You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус, Ўзбекистон: Вирусга чалинганлар сони 15 киши,Бўстонлиқдаги пансионат карантин талабларига жавоб берадими? O'zbekiston
Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони расман 15 кишига етгани айтилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, "Коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони 15 нафарга етди. Бундан бир муддат олдин Истанбулдан келган Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Сўнгги маълумотларга қараганда, унинг турмуш ўртоғида ҳам ушбу инфекция борлиги тасдиқланган. Шу билан бирга, Лондонда бўлиб қайтган яна бир мамлакатимиз фуқаросида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган. Ҳар икки фуқаро ҳам қатъий тиббий назоратда бўлган. Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 15 нафарга етди. Эслатиб ўтамиз, инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда".
Чет элдан қайтарилаётган ва карантинга олинганлар ҳақида
Чоршанба куни Би-би-си билан суҳбатлашган, шахси очиқланмаслигини истаган шахс 17 ва 18 март кунлари турли чет давлатлардан Ўзбекистонга олиб келинган инсонлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида антисанитария ҳолатида карантинда сақланаётганини иддао қилмоқда.Европа мамлакатларининг биридан Россия орқали чартер рейсда Ўзбекистонга олиб келинган бу манба, айни дамда, Бўстонлиқ тумани, Хўжакент посёлкасида жойлашган СОКОЛ пансионатида ўнлаб ўзбекистонликлар карантин шароитидан норозилик билдираётганини маълум қилади.Унинг сўзларига кўра, карантин кичик хоналарга айрим ҳолатларда текширувсиз тўрт-беш нафар одамни зах босган ва санитария талабларига жавоб бермайдиган кичик хоналарга жойлаштириш, озиқ-овқат ва ичимлик суви тақчиллиги кўринишида кечмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати айни иддаолар ҳақида расмийларга мурожаат қилмоқда, аммо ҳозирча уринишларимиз самара бермади.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
17 март куни соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта-махсус таълим ҳамда халқ таълими вазирликлари раҳбарлари иштирокида коронавирус муаммосига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Куннинг энг муҳим янгилиги 17 март куни Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган инсонлар сони 11 нафарга етгани бўлди. Расмийларга кўра, 11-бемор Дубайдан Ўзбекистонга учиб келган.
Расмийларнинг маълум қилишича, мактаблар, боғчалар ва олий таълим муассасаларида жорий этилган карантин қанчага чўзилиши ҳозирча номаълум.
Карантин муддатини, вазиятдан келиб чиқиб, Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигидаги ҳукумат комиссияси белгилайди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 18 мартдан бошлаб ўқитувчилар ҳам ҳақ тўланадиган таътилга чиқишини маълум қилган. Аммо у карантин муддати давомида мактабларда директор, директор ўринбосари, хўжалик ишлари бўйича мудир, фаррошлар ҳамда қоровуллар меҳнат фаолиятини давом эттиришини билдирган.
Шунингдек, вазир Шерматов ҳудудларда интернет муаммо бўлгани сабабли ўқувчилар учун уч давлат телеканалида онлайн дарслар бериб борилиши айтган.
Тошкент шаҳридаги мактаб ўқувчиларининг дарсларни ўзлаштириши kundalik.com сайти орқали баҳолаб борилиши ҳам маълум қилинган.
Шерматовга кўра, онлайн баҳолаш тизими, кейинчалик, вилоятларда ҳам жорий этилиши мумкин.
Анжуманда коронавирус дунё бўйлаб 10 ёшга қадар бўлган болаларда ҳали аниқланмагани, умуман олганда, болаларда бу касаллик деярли учрамаслиги айтилган бўлсада, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ота-оналарни ўз фарзандлари соғлиғига жиддий эътибор қаратишга чақирган.
Маълум қилинишича, айни вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг барча вилоятларда бўлинмаларга эга ва уларда аниқ ташхис қўя оладиган аппаратлар мавжуд.
Анжуманда эпидемияга қарши курашишда ёрдам берган, беморларга қараган шифокор ва ҳамшираларнинг ойлигини ошириш масаласи айни кунларда кўриб чиқилаётгани ҳам хабар қилинган.
Санитария-эпидемиология агентлиги раҳбари Баҳром Алматовнинг сўзларига кўра, коронавирусга чалинган одам унга яна қайта чалиниши ҳали тасдиқланмаган. Лекин касалликка чалиниб соғайган одамнинг ўпкасида асорат қолади.
Бундан ташқари анжуман давомида ҳукумат коронавирус боғлиқ ҳолатларни яширмагани, касаллик аниқланиши билан у ҳақида эълон қилингани, айни вақт 2100 инсон карантинда сақланаётгани ва коронавирусга чалинган беморлар тўлиқ давлат бюджети томонидан даволаниши каби маълумотлар ҳам журналистларга тақдим этилган.
Ички ишлар вазирлиги эса одамларни Телеграм каналлари орқали тарқалаётган турли хабарларга ишонмасликка чақирмоқда.
Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, Телеграм орқали коронавирусга боғлиқ одамларни ваҳимага туширувчи хабарлар тарқатаётган 33 аккаунт аниқланган ва улар ортида турган шахсларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Маҳаллий Кун.уз нашри Олий Мажлис қонунчилик палатасида ҳам карантин эълон қилинганини хабар қилмоқда.
Хабарда ёзилишича, палата қўмиталарининг мажлислари ва фракциялар йиғилишлари 16 мартдан бошлаб тўхтатилган.
Сўнгги янгиликлар жамланмаси
Дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият шиддат билан ўзгармоқда. Би-Би-Си расмий манбалардан 17 март ҳолатига Ўзбекистондаги вазият борасида маълумотларни жамлади:
- Коронавирусга чалинганлар сони 17 мартда 11 кишига етди. Ўн биринчи бемор Дубайдан учиб келган ва аэропортнинг ўзида карантинга олинган.
- Ҳукумат коронавирус билан боғлиқ ҳолатларни яширмаган. Касаллик ҳақидаги факт пайдо бўлиши билан эълон қилинган.
- Ўзбекистонда карантин кенг кўламда тарқагани йўқ.
- Ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди.
- Соғлиқни сақлаш вазири Шодмонов 16 март ҳолатига барча беморларнинг аҳволи барқарор эканини айтган.
- 212 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилди. Эрондан келган 37 киши ва Латвиядан олиб келинган 175 нафар фуқаро Наманган вилояти ҳудудида карантинга олинган.
- Вилоятларда вирусга чалинганлик ҳолати ҳозирча йўқ.
- Карантин ҳолати фуқаролар вирус тарқаган ҳудудлардан махсус рейс билан олиб келинганда ўтказилади. Ўз йўли билан қайтганлар уйларида карантин қилинади.
- 17 март ҳолатига 2100 одам карантинда.
- Ҳозиргача 8 мингга яқин одам карантинда бўлган. 5700га яқинига уйга жавоб берилган.
- Ўзбекистонда бўлиб турган хориж фуқароларининг визалари 10 апрелгача автоматик тарзда узайтирилади.
- Бозорларда одамлар камайган пайт ва автобусларнинг охирги бекатларида дезинфекциялаш ишлари олиб борилмоқда.
- Коронавирус сабаб ижтимоий тармоқларнинг мониторинг қилиниши, телефон қўнғироқлари ва хабарлар ёзиб борилиши ҳақида тарқалган маълумотлар рад этилди.
- Халқ таълими вазирлиги 18 мартдан бошлаб барча ўқитувчиларнинг таътилга чиқишини эълон қилди.
- Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга кўра, боғча, мактаб ва ОТМларга берилган уч ҳафталик таътил қанча давом этиши ҳозирча маълум эмас.
- Мактабларда дезинфекциялаш йўқ, уларни ўқиш жараёнида амалга ошириш кўзда тутилган.
- Келаётган ҳафтадан Миллий телерадиокомпаниянинг учта канали орқали дарсларни эфирга узатиш бошланади.
- Электр таъминотида узилишлар бўладиган ҳудудларда ота-оналардан фарзандларининг масофадан таълим олишига кўмаклашиш сўралди.
- Олий таълим вазирига кўра, контракт пули фақат ўқиш муддати учун олинади.
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемияга қарши курашда ёрдамлашган шифокор ва ҳамшираларнинг ойлигини ошириш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
- Вазирликнинг айтишича, мамлакатда 70 минг тиббиёт ходими бор, ҳозирча кўнгиллиларнинг ёрдамига зарурат йўқ.
- Давлат карантинга олинган ходимларнинг маошларини тўлаб беради. Бошқа ҳолатларда ҳақ тўланмайди.
- Вирусга чалинган беморлар тўлиқ давлат ҳисобидан даволанади.
- ИИВ коронавирус билан боғлиқ вазиятни сохталаштириб талқин қилаётгани айтилган 33 та аккаунтни аниқлаган, 8 таси Ўзбекистон ичида.Чора кўрилмоқда.
- Марказий Банк коронавирус сабаб тадбиркорлик субъектларининг кредитларни қайтаришини енгиллаштириш айтилган чораларни эълон қилди.
- Марказий банк, шунингдек, нақд пул билан муомала қилишни камайтиришни тавсия қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek