Коронавирус Ўзбекистон - ниқоб ва антисептик топилмаса, ўрнида нима иш беради? O`zbekiston

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Коронавирус Ўзбекистонга ҳам кириб келаркан, кўпчилик ундан қандай ҳимояланиш мумкин, деган саволни сўрашади.

Вируснинг давоси ёки унга қарши зардоб ҳали топилмади, уни юқтирган одамнинг ўз иммун тизими курашиши керак.

Шу боис бугун шахсий гигиена, хусусан қўлни тоза тутиш ва оғиз ҳамда кўз шиллиқ пардаларини асраш муҳимлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонликлар эса дорихона ва дўконларда оддий ниқоб, антисептик суюқлик ёки қўл тозаловчи воситаларни топиш жуда қийинлигини айтишмоқда.

Қўлда сотилаётганлари қимматлашиб кетгани ва ўртаҳол ўзбекистонлик бутун оиласи учун сотиб олишга қийналиши билдирилмоқда.

Айримлар докадан ниқоб тикиш мумкинми деса, бошқалар исириқ ва саримсоққа умид тиккан.

Баъзи одамлар кунлар исиб кетса, вирус чекинишини ҳам кутишмоқда.

Ўзбекистонда кўпчилик ишонган бу каби қайси воситалар иш беради ёки ишламайди?

Видео лавҳамизда билиб олинг:

Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш ҳақида гап кетганда, бир неча саволлар пайдо бўлади.

Аксар қишлоқ аҳолиси токсиз, газсиз ва тоза сувсиз яшаётган мамлакатда коронавирусга қарши кураш бошқа давлатлардан кўра қийин кечадими?

ЖССТ тавсия этаётган қоидаларга риоя қилиш учун Ўзбекистон аксар аҳолиси яшайдиган қишлоқларда шароит борми?

Дейлик, Ўзбекистонда ташвиқ қилинаётган коронавирусга қарши гигиена маслаҳат-видеолари мамлакатдаги мавжуд шароитга мос эмас.

Балки уни ривожланган дунё ёки Тошкент каби йирик шаҳарлардаги шарт-шароитда қўллаш мумкин.

Шундай видеоларнинг бирида уйидаги жўмракдан оқаётган иссиқ сувда суюқ совун билан қўлини обдон ювган ўзбекистонлик аёл тасвирланган.

У кейин қўлини қоғоз сочиқда артади.

Бундайин гигиена қоидаларини оддийгина тоза ичимлик суви йўқ ёки мунтазам свет бўлмаётган бирон қишлоқда қўллаб бўладими?

Албатта, Ўзбекистон коронавирусни назоратга олиш ва унинг тарқаб кетмаслиги учун бошқа давлатлар каби чоралар кўрмоқда, чегараларни қарийб ёпди.

Бироқ ичкарида шаҳарлар, бозор ва кўчалар ҳамон гавжум.

Қишлоқлардаги шароит эса вирусни жиловлашга мосми, тайёрми деган саволлар очиқ.

Канададан микробиолог Обид Мамадалиев қатор ўзбекистонликларда мавжуд воситалар, улар ишонган ёки умид қилган чоралар иш бериш-бермаслигини тушунтиради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek