Коронавирус: Ўзбекистон Қозоғистонни ҳам ортда қолдирди - O'zbekiston koronavirus

15, апрел, 22:30

Коронавирус: Ўзбекистон Қозоғистонни ҳам ортда қолдирди - коронавирусга чалинганлар сони расман жаъми 1300 кишидан ортди. 1302 тага етди. Бир кун ҳисобидан 137 та янги ҳолат аниқланди.

Сўнгги рақамлар билан Ўзбекистон минтақа давлатлари орасида энг кўп коронавирус ҳоллари қайд этилган давлатга айланди.

Шу пайтга қадар соғайганлар сони бугун 107 кишига чиқди.

Ўзбекистоннинг ўзида вафот этган беморларнинг сони 4 тани ташкил этиб турибди.

Шу кунгача бу мавқеъни Қозоғистон эгаллаб турганди.

Аммо у ердаги жаъми рақамлар бугун 1295 тани ташкил этган.

Бугун, 15 апрел куни Ўзбекистонда коронавирус расман илк бор аниқланганига роппа-роса бир ой бўлди.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда бир кунда аниқланаётган янги ҳолатларнинг изчиллик билан ортиб бораётгани кузатилади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси вакили бугунги брифинг чоғида янги маълумотларни эълон қилди.

Коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган 9500 дан ортиқ кишининг маълумотларини тўплашга муваффақ бўлганликларини айтди.

Улардан энг кўпини беморлар билан бирга ишлаган ва доимий мулоқотда бўлган кишилар ташкил этиши кўрилган.

Ўзбекистонда карантин остида қолаётганлар сони ҳали-ҳануз 80 минг кишидан ортади.

Масъуллар томонидан сўнгги ҳафталарда эълон қилинаётган расмий маълумотлар коронавирусга текширувларнинг анчайин кучайиб бораётганига далолат қилади.

Ўтган яқин кунлар ичида аниқланаётган янги ҳолатлар ҳам айнан улар ҳисобига тўғри келиши айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 100 минг аҳоли тест-текширувдан ўтган. Кунига 8-9 минг одам коронавирусга текширилмоқда.

Масъуллар шу ой бошида минглаб фуқаролар учун карантин муддати тугамагунча беморлар камайишини кутиб бўлмаслигини айтишган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сонининг камайиши ана шу фуқаролар учун карантин муддати тугашига боғлиқ эканини таъкидлашган.

Ўзбекистон минтақада аҳолиси энг катта давлат бўлади. Жорий пайтда мамлакат фуқароларининг сони расман 34 миллион кишидан ортади.

15, апрел, 16:45

Коронавирус: Ўзбекистонда соғайганлар юздан ортди - 107 кишига чиқди.

Яна 8 кишининг тузалгани хабар берилди.

Улар пойтахт Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган бўлишган.

Энди реабилитация остига олинишган.

Уларнинг орасида бир нафардан Туркия ва Россиядан чартер рейслар билан Ўзбекистонга қайтганлар борлиги билдирилган.

Тузалганларнинг энг ёши каттаси 51, энг кичиги эса 10 ёшда экани айтилган.

Қозоғистонда шу соатларда коронавирусга чалинганлар сони умумий ҳисобда 1290 кишига чиққан.

Яна 33 киши соғайган, жаъми тузалганлар сони 240 кишига етган. 15 киши вафот этган.

15, апрел, 16:00

Ўзбекистондаги рақамлар Қозоғистондагиси билан тенглашди - жаъми 1275 тага етди.

Бугун ҳисобидан яна 61 та кишида коронавирус аниқланди.

Куннинг шу соатига келиб, Ўзбекистонда жаъми рақамлар 110 тага тенглашди.

Бу гал ҳам расмий хабарда рақамдан ортиқ тафсилотлар берилмади.

Шу пайтгача Ўзбекистонда коронавирус манбаси мамлакатнинг четдан қайтган фуқаролари бўлиб туришибди.

Қозоғистонда коронавирус илк бор 13 март, Ўзбекистонда эса, 15 март куни аниқланган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта (34 миллион - таҳр.) ва энг кўп - миллионлаб фуқароси ташқи меҳнат миграциясида банд давлати бўлади.

Ўзбекистонда эса, 99 киши касалхонадан тузалиб чиққан.

Хориждаги уч нафар фуқароси илова жаъми 7 ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмган.

Қирғизистонда рақамлар шу соатларда ўзгаришсиз қолган.

Коронавирусни юқтирганлар сони умумий ҳисобда 449 кишини ташкил этиб турибди.

Улардан 75 таси соғайган. 5 киши вафот этган.

Ўзбекистонда бир кунда энг кўп коронавирус аниқланган ҳоллар айнан сўнгги икки кунда кузатилган.

13 апрел куни жаъми 133 кишида коронавирус аниқланган бўлса, 14 апрел куни бу рақамлар 167 тани ташкил этган.

15, апрел, 10:00

Ўзбекистон: Коронавирус юқтирганлар сони 1200 дан ортди - 1214 кишига етди. Шу соатларда яна 49 та янги ҳолат қайд этилди.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда бир кунда аниқланаётган янги ҳолатларнинг изчиллик билан ортиб бораётгани кузатилади.

Аммо бу гал ҳам расмий хабарда рақамдан бошқа тафсилотлар берилмаган.

Ўзбекистонда бир кунда энг кўп аниқланган коронавирус ҳолати кеча, 14 апрел кунига тўғри келган.

Коронавирус билан касалланганлар сони 167 тага ортган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирусга текширилаётганлар сони анчайин жадал ортиб бораётгани ҳам кўрилади.

Расмий маълумотларга кўра, шу пайтгача 100 мингдан ортиқ одам текширилган.

Ўзбекистон минтақада аҳолиси энг катта давлат бўлади - фуқаролари сони расман 34 миллион кишидан ортади.

Расмий Тошкент ўз ихтиёрларидаги коронавирусга тест-тизимлари сонини 250 мингтадан оширмоқчи.

Россия ва Хитойники ёнига Германиядан ҳам қўшимча 50 мингта тест-тизими сотиб олмоқчи.

Афтидан, коронавирусга текширишларни кучайтирмоқчи.

Расмий хабарларда сўнгги кунлардаги коронавирус ҳолларининг карантин остидагиларда аниқланаётгани маълум қилинган.

Жорий пайтда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида карантин остида қолаётганлар сони 80 мингдан ортиши айтилган.

Улардан аксариятини уй шароитида тиббий назорат остида бўлганлар ташкил этади.

Бугун, 15 март куни Ўзбекистонда илк бор коронавирус расман аниқланганига роппа-роса бир ой бўлади.

Орада кечган вақт давомида коронавирус мамлакатнинг ҳар бир вилоятига кириб бориб бўлган.

Жорий пайтда энг кўп беморлар ҳам вилоятлар ҳисобига тўғри келиб турибди.

Шу пайтгача коронавирусдан жаъми 99 киши соғайган.

Умумий ҳисобда 7 киши вафот этган. Улардан уч нафари хориж - АҚШ да ҳаётдан кўз юмган.

14 апрел

Ўзбекистон коронавирус юқтирганлар сони мингдан ортди.

2020 йил 14 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1113 нафарни ташкил қилмоқда.

Қарийб бир ойнинг ичида Ўзбекистонда коронавирус ҳоллари мингдан ортди.

Ўзбекистонда коронавирус илк бор шу йилнинг 15 март куни расман қайд этилган.

Бир кунда аниқланган энг кўп ҳолат кеча, душанба куни кузатилган. Бир кунга жаъми 133 та янги ҳолат тўғри келган.

Аммо сўнгги кунларда бу ҳақдаги расмий хабарларнинг асосан рақамлар билан чекланаётгани кўрилади.

Масъулларнинг чиқишларидан янги ҳолатларнинг карантин остидаги инсонларда аниқланаётгани англашилган.

Ҳозир ҳам 80 мингдан ортиқ киши карантин остида.

Ўзбекистонда коронавирус манбаси мамлакатнинг четдан қайтган фуқаролари экани айтиб келинмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус қачон ўзининг энг юқори нуқтасига кўтарилиши маълум эмас.

Қозоғистонда бунинг апрел охири ва майнинг бошларига тўғри келиши кутилмоқда.

Қозоғистон коронавирус ҳоллари мингдан ортган биринчи минтақа давлати бўлган.

Вирус қурбонлари

Энг охирги, тўртинчи қурбон, 59 яшар аёл Фарғонада оламдан ўтган.

Маҳаллий нашрлар марҳума Умра сафарида бўлиб қайтгани ҳақида ёзишмоқда.

Ўзбекистонда вафот этган тўрт беморнинг уч нафари ҳали 60 ёшга тўлмаган.

Хусусан, икки нафар 39-40 ёшлардаги икки эркак ҳам оламдан ўтган бўлиб, Ўзбекистонда уларни шифокорларга кеч мурожаат этгани ҳақида ёзилганди.

Айни дамда, қатор чет элларда 20 нафардан кўпроқ ўзбекистонлик ҳам коронавирусни юқтиргани аниқланган.

АҚШда вирусга чалинган ўзбекистонлик беморлардан 3 нафари оламдан ўтган.

Дунёдаги аҳвол

Дунёда ҳозир АҚШ коронавирус ўчоғига айланди.

АҚШда бир кунда (Шанба 11 апрлеь 2020 йил) коронавирус юқтирган 2000 одам вафот этди.

Бу ҳали ҳеч бир мамалакатда кузатилмаганди.

Коронавирус юқтирган америкаликлар сони ярим миллиондан ошган.

Жами ўлим ҳоллари 20 мингдан зиёд.

Нью-Йорк энг кўп азият чекмоқда.

Коронавирусга чалинганларнинг қарийб 30% қисми айнан Нью-Йоркка тўғри келади.

АҚШдан кейин қурбонлар сони бўйича Италия туради.

Бироқ бу мамлакатда касаллик юқиши ва қурбонлар сони секин-аста камайиб бораётгани айтилади.

Буюк Британияда эса икки кун (11.04.2020-12.04.2020) давомида ҳар куни 900 нафардан кўпроқ бемор Covid-19 сабабли оламдан ўтди.

12 апрель куни Британияда коронавирус қурбонлари сони 10 мингдан ошди.

Коронавирус юқтириб, касалхонага тушган Британия Бош вазири Борис Жонсон тузалиб чиққан.

Бош вазир ҳали ишга қайтмайди, уйида бўлади.

Жаноб Жонсон уни коронавирусдан қутқарган Давлат Тиббиёт Хизматига ва шифокорларга ташаккур билдирган.

55 яшар Борис Жонсон уч кеча давомида Лондондаги касалхона жонлантириш (реанимация) бўлимида қолганди.

Дунё бўйлаб коронавирус юқтиргани аниқланганлар сони 1 миллион 800 мингга етди.

Уларнинг ярим миллиондан кўпроғи АҚШ ҳиссасига тўғри келмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek