлаш вазирининг янги низоми муҳимлигини кўрсатадиган ҳаётда юз берган уч мисол: Қашқадарё вилояти туманларидан бирида яшайдиган кишининг қариндоши йўл-транспорт ҳодисасида жароҳатланиб шифохонага тушади. Врач ёзиб берган қиммат укол-дориларни сотиб олган инсон қиммат уколлардан бирининг қутисига ручкада икки ҳарфни ёзади ва даволовчи врачга олиб бориб беради. Бир неча кундан кейин олиб борган уколи тугаганини айтган врач яна янгисини сотиб олиб келишни буюради. Яна ўша аптекадан врач буюрган уколни сотиб олган киши пачкада ўзи ёзиб қолдирган ёзувни кўради ва врач олиб борган уколини қариндошига бермасдан яна дорихонага қайтарганини англайди.
Қариндошининг саломатлиги "қўлида бўлган дўхтир" билан олғир аптекачининг жиноий шерикчилиги ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига нега мурожаат қилмагани сабабини кўпчилик ўзбекистонлик яхши тушунади.
Тошкентда бош оғриғи азоб бераётган бошқа бир инсон рўйхатда турган поликлиникаси ва ўзи яшайдиган жойга яқин шифохонада тўрт врачга мурожаат қилади. Тўрт врач қиммат уколлардан камида тўрттасини, яна қўшимча ҳар бир врач уч-тўрт хил - бошқаси тавсия қилмаган таблетка буюрди.
"Мени ҳайрон қолдиргани - дўхтирлардан бирортаси ҳам, ҳозир яна бошқа бирор касаллик учун бошқа медикамент қабул қилмаяпсизми, деб сўрамагани бўлди", дейди ўрта яшар тошкентлик.
Тошкентда шифокорга мурожаат қилган учинчи ёш йигит эса врач ёзиб берган дори ҳақида ўзининг таниш мутахассисларининг фикрини ўрганишга қарор қилди. Маълум бўлишича, врач рецептда ёзиб берган қиммат импорт дорининг арзон, Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган муқобиллари ҳам анчагина экан.
Ушбу уч ҳодиса ҳам Ўзбекистонда шифокорларга ишончсизлик қай даражага етганини кўрсатади, бежизга одамлар ўзининг ҳаёти учун муҳим жарроҳлик амалиётларини қиммат бўлса-да, Ҳиндистон, Туркия ёки Россияда ўтказишга қарор қилмаётганларини исботлайди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири тасдиқлаган янги низомга кўра, рецепт ёзиб бераётган врач дорининг халқаро патентланмаган номини ёзиши талаб қилинади.
Бундан кейин тўрттадан ортиқ дори бошқа масъул шифокор билан келишган ҳолда ёзиб берилиши лозим.
Беморга бир вақтнинг ўзида беш ва ундан кўп дори воситасини тайинлашга қарор қилинганда бу қарор тиббиёт муассасаси бўлим мудири, навбатчи шифокори ёки клиник фармаколог билан билан келишиш талаб қилинади.
Ўзбекистондаги бугунги тиббиёт тизими 30 йил олдингига солиштирганда абгорлашгани ҳақиқат. Соҳасининг яхши мутахассислари Ямандек урушлар гирдобидаги мамлакатда ватанидагидан яхшироқ маош тўлангани боис чиқиб кетдилар, Ўзбекистоннинг ўзида нотўғри даволаш қанча инсоннинг умрига зомин бўлгани статистикаси ҳеч қачон юритилмаган.
Президент Мирзиёев қудратга келганидан кейин соғлиқни сақлаш тизимини ҳам ислоҳ қилишни бошлаган, жамиятда ўқитувчи билан шифокор обрўсини оширишни истайди. Соҳага мустақиллик йилларида йўналтирилмаган йирик миқдордаги маблағлар йўналтирилаяпти. Бундан кейин оддий одамлар шифокорнинг малакаси ошишига, маоши кўпайган врачнинг коррупциядан холи бўлишига умид қиладилар. Аммо бунинг учун фақат Соғлиқни сақлаш вазирининг янги низоми эмас, тиббиёт соҳасига оид бошқа қонунларнинг ҳам ишлаши талаб этилади.
Ўзбекистонда дори бозорини маърифий йўлга солиш муаммоси эса алоҳида мавзу.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














