Коронавирус, мигрантлар: На қайта оламиз, на кета оламиз - Ўзбекистон, O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Россиянинг Москва, Новосибирск, Ленинград каби шаҳар ва вилоятларида жойлашган аэропортлари ватанига қайта олмаётган юзлаб ўзбекистонликлар билан тўлган.

Би-би-си ўзбек хизматига Москванинг Шереметьево аэропортида 18 март кунидан бери қолаётган ўзбекистонликлар нейтрал ҳудудда қолиб кетишгани, на Россияга қайтиб кириши, на Ўзбекистонга кетиши мумкинлиги ҳақида маълум қилишди.

- Ўриндиқларда тонг орттирдик. Жой йўқ, озиқ-овқат беришмади. Қўлида пули борлар ошхонага кириб бургер ё у-бу нарса олиб ейишди, лекин пули йўқлар ноилож оч ўтирибди. Ақалли сув беришмаяпти. Орамизда кекса ёшлилар, хотин-қизлар бор, - шикоят қилишди ўзбекистонлик йўловчилар.

Мурожаатчиларга кўра, «Аэрофлот» уларни рўйхатга олган, божхона хизмати паспортларига Россиядан чиққанлигини исботловчи муҳр урилган. Оралиқ ҳудудда самолётга чиқиш учун кутиш залида ўтиришганида бирданига Тошкентга учувчи рейс бекор қилинган.

- Бизга аэропорт ҳодимлари Ўзбекистон қабул қилишдан бош тортди, самолет Ўзбекистонга бўш қайтиб кетди, деб изоҳлашди. Бизга ортга қайтишимизга ҳам рухсат берилмаяпти. Нима қилишни билмай элчихонага тинмай қўнғироқ қилаяпмиз, хабарлар юбораяпмиз. Жавоб йўқ. Илтимос, бизга ёрдам беринглар, - дея видеомурожаат йўллашди аэропортда сарсон қолаётган ўзбекистонликлар.

Биз билан телефон орқали суҳбатлашган Абдумуқимбек Воҳидов Шереметьево аэропортининг нейтрал ҳудудида 60 га яқин ўзбекистонликлар бор. У юборган видеотасвирларда йўловчилар ерга мато солиб ўтиришгани, егуликлар ейишаётгани кўринади. Ўриндиқларда ўтирган ва телефонга тасвирга тушган ўзбекистонликлар Ўзбекистон ҳукумати ва расмийлардан бу муаммони тезроқ ҳал қилишларини илтимос қилишган.

Россиядаги миграцияга оид янги тартибга кўра, 1 майга қадар хорижликларнинг мамлакатга кириши тақиқланди.

Ўзбекистон томони эса хориждаги ўзбекистонликларнинг ватанга қайтиши учун чартер рейслар ташкиллаштирилаётганини маълум қилган.

18 март куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасининг Фейсбукдаги расмий саҳифасида аэропортларда қолаётган ўзбекистонликларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилганлигини эълон қилган.

Москвада Внуково, Домодедово ва Шереметьево аэропортлари авиайўловчиларга хизмат кўрсатади.