Коронавирус - сақланиш ва даволаш даъволари: қайси ёлғон, қайси чин? Ўзбекистон O`zbekiston

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда илк коронавирус ҳолати эълон қилиниши ортидан мамлакат бўйлаб бозор, дўкон ва дорихоналарда узоқ сақланадиган озиқ-овқат ва тиббий ниқоблар, тозаловчи гель ёки совун каби маҳсулотларни кўплаб сотиб олиш ҳоллари кузатилгани ҳам хабар берилди.

Айниқса, айрим маҳсулотлар вирусни юқтиришдан асрайди ёки даволайди, деган фикрда одамлар уларни кўпроқ харид қилмоқда.

Бироқ уларнинг кўпчилиги исботланмаган ва ҳатто бутунлай асоссиз.

Ўзбекистон шароитида коронавирусни қандай енгиш мумкин?

Исириқ, қўй ёғи, қайноқ чой бўлмаган гапми ё бирон асос борми?

Вирусолог мутахассис Обид Мамадалиев сизни қизиқтирган саволларга жавоб беради:

Саримсоқ

Саримсоқ - коронавирусга даво, деган гаплар бутун дунёга тарқалди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, саримсоқ соғлом ва фойдали сабзавот, аммо у коронавирусни даволаши ёки вирусни юқтиришдан сақлаши ҳақида далиллар йўқ.

Хитойда бир аёл 1 ярим кило саримсоқ еб, касалхонага ҳам тушди.

Албатта, мева-сабзавот ейиш ҳар доим фойдали, лекин бу коронавирусдан ҳимоя эмас.

Арбидол дориси

Коронавирус давоси ёки дориси ҳали топилмаган.

Аммо хитойда баъзи шифокорлар арбидол дорисини тавсия қилишган, деган хабарлар тарқалди.

Арбидол 1970-йиллардан бери Россияда ишлаб чиқарилади.

Бир неча йил олдин САРС чиққанида ҳам арбидол даволайди, деган миш-мишлар тарқаган.

Олимлар ҳозир арбидолни текширишмоқда, лекин аниқ хулоса йўқ.

Шунга қарамай, Тошкент дорихоналарида ҳам арбидол топиш жуда қийинлашган.

Дорихоналарда айтишларича, бу дорини етказиш ё тўхтаган, ё кескин қисқарган.

Хонаки қўл тозаловчи восита

Коронавирус ваҳимасида аксарият қўл тозаловчи воситаларни сотиб олмоқда.

Чунки коронавирус илашган ифлос қўлни юз, оғиз ва кўзга текизиш орқали вирус юқиши эҳтимол катталиги айтилади.

Дўкон ва дорихоналарда қўл тозаловчи воситалар камайган.

Европадаги коронавирус ўчоғи - Италияда эса уй шароитида бундай гелларни тайёрлаш усуллари ҳам тарқалмоқда.

Бироқ олимларга кўра , бу воситалар билан стол усти ёки эшик тутқичини тозалаш мумкиндир, аммо уни терига суриб бўлмайди.

Терига суриладиган ва тиббий жиҳатдан фойдали воситаларни олимлар аввало лаборатория шароитида синашади ва кўплаб текширувлардан ўтказишади.

АҚШ олимларига кўра, стол, эшик тутқичлари ёки умуман қаттиқ ашёларни тозалашга келганда, дўкондаги ҳар қандай тозалаш воситалари иш бериши мумкин

Коронавирус - ёлғонлар ва ҳақиқат. Видео:

Ароқ

Ароқ фойдаси ҳақида миш-мишлар кўп. Айниқса, собиқ Совет давлатларида.

Қўлни тозаловчи гелнинг фойдаси тегиши учун таркибида 60-70% алкоголь ё этил спирти бўлиши керак.

"Ахир аоқда 40% алкоголь бор, холос" - дейди Лондондан профессор Сэлли Блумфьелд.

Сув ичиш

Facebook тармоғида кимдир гўё бир япониялик шифокордан иқтибос келтирган ва ҳар 15 дақиқада сув ичиб, вирусни ювишни маслаҳат берган.

Бунинг арабча таржимаси чорак миллион марта бўлашилди.

Оксфорд профессори Труди Лэнгнинг айтишича, нафас йўллари вирусини сув билан ювиб, ошқозонга тушириб юборишнинг биологик механизми йўқ.

Ўзбекистонда ҳам қайноқ сув ичса, вирус ўларкан, деган асоссиз миш-мишлар тарқалган.

Тез-тез сув ичиб туриш фойдали, лекин у аллақачон баданга тушган вирусни ўлдирмайди.

Қуёшда ё иссиқда вирус ўлади

Иссиқда вирус ўлади, деган қараш Ўзбекистонда кенг тарқалмоқда.

Одамлар энди кунлар исиб кетса, вирус ҳам йўқолади, деган умиддалар.

Олимларга кўра, ёз пайти вирус танадан ташқарида кўп яшолмайди.

Аммо иссиқ ҳаво унга қандай таъсир этиши ҳали номаълум.

"Қуёшда тобланиш ёки баданни иситиш вирусни ўлдиради, деган фикр фойдасиз" - дейди профессор Блумфьелд.

"Танангизга вирус тушса, уни ўлдириш имконсиз. Фақат танангиз унга қарши курашиши керак".

"Танадан ташқарида вирусни ўлдириш учун ҳарорат камида 60С бўлиши лозим" - дейди профессор Блумфьелд.

Чойшаблар, сочиқлар ва кийимларни 60С иссиқ сувда ювиш яхши фикр.

Лекин 60С сув билан баданни ювиш ҳақида ҳам шундай деб бўлмайди.

Қайноқ сув ичиш ёки унда ювиниш билан тана ҳароратини ўзгартириб бўлмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek