You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон, коронавирус: Карантин қоидалари нега айрим бозорларда ишламаяпти? O'zbekiston
Тозалик касалликка қарши курашда энг муҳим қоида бўлиб қолар экан, Ўзбекистоннинг айрим бозорларида санитария билан боғлиқ ҳолат анчайин абгор экани ҳақида хабарлар келмоқда.
Ўзбекистон карантин чораларини юмшатишга тайёрланаркан, келаётган кунларда жойлардаги санитария ва эпидемиология вазияти расмийларнинг диққат марказида бўлиши кутилади.
Президент Мирзиёев эпидемия вазияти яҳшиланган ёки эпидемия тарқамаган вилоят ҳамда туманларда карантиндан чиқиш чораларини кўриш ҳақида топшириқ берди.
Аммо дунёда ва Ўзбекистонда эпидемия хавфи буткул аримаган экан, мутахассислар санитария назорати вазиятни барқарорлаштиришнинг энг самарали усули бўлиб қолишини айтишмоқда.
Би-би-сига келаётган хабарлар бу борада айрим ҳудудлардаги аҳволга коронавирусга қарши кураш доирасидаги чоралар ҳам унчалик катта таъсир кўрсата олмаганини ўртага чиқармоқда.
Андижонлик таниқли инсон ҳақлари фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг Ўзбекистон Бош давлат санитар врачи ва Бош давлат санитар инспектори номига йўллаган мурожаатида Андижон туманидаги улгуржи бозор аҳволи тўғрисида маълум қилади.
"Андижон тумани улгуржи бозорида санитария-гигиена талабларига риоя қилмай, деярли ҳожатхонада шакар… новвот, ўсимлик ёғи, салқин ичимликлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси амалга оширилмоқда", деб ёзади Саиджаҳон Зайнобиддинов.
Бироқ Наманганнинг Чортоқ туманидан келган ўхшаш хабарда қизиқарли бир ҳолатга гувоҳ бўлиш мумкин.
Янгисидан фойдаланмай…
Маълум бўлишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Чортоқни эко-шаҳар ва обод туманга айлантириш бўйича берган топшириғига асосан 2019 йил апрел ойида туманнинг деҳқон бозори бузиб ташланган ва у ерда савдо фаолияти тўхтатилган.
Эски деҳқон бозори сотувчиларини эса атиги 200 метр нарида уч тадбиркор томонидан қурилаётган янги савдо мажмуасига кўчириш қарори олинган.
"Ўша кунларда биз қурилиш олиб бораётган савдо комплексига туман ҳокими ва тегишли мутасадди раҳбарлар келиб, қурилиш ишларини тезлаштиришимиз ва фаолияти тўхтатилган деҳқон бозори савдогарларини шу жойга олиб чиқиб, жойлаштириш бўйича тегишли топшириқлар беришди".
"Туман ҳокимлиги томонидан бизга 51 фоиз давлат улуши билан фаолият олиб боришимиз талаби қўйилган эди. Биз томонимиздан туман ҳокимлиги қўйган талабларнинг барчаси бажарилди", дейилади тадбиркорлар мурожаатида.
Савдо мажмуасини қурган тадбиркорлардан бири бўлмиш Раҳматилло Қурбоновнинг Би-Би-сига маълум қилишича, 2019 йил 1 май куни янги бозорнинг очилиш маросими бўлиб ўтган.
Тадбиркорлар савдо мажмуаси барча қонун талабларига жавоб берадиган даражада барпо қилинганини айтадилар.
Аммо уларнинг сўзларига кўра, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мавҳум сабабларга кўра бузиб ташланган деҳқон бозори ҳудудида савдо қилишга қайта рухсат бериб юборилган ва савдо-сотиқ ишлари коронавирусга қарши қаттиқ чекловлар амалда бўлган бугунги кунларда ҳам антисанитар ва ёнғин хавфсизлигига жавоб бермайдиган шароитда давом этмоқда.
Би-би-си ихтиёридаги ҳужжатларда туман ҳокимлиги эски деҳқон бозори ҳудудида савдо ишларини олиб боришни тақиқлагани ва сотувчиларнинг янги савдо мажмуасига кўчиб ўтишига ҳеч қандай тўсқинлик йўқлиги айтилади.
Тадбиркорлар ўзлари қурган савдо мажмуасининг тўлақонли фаолият юритишида ёрдам сўраб, бир неча бор туман ва вилоят ҳокимига мурожаат қилганликлари, ҳатто, президент номига мурожаат юборганликлари ҳақида сўзлайдилар.
Би-би-си ҳукумат барчани тозаликка қатъий риоя қилишга чақираётган бир пайтда нега бутун бошли бозордаги антисанитар ҳолатга кўз юмилаётгани ва атиги 200 қадам наридаги янги савдо комплекси имкониятларидан фойдаланилмаётгани бўйича изоҳ сўраб, Чортоқ туман ҳокимлигига мурожаат этди.
Ҳокимлик матбуот котиби ушбу масала юзасидан тез орада изоҳ берилишини маълум қилди.
- Президент Мирзиёев: Карантин чораларини ақл ва илм билан юмшатиш йўлларини кўрамиз
- Ўзбекистонликлар ижтимоий масофа талабини писанд қилмаяптиларми?
- Ўзбекистон коронавирус инқирози даврида кўпроқ ташқи қарз олаётгани тўғрими?
- Ҳамманинг томорқада экин экиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлай оладими?
- Ўзбекистон: Карантинда ё коронавирусдан, ё очликдан ўламиз шекилли…
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek