Ўзбекистондаги сўнгги туз бўрони фожианинг бошланишими?

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Ўтган дам олиш кунларида Ўзбекистон шимоли-ғарби мисли кўрилмаган туз ва қум бўронига саҳна бўлди. Ўзбек расмийлари эса сўнгги йилларда шаклланган одатга зид равишда бу борада сукут сақламоқда.

Маҳаллий экологлар ўзларининг эътироф этишларича, бунақаси Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.

Баъзилар наздида эса, бу - Орол денгизи фожиасини қайта ёдга солган табиий офат бўлган.

Ғайриодатий туз ва қум бўрони аҳоли саломатлиги ҳамда қишлоқ хўжалигига етказган зиён кўлами ҳозирча маълум эмас.

Чоршанба, 30 май куни BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида ана шу мавзуни муҳокама қилдик.

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган Орол денгизи ҳудуди бўйича 1960 йилга қадар дунёда тўртинчи ҳисобланган.

Бироқ охирги 40 йил ичида денгиз майдони икки бараварига қисқарган. Сув сатҳи 18 метрга пасайиб кетган. Денгиздаги сув ҳажми эса, беш мартага қисқарган.

Туз миқдори ошиб кетгани боис, балиқлар қирилиб кетган. 1993 йил бошида тўрт Марказий Осиё давлати иштирокида Оролни қутқариш халқаро фонди тузилган.

2008 йилда бу фондга БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақоми берилган. Фонд томонидан 2015 йилгача учта йирик лойиҳага қўл урилгани маълум.

Жаҳон банки, халқаро молиявий ташкилотлар ва донор давлатлар томонидан молиялангани айтилган бу лойиҳаларнинг умумий қиймати миллиардлаб долларларга баҳоланган.

Аммо 2014 йилда NASA томонидан олинган сўнгги фотосуратлар Жанубий Оролнинг шарқий қисми буткул қуриб кетганини кўрсатган.

Шундай экан, сўнгги ҳодиса нималарга далолат қилади? Оробўйи минтақасини олдинда нималар кутмоқда?

Бу каби табиий офатларнинг олдини олиш мумкинми ва чорак асрлик Орол муаммосини нега ҳануз ўз ечимини топмаётир?

Орол фожиасини бартараф қилишга Ўзбекистон ҳукумати ёлғиз ўзининг кучи етадими?

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek