Нуқтаи назар: Мирзиёев репрессия муҳитини яратмоқчи эмас – Сардоба, Бухоро, коронавирус, O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Нуқтаи назар: Мирзиёев репрессия муҳитини яратмоқчи эмас - Сардоба, Бухоро, коронавирус - айрим таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган айни шу уч воқеълик Президент Шавкат Мирзиёев бошқарув стили борасида бир қанча саволларни пайдо қилган.

Мирзиёевни яна бир бор Ислом Каримов (мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти - таҳр.) билан қиёслаш имкониятини юзага келтирган:

Глобал коронавирус пандемияси манзарасида Ўзбекистон устма-уст табиий офатлар ва ҳалокатга ҳам саҳна бўлган.

Қатор вилоятларида кучли шамол ва устма-уст ёғингарчиликлар кузатилган.

Энг кўп Бухоро ва Самарқанд вилоятлари жабр чеккан.

Кутилмаган табиий офатдан ҳеч қанча ўтмай, Сирдарёда Сардоба сув омбори ўпирилган.

Ҳар уч ҳодиса ҳам қурбонлар, жабрланганлар ва жиддий моддий талафотларсиз кечмаган.

Устма-уст ҳукумат комиссиялари қадар тузилган, улар оқибатларини бартараф этиш ва етказилган моддий зиён кўламини аниқлаш ишларига киришилгани расман хабар қилинган.

Аммо ҳалича бу хусусда тўлиқ расмий маълумотлар эълон қилинмаган, комиссияларнинг ҳали-ҳануз ишлаётгани, қутқарув-қидирув ишларининг давом этаётгани айтилган.

Президент Шавкат Мирзиёев қарийб икки ойнинг ўзидаёқ пандемия шароитида юритган ташқи сиёсати билан халқаро миқёсда эътибор ва эътирофларга сабаб бўлган.

Дунёнинг анча-мунча давлатларига кетма-кет гуманитар ёрдамлар юбориш бўладими ёки президентлари билан устма-уст мулоқотлар - Ғарбнинг айрим етакчи нашрлари Ўзбекистон Президентининг бу каби фаоллигига хосан эътибор қаратишган. Буни алоҳида қайд этишган.

Худди шу манзарада айнан глобал коронавирус пандемияси сабаб, Ўзбекистонда ҳануз кучайтирилган тартиб ва карантин режими амалда экан, Бухоро ва Сирдарёга ҳам шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи етиб борган.

Табиий офат ва ҳалокат ортидан вужудга келган вазият билан бевосита танишган, Сардоба сув омбори ўпирилган Сирдарёда эса, ҳатто, бир тун қолган.

Бу билан ҳам кифояланмай, устма-уст ҳалокат сатҳига қайтган.

Коронавирус хавфига қарамай, ҳар икки вилоятда ҳам оддий одамлар билан кетма-кет юзма-юз мулоқотда бўлган.

Сардобада эса, ҳатто, одамларнинг сув босган хонадонларига ҳам кирган.

Ортга қайтган уй эгаларидан ҳам шахсан ҳол-аҳвол сўраган.

Уларга ҳам маънавий ва ҳам моддий ёрдам ваъда қилган.

Аммо на Тошкентдаги видеоселектор йиғилишлари, на Бухоро ва на Сирдарёдаги мулоқотлари бўлсин, Ўзбекистон Президенти юз ниқобида кўрилмаган.

Юз ниқоблари коронавирусга қарши қанчалик самарали экани борасида дунё олимлари орасида фикрлар ҳануз фарқли.

Дунёнинг аксарият лидерлари ҳам глобал пандемия шароитида ниқобсиз фаолиятни афзал билишаётгани, кўришаётгани ҳам бор гап.

Ўзбекистонда эса, айнан коронавирус боис, 25 мартдан бошлаб, жамоат жойларида юз ниқобларисиз кўриниш бериш расман тақиқланган.

Тартиббузарларнинг жаримага тортилишлари эълон қилинган.

Глобал коронавирус пандемияси бўладими ёки бошқа, сўнгги воқеалар манзарасида шахсий тан қўриқчилари бўладими, ҳукумат масъуллари ёки оддий аҳоли, Ўзбекистон Президенти атрофидаги барчанинг юз ниқоблари ва ҳатто эластик қўлқопларда эканликлари кўрилган.

Аммо имконли бўлган тасвирларда, айниқса, масъулларнинг президент билан хавфсиз масофа сақлаш тартиб-қоидаларига қатъий ва изчил риоя этишгани, этишаётгани кўзга ташланмаган.

Уларнинг коронавирусга текширувдан ўтган-ўтмаганликлари ҳам номаълумлигича қолган.

Коронавирусга қарши вакцина эса, ҳалича имконли эмас.

Худди шу омиллар манзарасида Ўзбекистон Президентининг шу каби ва бу қадар фаоллиги ҳам мамлакат ичкариси ва ташқарисида кўпчиликнинг диққат-эътиборини яна ўзига тортган.

Киберида бўладими ёки оддий фазода, турли хил фикру мулоҳазаларга замин яратган.

Мавжуд воқеълик таҳлилчилар орасида ҳам қарама-қарши талқин ва баҳоларга сабаб бўлган.

Бунинг президент ўзи ва атрофидагилари учун ҳам бирдек хавфли эканига оид фикрларга ҳам сабаб бўлган.

Аммо, айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, буларнинг барчаси Президент Шавкат Мирзиёев бошқарув стили борасида бир қанча саволларни пайдо қилган.

Мирзиёевни яна бир бор Ислом Каримов (мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти - таҳр.) билан қиёслаш имкониятини юзага келтирган.

"Мана, (Шавкат Мирзиёев қудратга келган - таҳр.) сўнгги уч ярим йил ичида илк бор биз янги ҳокимиятнинг фавқулодда ҳолатларда қандай фикрлаши ва хатти-ҳаракатини кузатиш имкониятига эга бўлдик", - дейди, жумладан, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Фикримча, Шавкат Мирзиёев Каримовга нисбатан жамоатчилик фикрини юқори бир даражада инобатга олади. Яъни, жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш даражаси ниҳоятда юқори, деб айтган бўлардим", - дейди таҳлилчи.

Лекин, суҳбатдошимизга кўра, айни пайтда шу нарсага ҳам эътибор бериш керакки, яна айнан Каримов билан таққослаганда, Мирзиёев жамиятдаги ижтимоий кутиш даражасини асоссиз оширишдан қочаяпти.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирча юз берган ҳодисалар юзасидан журналистлар шахсан Ўзбекистон Президентига мурожаат қилиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топишга имконли бўлишмаган.

Таҳлилчи суҳбатдошимизнинг ҳам ўз таҳлилида умумиятла қайд этишича, Шавкат Мирзиёевда журналистлар билан, оммавий-ахборот воситалари билан ишлашда маълум бир эҳтиёткорлик бор.

"Аммо бу эҳтиёткорликнинг сабабларидан биттаси - жамоатчилик тафаккурини асоссиз бўлган, ресурслар билан исботланмаган кутишдан эгилиш, деб айтишими ҳам мумкин", - дейди у.

Лекин, Камолиддин Раббимовга кўра, умуман олганда, Шавкат Мирзиёев мана шу фавқулодда ҳолатларда мисли кўрилмаган фаолликни кўрсатаяпти.

Янги ҳокимиятнинг жамиятдаги рейтингги ёки одамларнинг ишончини сўндирмасликка фаол ҳаракат қилаяпти.

Сўнгги ҳолатлар манзарасида янги Ўзбекистон Президенти ва раҳбариятининг қилаётган ишлари ва бераётган ваъдалари борасида эса, кибер фазодаги фикрлар якдил эмас.

Бунга ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари томонидан қолдирилаётган коментлар мазмун-моҳиятининг қанчалик қоришиқ экани далолат қилган.

Коронавирус: Яна кучли ёмғир, кучаяётган ва садақа берган президентлар, фамилиялар энди миллийлашадими? - Ўзбекистон, минтақа ва дунёда нима гап? - bbcuzbek.com дайжести.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek