You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Коронавирусга чалинганлар ҳақида маълум қилинди O'zbekiston
Ўзбекистонда корнавирусга чалинганлар сони 6 нафарга етгани хабар қилинган.
Асосан бир оила аъзолари деб кўрилаётган касалланган рўйхатига Туркиядан учиб келган бошқа бир киши ҳам қўшилган.
Аввалроқ, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган беморнинг икки нафар фарзанди ва яна бир фуқарода бу касаллик борлиги аниқлангани ҳақида хабар берганди.
Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими:
Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 15 март куни Республика Вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланган эди. Айни пайтда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда. Назорат кучайтирилмоқда.
Шу билан бирга, бемор билан бирга мулоқотда бўлган барча оила аъзоларини ҳам республика Вирусология илмий текшириш институти клиникаси ётқизилди. Мутахассисларимиз томонидан уларга тиббий назорат ўрнатилиб, ихтисослашган лаборатор таҳлилдан ўтказилди. Таҳлил натижалари беморнинг ўғли ва қизида коронавирус инфекцияси борлигини кўрсатди.
Шунингдек, шу йилнинг 15 март куни соат 05-15 да Ўзбекистон ҳаво йўллари авиа компаниясига қарашли Истанбул - Тошкент йўналишидаги 274- рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ҳам ушбу инфекция аниқланган. Лаборатор таҳлил республика Вирусология илмий текшириш институтида ўтказилган.
Ҳозирда шифокорлар ва мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даволаш ва эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ, Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинган биринчи бемор аниқланган.и хабар берилганди.
Агентлик маълумоти:
Жорий йилнинг 15 март куни соат 06.00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди.
Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида ўтган йиғилишда Наврўз сайллари бекор қилинган.
Журналист Хушнуд Худойбердиев ўзининг Телеграм каналида ёзишича:
Ўзбекистонда коронавирусга оид бир қатор қатъий чоралар белгиланди!
16 мартдан барча давлат, нодавлат ва хусусий таълим муассасаларида, жумладан боғча, мактаб, коллеж, лицей ва ОТМларда муддатдан олдин таътил эълон қилинади ва ўқишлар тўхтатилади.
Бугундан бошлаб Ўзбекистонга кириш ва Ўзбекистон чиқиш таъқиқланади. Фақат истисно тарзда хориждан келишни истаган юртдошларимизга махсус рейслар ташкил этилади.
Карантин қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган ва Президент топшириғига биноан Бош прокуратура бу бўйича назоратни кучайтиради.
Расмий манбаларга кўра, "карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима яратадиган хабарлар тарқатадиган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.
Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш вақтинчалик тўхтатилади.
Ҳукумат барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат қилади".
Ўзбекистонда коронавирус аниқланган илк бемор 11 март куни Франциядан келгани айтилмоқда.
Қўшни Қозоғистонда фавқулодда ҳолат
Ўзбекистон қўшниси Қозоғистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Мамлакатга кириш ва чиқиш тўхтатилган.
Президент Тўқаевнинг бу борадаги буйруғидан истисно дипломатлар ва ҳукумат таклиф этган меҳмонлардир.
Айни чекловлар 15 апрелга қадар амалда бўлади.
Қозоғистонда расман коронавирусга чалинганлар сони 8 киши экани маълум қилинган.
Ўзбекистон ҳукумати аҳолини ваҳимага тушмаслик кераклиги билан огоҳлантирган
Ижтимоий тармоқларда #vahimasizkarantin ҳештеги оммалаштирилмоқда.
@koronavirusinfouz Телеграм канали маълум қилишича:
Коронавирус юқтирган аёл олий маълумотли тиббиёт ходими бўлиб, бу соҳада етарлича тажрибага эга бўлган.
У Франциядан 11 март санасида Тошкентга учиб келган. Рейсда 45 нафар йўловчи бўлган ва улардан ярми хориж фуқаролари бўлган. Аэропортда ўтказилган дастлабки текширув вақтида ҳеч қандай касаллик аломати топилмаган.
Орадан икки кун ўтгандан сўнг аёл ўзини нохуш ҳис қилган ва дарҳол тегишли тиббиёт муассасасига мурожаат қилган. Кеча олинган қон таҳлиллари коронавирус борлигини кўрсатди ва бугун бу ҳақда расман маълум қилинди.
Бемор аёл билан алоқада бўлган барча инсонлар — оила аъзолари, қўни-қўшнилар, ҳамкасблар ва Париждан бирга учиб келганлар карантинга олинган. Шу вақтга қадар 150 дан ортиқ одам тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Ҳозирда текширувдан ўтказилаётганлар сони яна ошиб бормоқда.
Ўзбекистон ҳукумати 12 март куни коронавируснинг олдини олиши бўйича махсус комиссия йиғилишини ўтказди. Би-би-сига йиғилиш баённомаси келиб тушди.
Ўзбекистон коронавирусга қарши курашиш учун Россиядан зудлик билан 500 та сунъий нафас олиш аппарати сотиб олади. Жамоат жойлари ҳар куни уч марта дезинфекция қилинади. Коронавирус тарқалган давлатлардан келган Ўзбекистон фуқаролари ўз уйида 14 кун карантин сақлайди. Уларнинг карантинда ўтирганини ИИВ ва Маҳалла вазирлиги назорат қилади. Ўзбекистон ҳудудидаги оммавий тадбирлар қисқартирилади. Ўзбек расмийларининг хорижга сафарлари максимум қисқартирилади.
Ушбу чоралар аҳоли орасида ваҳима уйғотмаслиги учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва ЎзА орқали тушунтириш ишлари олиб борилади.
Бош вазир Абдулла Арипов бошчилик қилган комиссия йиғилишида 10 банддан иборат чора тадбирлар белгилаб олинди.
Қарорда тиббиёт муассасаларини зарур тиббиёт техникаси билан тезкор жиҳозлаш, жаҳонда ИВЛ (сунъий нафас) аппаратига бўлган эҳтиёжнинг кескин ошиб кетганлиги, yшбу аппаратларни қисқа муддатларда Ўзбекистонга етказиб келиш шартлиги муносабати билан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига Россия Федерациясининг "Уральский приборостроительный завод" АЖ корхонасидан 500 та ИВЛ аппаратларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг Эпидемияларга қарши кураш бўйича тадбирлар учун бюджет ассигнацияси жамғармаси ҳисобидан истисно тариқасида танлов (тендер) ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали сотиб олишга рухсат берилиши топширилган.
Қарорда айтилишича, 14 мартдан бошлаб Франция Республикаси, Испания Қироллиги, Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида барча авиа қатновлар тўхтатилади.
Ўзбекистон Хитой, Жанубий Корея, Италия, Эрон, Франция ва Испанияни чеклов ўрнатилган давлатлар рўйхатига киритди.
Ушбу давлат фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон ҳудудига барча турдаги чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши вақтинча тўхтатилади.
Ушбу чекловлар дипломатик ва хизмат паспорт эгаларига тааллуқли эмас.
Шунингдек, чеклов ўрнатилган мамлакатлар фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон ҳудудига кириб келишидан олдин охирги 14 кун ичида чеклов ўрнатилган мамлакатларда бўлмаган бўлса Ўзбекистонга кириши мумкин.
Қарорда Ўзбекистон чеклов киритган давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини заруратга кўра олиб келиш учун белгиланган тартибда чартер рейслар ташкил этишга рухсат берилиши кўрсатилган.
Аэропорт, темир-йўл ва автошоҳ бекати, автопарк, барча йўловчи ташувчи транспорт воситалари хамда жамоат жойлари кун давомида камида уч марта дезинфекция қилинади.
Ташки ишлар вазирлиги зиммасига коронавирус инфекцияси бўйича дунёда эпидемик вазият барқарор бўлгунга қадар вазирлик ва идораларнинг paҳбар ва ходимларини хорижга хизмат сафарига юборилишини максимал даражада чеклашни таъминлаш вазифаси юклатилди.
Қарорда айтилишича, чеклов ўрнатилган давлатлардан чартер рейслар орқали олиб келинган Ўзбекистон фуқаролари Тошкент вилоятида жойлашган "Бўстон" санаторийси, "Энергетиклар сиҳатгоҳи" МЧЖ ва Тошкент шаҳрида жойлашган 6-сон шаҳар клиник шифохоналаридан бирида 14 кунлик карантинда сақлаш тартиби жорий этилади.
Уйида карантинда ўтирганларни ИИВ ва Маҳалла вазирлиги назорат қилади
Хитой, Жанубий Корея, Италия, Эрон, Франция, Испания, Германия, Буюк Британия, Афғонистон, шу жумладан транзит орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган Ўзбекистон фуқароларини уй шароитида 14 кунлик карантинда сақлаш тартиби жорий этилади.
Ички ишлар вазирлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда уй шароитида (яшаш уйи, меҳмонхона, ётоқхона ва бошқалар) карантин остида тиббий назоратда бўлган шахсларни 14 кунлик карантин тартибларига риоя этишлари устидан назорат ўрнатади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг барча чегара ўтказиш пунктларида жойлашган санитария карантин пунктлари тиббиёт ходимларига бир нафардан ички ишлар органи ходимларини бириктирилиши кўрсатилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўровига асосан Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган шахсларнинг яшаш манзили бўйича қидириб топиш ёки вақтинчалик яшаш манзилларига аниқлик киритиш ишлари мунтазам амалга оширилади, бу борада кунлик тезкор ахборот алмашинуви таъминланиши кераклиги айтилган.
Қарорда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, ЎзА Соғликни сақлаш вазирлиги юқорида берилган топшириқлар натижасида аҳоли ўртасида саросима ва нотўғри талқин қилиниш ҳолатларини олдини олиш ва кўрилаётган чоралар фақатгина Ўзбекистон ҳудудида санитария- эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида кўрилаётганлиги тўғрисида аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясидан ҳимояланишни тарғиб қилиш, шахсий гигиена қоидалари ва фуқаролар ўртасида шахсий масъулиятни оширишга қаратилган қисқа муддатли кўрсатувлар ва видеороликларни оммавий ахборот воситаларида бериш чораларини кўриш топширилган.
Шунингдек, коронавирус хавфи сабаб Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган халқаро тадбирлар ва мусобақалар вақтинча тўхтатилади.
Ички ишлар вазирлигига ҳокимликлар билан биргаликда маҳаллий даражада режалаштирилган оммавий тадбирларни қисқартириш чоралари кўриш топширилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek