Ўзбекистон: Президент ўзи ўрнатган карантин талаблари бузилишига ўзи рухсат бердими? O'zbekiston

Андижон

Сурат манбаси, jalolquduqpressa

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Карантин чекловлари ҳали амалда бўлишига қарамай, президент топшириғига биноан Андижон вилоятида ўтказилган оммавий юришлар ижтимоий тармоқлардаги асосий муҳокама мавзуларидан бирига айланди.

Сўнгги кунларда расмийлар бир неча бор коронавирус тарқалиши суръати ошаётгани, вазият жиддий экани, агар аҳвол шу тариқа давом этаверса, карантин талаблари янада қаттиқлаштирилишини таъкидлаб чиқдилар.

Масалан, Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков 25 май куни бўлган бирфингда коронавирус карантинда бўлмаган аҳоли орасида ҳам аниқланаётгани, агар одамлар ўрнатилган талабларга тўлиқ риоя қилмаса, касаллик тарқалиши авж олишда давом этаверса, карантин чекловлари анча жиддий ва кескин бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Бундан аввалроқ эса маҳаллий Kun.uz нашри Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев билан суҳбат уюштирган, суҳбат давомида Юсупалиев ҳозир хотиржамликка берилиш вақти эмаслиги, яшил тоифага киритилган ҳудудлар ҳам ҳушёрликни ёддан чиқармаслиги лозимлиги, кузга бориб вируснинг яна бир тўлқини кузатилиши мумкинлигини таъкидлаган.

Шунингдек, вазир ўринбосари агар касалланиш ҳолатлари шу зайлда давом этаверса, қайтадан қатъий карантин чекловлари ўрнатилишини маълум қилган эди.

Карантиндаги марафон

Izboskan press

Сурат манбаси, Izboskan press

Худди шундай вазият жиддий экани айтилаётган бир вақтда эса ижтимоий тармоқларда Андижоннинг бир қанча туманларида президент топшириғи ортидан одамларнинг оммавий тарзда кўчага чиқарилгани қизғин муҳокама этилмоқда.

Андижондаги Жалақудуқ ва Избоскан туман ҳокимликларининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев ўзининг вилоятга сўнгги ташрифи чоғида аҳолининг соғлом турмуш тарзига амал қилишини яхшилаш учун кечки салқин пайтида оммавий сайрларни ташкил этиш ва ушбу ташаббусни кундалик одатга айлантириш тўғрисида кўрсатма берган.

Вилоятдаги бир неча туман ҳокимликлари мазкур ташаббус доирасида карантин чекловлари ҳали амалда бўлиб турган бир пайтда, юзлаб одамларни кўчага олиб чиққан.

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятига ташрифи чоғида Андижонлик фаоллар билан ўтказган йиғилишида аҳоли саломатлигини сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари учун "Андижон намунаси" асосида хар куни кечки юришни ташкил этиш бўйича берган топшириқ ижросини таъминлаш, туман аҳолисини саломатлигини янада яхшилаш мақсадида Избоскан туманида "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" шиори остида пиёда юриш ташкил этилди", хабар берган Избоскан тумани ҳокимлиги 25 май куни.

"Берилган топшириқ ва вазифаларни Жалақудуқ туманида ижросини таъминлаш мақсадида Жалақудуқ тумани ҳокими Фурқатбек Бузруков бошчилигида сектор раҳбарлари, туманимиз нуроний отахон ва онахонлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари ва ташаббускор ёшлар, туман спорт бўлими, ҳамда фаол аҳоли қатлами иштирокида, "Соғлом ҳаёт сари қадам бос" шиори остида пиёда юриш марафони ўтказилди", маълум қилган Жалақудуқ тумани ҳокимлиги ҳам.

Туман ҳокимликлари тарқатган сурат ва видеоларда "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" шиори туширилган юзлаб одамлар ҳеч қандай ижтимоий масофани сақламай кўчаларда тўпланиб турганини кўриш мумкин.

Ҳукуматга тегишли Ўзбекистон 24 канали орқали эфирга узатилган лавҳада эса бундай оммавий пиёда юриш тадбирлари Андижон вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳар куни ўтказилиши белгилаб олингани, маҳаллий раҳбарлар томонидан соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳикоя қилинади.

Эътиборли жиҳати эса, мазкур марафон ўтказилган Избоскан туманида оммавий юриш ташкил этилишидан икки кун аввал - 23 май куни коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган, бемор билан мулоқотда бўлган 51 киши карантинга олинган.

Izboskan pres

Сурат манбаси, Izboskan press

Ўрнатилган тартибга биноан сўнгги 14 кун ичида коронавирус аниқланган туманлар ёки шаҳарлар хавф даражаси юқори бўлган "қизил тоифали" ҳудудга айлантирилиши лозим, бундай ҳудудларда эса ҳеч қандай оммавий тадбирлар ўтказишга йўл қўйилмайди.

13 май куни ўтган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилиши, аммо карантин ҳали тугагани йўқлиги, қайси вилоят, ҳудудда коронавирус аниқланса, у дарҳол ёпилиши ҳамда карантин нормаларига амал қилмаган ҳоким ва раҳбарлар жиноий жавобгарликка тортилишини таъкидлаган эди.

26 май куни ўтган видеоселекторда ҳам президент Мирзиёев коронавирусга чалинганлар сони кўпаяётгани, айрим раҳбарлар карантин чоралари юмшатилаётгани "касаллик тугади", дея нотўғри қабул қилаётгани, одамлар ижтимоий масофага амал қилмаётгани, бунинг ортидан пандемияга қарши курашиш учун давлат бюжетидан олинаётган триллионлаб харажат йўққа чиқиши мумкинлигини тилга олган ва туман, шаҳар, вилоят ҳокимлари ҳамда вазирларга ойда бир марта пандемияга қарши курашиш бўйича чиққан президент қарорлари ижроси бўйича матбуот, парламент ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш вазифасини топширган.

«Изланинг!»

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳукумат карантин талабларига қатъий амал қилишни такрор ва такрор талаб қилаётган, ҳаттоки, кўчада ниқобсиз юрган оддий аҳоли ҳеч қандай сўроқ жавобсиз катта миқдордаги жарималарга тортилаётган бир пайтда Андижон вилоятидаги туман ҳокимликларининг юзлаб одамларни кўчага олиб чиққанини савол остига олган.

Би-Би-си 23 май куни коронавирус аниқланган бўлса, нега 25 май куни оммавий тадбир ўтказилди, бу Республика махсус комиссияси ўрнатган тартибга зид эмасми, деган саволларга жавоб олиш мақсадида Избоскан тумани ҳокимлиги билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо бу ҳаракатлардан бирор натижа чиқмади.

Бироқ Би-би-си Жалақудуқ тумани ахборот хизмати билан боғланишга муваффақ бўлди.

Бу марофонни ўтказишдан аввал тумандаги эпидемиологик вазият юзасидан таҳлиллар ўтказилганми, карантин пайтида бунча кўп одамни бир жойга тўплаш хавфи олдиндан ҳисобга олинганми ёки шунчаки президент топшириғига кўра марафон ташкилланганми каби саволларга хизмат расмийси шундай жавоб қайтарди:

"25 май ҳолатида туман яшил ҳудудда эди. Ҳаммаси ҳисобга олинган, эътибор берган бўлсангиз, тиббиёт бўйича соҳа мутахассислари ҳам бор эди. Туманимиз, туманимизда ишлаётган раҳбарлар барча соҳаларга эътибор қаратган".

Аммо Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, ҳатто яшил ҳудудларда ҳам барча турдаги оммавий тадбирлар, жумладан, спорт тадбирлари ўтказишга мутлақо рухсат берилмайди.

Ушбу тартиб ҳисобга олиниб, яшил ҳудуд бўлса ҳам, оммавий йиғин ўтказиш ҳукуматнинг ўзи жорий этган қоидаларга зид эмасми, деган саволга туман ахборот хизмати расмийси ҳозирда карантин режими енгиллаштирилганини билдирди.

Би-би-сининг карантин чекловлари енгиллаштирилганига асос кўрсата оласизми, деган навбатдаги саволига ҳокимлик расмийси "буни билишингиз керак, изланинг!" дея жавоб бериш билан чекланди.

"Яшилдами, аҳоли уйда ўтириб зериккани табиий, юрса қон айланади, иммунитети ошади, кўрган бўлсангиз аксарияти ёши улуғлар, бу уларга касалликка қарши курашиш борасида юқори самара беради", дея суҳбатни тугатди туман расмийси.

Аммо коронавирус пандемияси даврида кекса ёшдаги инсонлар энг қатъий ҳимояга муҳтож қатлам эканини бутун дунё шифокорлари бот-бот такрорлаб келмоқда, дунё бўйлаб ўнлаб давлатлар ёши 60 дан юқори бўлган инсонларнинг кўчага чиқишига тақиқ қўйган, ялпи карантин пайтида Ўзбекистоннинг ўзи ҳам бундай қоидани жорий этган эди.

25 май кунги брифингда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков ҳукумат коронавирусга чалинган беморлар ва карантинда сақланаётган фуқаролар учун миллиардлаб маблағ сарфлаётгани, карантинга амал қилмаётган шахсларнинг масъулиятини ошириш учун йирик миқдорда жарималар қўллашга мажбур бўлинаётгани, шу сабабдан ҳеч кимнинг қонун бузишга ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйишга ҳаққи йўқлигини таъкидлаган.

Айни вақтда эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан "Вирус юқтириш учун 5000 қадам" дея киноя остига олинган оммавий юришлар давлат телеканалида хабар қилинганидек ҳар куни ўтказиладими, деган савол очиқ қолмоқда.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek