Ўзбекистон: "Сардоба" сув омбори бўйича жиноят ишини ДХХ олиб боради - O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 2 дақ

"Сардоба" сув омборидаги ўпирилиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди. Иш Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми "б" бандига мувофиқ очилган.

Унинг "Мансабга совуққонлик билан қараш", "Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш" билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати органларига юклатилган.

Ҳодиса ортидан камида 56 киши касалхонага ётқизилган. 17300 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилган. 70 мингдан зийод инсон хавфсиз ерга кўчирилган.

Қурбонлар ёки бедарак кетганларга оид расмий маълумотлар йўқ.

Имконли бўлган рақамлар эса, ҳалича янгиланмаган.

Кеча, 2 май куни қутқарув-қидирув ишлари давом этаётгани айтилган.

Етказилган моддий зиён кўлами ҳам номаълум. Ҳозирча расмий маълумотлар эълон қилинмаган.

Сирдарёдаги вазият шахсан президент назорати остида. Ҳукумат комиссияси тузилган.

Ҳодиса ортиданоқ "Сардоба"га етиб борган Президент Мирзиёев кеча, 2 май куни Тошкентга қайтган.

Сирдарёда бўлиб турган мамлакат Бош вазирининг қайтган-қайтмагани ҳозирча маълум эмас.

Уй-жойларини ташлаб чиққан инсонларнинг ҳозирги аҳволи, айнан қандай ёрдамга муҳтож эканликларига оид батафсил маълумотлар ҳам ҳозирча кўзга ташланмайди.

Аммо Ўзбекистон бўйлаб аллақачон уларга ёрдам йиғиш ва жўнатиш ишлари бошланиб кетган.

Сирдарёда экан, мамлакат раҳбари улар билан бир неча бор юзма-юз мулоқот қилган.

Ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирган.

"Энди бу ҳам бир кўргилик. Ким буни кутганди? Бу ерда Ўзбекистон раҳбарияти, мана, Бош вазир ҳам шу ерда, менинг ҳамма кучли вазирларим ҳам шу ерда... Бир нарсага ишонинглар: ҳаммаси яхши бўлади. Яратгандан илтижо қиламизки, бизга мададкор бўлсин. Охирги кўрганимиз шу бўлсин!", деб айтганди.

Ҳозир "Сардоба"дан сув оқиши тўхтаган.

Ундаги ўпирилишга дастлаб расман кучли ёмғирлар ва шамол сабаб бўлгани айтилган.

Бир сув омборининг ўпирилиши билан боғлиқ бу каби воқеълик мамлакат тарихида кузатилмаган.

Юз берган ҳодиса юзасидан нега расман жиноий иш қўзғатилмаётгани ўтган бир куннинг ўзида Ўзбекистондаги айрим таниқли блогерлар диққат-эътиборига тушган савол бўлган. Кибер фазода ошкора бўй кўрсатганди.

'Чўл ўртасидаги денгиз'

Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи ўтган ҳудуддаги Сардоба сув омбори 2018 йил майида ишга туширилган.

Гидроиншоот қурилиши 2010 йилда бошланган эса-да, 2018 йилда Президент матбуот хизмати лойиҳа муаллифи ўша пайтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев бўлгани ҳақида ёзган.

Икки йил аввал Мирзиёев сув омборига вертолётда борган ва маҳаллий мулозимлар ҳамроҳлигида уни катерда айланган.

Мулозимлардан бири Мирзиёевни "чўл ўртасида денгиз барпо этгани" учун олқишлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek