You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Карантинда ё коронавирусдан, ё очликдан ўламиз шекилли…
Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидан Би-би-сига видеохабар юборган мухлис карантин чораларининг кучайтирилиши ортидан оддий аҳолининг моддий аҳволи янада танглашиб бораётгани ҳақида сўзлайди.
«Кўчада ҳеч ким йўқ. Ҳамма уйда. Карантин вақтида иш йўқ. Иш қидириб юрибмиз. Қаердан тирикчилик қиламиз... Моддий таъминот тугади…» дейилади хабарда.
Хабарни йўллаган йигит карантин жорий этилгунга қадар ўзининг автомашинасида буюртма таксичилик билан тирикчилик қилганини айтади.
Унинг таъкидлашича, 30 мартдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказлари билан бир қаторда ўзи истиқомат қиладиган Ангор туманида ҳам автотранспорт ҳаракати тақиқланган.
Бунинг оқибатида таксичилик билан кун кечирувчи аҳолининг катта қисми ишсиз қолган.
Сурхондарёлик йигит видеохабарда вируснинг тарқалишига қарши курашда карантиннинг қанчалик муҳим эканлигини яхши англаши, лекин ҳукумат чораларни қатъийлаштиришдан аввал доимий даромад манбасига эга бўлмаган оддий одамларнинг манфаатларини ҳисобга олмаганини таъкидлайди.
«Давлат қарз бериб турса, тўлар эдик»
Йигитнинг маълум қилишича, у яшайдиган ҳудуд аҳолиси, асосан, устачилик, таксичилик, мавсумий деҳқончилик ва чорвачилик каби вақтинчалик ишлар билан кун кечиради.
У карантингача ҳам одамларнинг катта қисмида "қора кунлар" учун жамғариб қўйган маблағи бўлмагани ҳақида гапиради.
"Бойларга ўхшаб ўн халталаб ун ё ёғни уйимизга босиб қўйганимиз йўқ. Шароитимиз оғир. Онам 450 минг нафақа олади — шунинг эвазига тирикчилик қиляпман", сўзлайди у.
"Кўп одам иш қидириб юрибди, лекин ҳамма жой ёпиқ", қўшимча қилади йигит.
Исмининг ошкор қилинишини истамаган бу йигит мана шундай қийин вазиятда ҳукумат қарз бериб, одамларнинг жон сақлаб туришига ёрдам қўлини чўзса, яхши иш бўлишини билдиради.
"Иш билан таъминлашнинг имкони бўлмаса, давлат бизга бир йил муддатга фоизсиз қарз бериб турсин. Қарзни бир йил ичида тўлаб борардик", таклиф қилади у.
Шунингдек, йигит ўзи яшайдиган ҳудудга карантин чораларига оид расмий маълумотлар кеч етиб келаётгани, оқибатда, одамлар беихтиёрий равишда карантин талабларини бузиб, жаримага тортилаётганини маълум қилади.
"Бизнинг қишлоқда интернет умуман яхши ишламайди. Кўп оилаларда телевизор ҳам битта. Камига свет кўп ўчади. Бунақада янгиликлардан қандай хабар топамиз?" деган саволни ўртага ташлайди у.
"Кўп ҳамқишлоқларим машиналар ҳаракати тўхтатилганидан бехабар туман марказига бориб қўйиб, анча жарима тўлашга мажбур бўлди. Ўзи пул йўқ пайтда бу одамларга янада оғир бўлди", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.
Бундан ташқари видеохабарда 6 апрелдан бошлаб велосипед ва мототцикллар ҳаракатининг тўхтатилиши сабабли одамлар бозорга боролмай қолгани ҳақида ҳам сўз боради.
«Энди буёғига велосипедда юриш тақиқланади, деса, озиқ-овқатга қандай чиқамиз? Пиёда чиқамизми...Туманимиз марказига 15 километр. 15 километрга пиёда қатнашнинг ўзи ҳам бўлмайди».
«Маҳалламизда озиқ-овқат дўкони бор, лекин нархи қиммат. Улар ҳам тумандан олиб бориб сотади», қўшимча қилади у.
«Нимамни сотсам экан…»
Карантин ортидан вақтинчалик иш жойлари ёпилиб, моддий танглик кучаяр экан, кўп одамлар уйидаги нарсаларни сотишга тушди, дея хабар қилади йигит.
«Яхши ҳам нафақа оладиганларимиз бор. Нафақа эвазига яшаб турибмиз. Коронавирус офат, муаммо бўлса, иккинчи катта муаммо — моддий таъминотнинг тугаши», сўзлайди у.
«Энди бўлса, ҳамма уйда. Ишсизмиз. Тўғриси, ҳозир уйдан нимани чиқариб сотсам экан, деб ўйлаяпман».
Йигит ўзи қатори кўплаб одамлар чорва молларини сотиб, пулини рўзғорга ишлатишга ҳаракат қилаётгани, аммо мол бозорлари ҳам ёпиқлигини айтади.
«Бу кетишда ё коронавирус ё очликдан ўлишимиз ҳеч гап эмас. Сизлардан илтимос, ҳукумат вакиллари, мени тўғри тушунинглар...»
- Мирзиёев мураккаб вазият билан огоҳлантирди - четдагилар кўмак қилишмоқчи
- Ўзбекистон, коронавирус: Бозор боролмаймиз, дўконга қурбимиз етмаяпти
- Ўзбекистон: карантин ҳудудларида шароитлар абгор
- Коронавирус: Ўзбекистонда ўзини иҳоталаш мажбурий бўлади
- Коронавирус ва дунё: Ким ҳақ - Ўзбекистон, Хитой ёки Швеция?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek