You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: коронавирус ўзимизники бўлиб қолади. Бу нимани англатади? O'zbekiston
Ўзбекистон тиббиёт мулозимлари одамлар энди коронавирус билан бирга яшашлари борасида айтишган.
"Коронавирус ер юзидан мутлақ йўқ бўлиб кетмайди, бироқ "ўзимизники" бўлиб қолади" - дегани Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков.
Зотан, турли юқумли грипплар ва ВИЧ каби қатор вируслар бугун биз билан бирга қолган.
Дунёда ҳам ҳозирги чеклов ва карантин чоралари доирасида вирусни назорат қилиш, жиловлаш, зарарсизлантириш, тарқалишини пасайтириш, унинг одамлар ҳаёти ва мамлакатларга соладиган хавфини камайтириш каби амалларга эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистонда коронавирус - 26 апрель ҳолати:
- Коронавирус юқтирганлар - 1869 нафар.
- Вафот этганлар - 8 киши.
- Ҳамон даволанаётган беморлар - 1096.
- Тузалганлар - 789.
- 81 мингдан кўпроқ киши тиббий назоратда.
- 18 мингдан ортиқ одам стационар шароитда карантинга олинган.
Ўзбекистон тиббиёт мулозимлари баёнотларига таянилса, Тошкентдаги учта шифохонада даволанаётган беморлар орасида жами 11 нафар инсоннинг аҳволи оғир.
Карантиндан кейин вирус кетмайдими?
Айримлар карантин давомида вирус йўқолиб, кейин у қайтиб келмайди, деган фикрда бўлиши мумкиндир.
Аммо Нурмат Отабеков ЎзА миллий хабар агентлиги билан суҳбатда "вирус ўзимизники бўлиб қолиши" ҳақида айтган.
Бу эса карантиндан кейин ҳам вирус ер юзидан ҳеч қаера кетмаслигини ва одамзод билан қолишини англатади.
Ўзбекистон бош ванитар шифокори токи вакцинага эҳтиёж ҳам қолмаслиги эҳтимолини таъкидлаган ҳамда вирус инжиқ эмаслиги ва 90% одамда енгил ўтиши ҳақида ҳам гапирган.
Ўзбекистон тиббиёт мулозими илгари баҳор ўртасигача коронавирус йўқолиб кетиши мумкинлигини ҳам айтганди.
Дунё бўйлаб эса ҳозир вакцина ишлаб чиқариш, дориларни синаш ишлари жадал кечмоқда.
Негаки, инсоният коронавирусни енгиши учун қўлида уч асосий қуроли бўлиши муҳим.
Булар - вакцина, одамлардаги иммунитет ва самарали дори.
Бироқ барчаси ҳали-ҳамон тадқиқот ва текширув босқичларида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek