Ўзбекистон: Энди ҳалол миллионерлар пайдо бўладими? Мирзиёев, O'zbekiston

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон: Энди ҳалол миллионерлар пайдо бўладими? - Президент Шавкат Мирзиёев бунга қарши эмаслигини айтди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Аксарият таҳлилчилар борликларини бирдек эътироф этиб келишган эса-да, ўтган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистонда қанча миллионер борлиги расман ҳеч қачон очиқланмаган.

Бойлар ва уларнинг бойликларига оид аниқ маълумотлар кенг жамоатчиликка имконсиз қолган.

Миллиардерлар бор-йўқлиги ҳам расман ўзининг жавобини топмай келаётган саволлардан бири экани кўрилган.

"Ўзбекистонда миллиардерлар йўқлиги ва бўлмаслиги" Каримов даври Ўзбекистонининг асосий шиорларидан бири бўлган.

Ўзбекистонда расман миллиардерларнинг йўқлиги - иқтисодий ривожланишнинг ўзбек модели эришган ютуқ сифатида тақдим этилган.

Бу каби воқеълик манзарасида оддий ўзбекистонликлар орасида Ўзбекистонда бойлик орттирган қатлам, асосан, ҳокимиятга яқин одамлардир, деган фикр ҳам шаклланиб бўлган.

Ҳалол миллионерлар

Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Янги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса, куни-кеча Наманганга қилган сафари чоғида миллонерлар мавзусига қайтди.

Ўзбекистон раҳбари мамлакатда миллионерлар бўлишига қарши эмаслигини айтди.

"Бўлсин, миллионер. $20 миллион доллари бўлсин. Мен қарши эмасман. Ҳалол ишласин. 100 миллиони бўлсин", - деди.

Президент Мирзиёев, "одамлар сал даромад топиши керак"лигини айтди.

Аммо, " у даромад сандиқда эмас, ҳисобда, пул туриши керак"лигини таъкидлади.

"Ўзбекистонда миллиардерлар бўлмаслиги"га оид баёнотлар Каримов даврида кибер фазода озмунча баҳсу мунозараларга сабаб бўлмагани кўрилган.

Ўз ўрнида, Мирзиёевнинг ҳалол миллионерлар ва ҳалол миллионерликка оид сўзлари ҳам бугун аксарият ўзбекистонликларни бефарқ қолдирмагани кузатилган.

Биргина Би-би-си Ўзбек хизматининг айни мазмундаги пости остида қолдирилган коментларнинг ўзи ўтган икки куннинг ичида қарийб юзга етган.

Аммо улар аксариятида ишончсизлик ҳисси ҳукмронлиги англашилган.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда бугун ҳалол ишлаб, миллионер бўлиш мумкинми?

dollar

Сурат манбаси, BBCuzbek

Жавобларнинг бирида ёзилишича, "Доля берса, монополистга қарши тура олса!" бўлади.

"Монополияни олиб ташланг. Конкуренция бўлса, ўсиш бўлади. Миллионер эмас, миллиардер бўлади тадбиркор! Очиқ бозор иқтисоди деб бонг уриб, монополияга йўл очиб қўйибмиз", - дейилади бошқа бир коментда.

Бошқа бир фолловеримиз эса, "Президент қарши эмас. Лекин ҳокимлар, баъзи амалдорлар-чи, уларнинг фикрлари қандай?", - деган савол қўйган, ўз коментига яна қаҳ-қаҳ уриб кулиб турган эможини ҳам илова қилган.

Худди шу фикрнинг давомидек кўринган бошқа бир коментда эса, "Ҳоким ва амалдорлар-чи, улар тадбиркор битта жойдан нормальний фойда келтирадиган нарса қурса, дарров келиб олиб қўяди ёки ноқонуний, деб бузиб ташлайди...",-дейилган.

Яна, "Сиз шундай бўлишини хоҳлайсиз. Лекин сизнинг орқангизда турган айримлар бор бунга қарши", деган фикрлар ҳам кўзга ташланган.

Бошқасининг ёзишича, "Бунга Аллоҳга иймон келтирганлар ишонмайди".

Яна бир коментда эса, "Эртаклар яхшиликка етаклар", дейилган.

Фолловерларимиз орасида, "Менинг ҳисобимда турсин, деганими бу. Аввало бундай пул топишга Ўзбекистонда имкон йўқ. Топилган тақдирда ҳам, энг ишончсиз бўлган давлатимиз банкига пул қўядиган аҳмоқ йўқ", деган фикрда бўлганлари ҳам кўрилган.

Бошқа бирининг наздида эса, "ҳалол ишлаб, миллионер бўлмайди ҳеч ким. Бойлик кимнидир алдаш, чув тушириш, ёлғон ё жиноят орқали келади! Оч қорним, тинч қулоғим! Савол камроқ бўлади!".

Худди шу жавобнинг остида қолдирилган бошқа бир коментда эса, "Албатта мумкин. Коментарияда комент ёзиб, нималарнидир ўзгаришини кутиб ёки уни ўзгартиришни талаб қилмасдан, инсон ўзининг фикрини ўзгартирса, албатта, иложи бор".

"Ўзбекистондаги бойлар, нима, осмондан олиб тушганми?..".

Бошқа бир фолловеримизга кўра, "Гап кўп, кўмир оз".

Яна бирларининг ёзишича, "Сандиқ уёқда турсин, рўзғорга зўрға етвотти-ку, ойдан ойга...".

Бошқа бири эса, "Шунақа гапларни эшитсам, йиғлагим эмас, кулгим келади", деган.

Айримлари наздида, "Ўша ёқимли бефойда гаплар".

Орада президент сўзларининг "сал" даромад топиш керак, деган нуқтасига эътибор қаратганлар ҳам бўлган.

Alisher Usmonov

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Ҳозирги кунда аҳолисининг сони расман 34 миллиондан ортади.

Ўзбекистон минтақанинг ишчи кучи бисёр давлати саналади.

Табиий заҳираларга бой, туристик потенциали юқори мамлакатларидан бири сифатида кўрилади.

Аммо ишсизлик ва камбағаллик ҳануз мамлакат тўқнаш келиб турган асосий муаммолар бўлади.

Чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида миллионлаб фуқароларининг тирикчилиги четдаги меҳнат муҳожирлиги орқасидан ўтиб келади.

Аммо Ўзбекистоннинг дунёда тилга тушган бойлари ҳам йўқ эмас.

Дейлик, орада мустақил Ўзбекистон биринчи президенти тўнғич қизи Гулнора Каримова музлатилган пулларининг умумий ҳажми "бир миллиард доллардан ошиши" айтилган.

У ҳозир Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда.

Худди шу манзарада аксарият кузатувчилар мустақил Ўзбекистон танлаган йўл уддабурон, тадбиркор ва ишбилармон инсонларнинг бойишига имкон бермай келганини айтиб келишган.

Ўзбекистон ташқарисида эса, дунёнинг энд бадавлат юзта миллиардери сирасига кирувчи асли ўзбекистонлик бойлар борлиги ҳам бор гап.

Экспертлар орасида Ўзбекистоннинг расман эътироф этилган миллионер ва миллиардерларсиз иқтисодий ривожланиш йўлига танқидий муносабатда бўлганлари ҳам оз эмас.

Сиз нима дейсиз, Ўзбекистонда бугун ҳалол ишлаб, миллионер бўлиш мумкинми?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek