Ўзбекистон: Мирзиёев ва ҳукумат раҳбарлари сув тўғони ўпирилган ҳудудда қолади - O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 3 дақ

1 май куни эрта тонгда Сирдарё вилояти ҳудудида жойлашган "Сардоба" сув омборида юз берган ҳодиса Ўзбекистон тарихидаги энг йирик аҳолини кўчириш амалиётларидан бирига сабаб бўлган.

Расмийларга кўра, сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб тушган.

Бунга ёмғир ва кучли шамол сабаб бўлгани айтилмоқда.

Президент матбуот хизмати Мирзиёевнинг вазиятни ҳодиса жойида ҳукумат комиссияси ва мутахассислар билан муҳокама қилгани ҳақида хабар бермоқда.

Айни пайтда ҳукумат комиссиясининг ваколатлари ҳақида расмий маълумот йўқ.

Жумладан, комиссияга ҳодиса сабабларини ўрганиб, етказилган зарарни аниқлаш вазифаси юклатилган ёки йўқлиги маълум эмас.

Расмий хабарларга қаралса, ҳодиса табиий офат сифатида кўрилмоқда.

Жума куни Сардоба туманига етиб борган Мирзиёев ҳодисадан жабр кўрган аҳоли вакиллари билан учрашган ва сув омборини бориб кўрган.

Икки йил аввал ишга туширилган сув омбори расмий матбуотда Шавкат Мирзиёев бош вазирлигида илгари сурган лойиҳа экани айтилганди.

Президент матбуот хизмати аввал-бошдан вазият тўла назорат остида эканини айтган.

Сўнгги хабарларга кўра, Президент Мирзиёев вазиятни шахсан назоратга олган.

У тошқин оқибатлари бартараф этилмагунча ўзи ва ҳукумат раҳбарлари ҳудудда қолишини айтган.

"Бу ҳеч ким кутмаган синов. Биринчи ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчириш бўлди. Энг катта масала - ўлим бўлмаслиги. Оқсоқоллар, маҳалла раислари ва нозирларидан илтимос қиламан: одамларни йиғиб, уйларга, палаткаларга жойлаштириб, озиқ-овқат билан таъминлаб, маҳаллама-маҳалла саранжом қилиб олишимиз керак. Бунинг учун ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча биронта раҳбар кетмайди. Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди, - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Камида уч қишлоқдаги ўн бир ярим мингдан ортиқ аҳоли уйларидан хавфсиз жойга кўчирилган.

Телеграмда тарқалган видеоларда аҳоли уйларининг қулаётгани ва аёллар ҳамда болалар дохил кўп сондаги одамларнинг уйларини ташлаб чиқаётганини кўриш мумкин.

Бу Ўзбекистонда охирги ҳафтада юз берган иккинчи йирик фавқулодда ҳодисадир.

27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси Бухоро вилоятида кучли шамол туриши оқибатида 1 инсон нобуд бўлган, кўплаб иншоотлар зарар кўрган.

Президент Мирзиёев офатдан жабр кўрган аҳолининг уй жойлари қисқа вақтда таъмирланиб, барча зарур ёрдам кўрсатилишини айтган.

Талофатлар ҳақида маълумот йўқ

Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг хабарида айтилишича, одамларни эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда.

Вазирлик хабарида айтилишича, сув остида қолган 10дан ортиқ маҳаллалар аҳолиси Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларидаги мактаб, коллеж ва хусусий корхоналарга кўчирилмоқда.

Шунингдек, Сардоба шаҳарчасидаги аҳоли ҳам Жиззах вилояти Гагарин аҳоли яшаш пунктига эвакуация қилинаётгани айтилади.

Бундан ташқари, ФВВнинг билдиришича, Мирзаобод туманидаги еттита маҳалла аҳолиси сув тошиш хавфи бўлгани учун Янгиер шаҳрига эвакуация қилинмоқда.

Вазирликнинг хабар қилишича, ҳозирда сув оқими Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.

Ҳозирда дамбадан сув чиқиши тўхтагани хабар қилинади.

ФВВ талофатлар ҳақида маълумот йўқлигини айтган.

'Сув чиқиши'

Дастлабки хабарларда тўғонинг бир қисми ўпириб тушгани айтилмаган.

Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги "сув чиқиши" ҳақида гапирган.

"Сардоба" сув омбори дамбасининг 6 пикет деворид "Сардоба" сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Бунда, асосан, сув экин майдонларига зарар етказганлиги маълум бўлди", дейилган дастлабки расмий хабарда.

Сардоба тумани "Қўрғонтепа" МФЙ сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинган.

Кўчирилганлар орасида "Қўрғонтепа", "Дўстлик", "Юртдош" МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли бор.

Сув босиш хавфи бўлган "Қуйтош", "Ота юрт", "Бирлик" МФЙларидан аҳолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.

'Карантинда қаерга қочамиз?'

Ҳодиса коронавирус пандемияси боис Ўзбекистонда аҳоли карантинда ўтирган пайти юз берган.

Сирдарё вилоят ҳокимияти Би-би-сига расмий хабарни шарҳламаган.

Айни пайтда ҳодиса сув омборидан узоқ ҳудудлардаги аҳоли пунктларида ҳам ваҳима уйғотгани маълум бўлмоқда.

"Сув биз томонга ҳам келаркан, деган гаплар тарқалди. Ҳозир хавотирланиб ўтирибмиз. Карантин пайти қаерга қочамиз""- дейди Би-би-си бибан суҳбатда сув омборидан 20 км узоқда яшашини айтган сирдарёликлардан бири.

"Жабрланган ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаган", деб хабар беради Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги.

"Сардоба" сув омборида қарийб 1 миллиард куб метр сув тўпланади, улар Сирдарё ва Жиззах вилоятидаги ерларни суғоришда ишлатилиши айтилади.

'Чўл ўртасидаги денгиз'

Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи ўтган ҳудуддаги Сардоба сув омбори 2018 йил майида ишга туширилган.

Гидроиншоот қурилиши 2010 йилда бошланган эса-да, 2018 йилда Президент матбуот хизмати лойиҳа муаллифи ўша пайтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев бўлгани ҳақида ёзган.

Икки йил аввал Мирзиёев сув омборига вертолётда борган ва маҳаллий мулозимлар ҳамроҳлигида уни катерда айланган.

Мулозимлардан бири Мирзиёевни "чўл ўртасида денгиз барпо этгани" учун олқишлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek