You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Коронавирусга чалинганлар сони 11 кишига етди O'zbekiston
Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони бугунга келиб 11 кишини ташкил қилган.
Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 киши бу касалликка чалинганини айтганди.
Матбуот учун ёйинларган хабар:
"Шу йилнинг 15 март куни соат 05:15да «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига қарашли Истанбул-Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган бир нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Истанбулдан мазкур рейс билан бирга келган беморнинг турмуш ўртоғи ва яна бир фуқарода ҳам ушбу инфекция тасдиқланган.
Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 10 нафарга етди. Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган ушбу беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли бўлиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда.
Инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда".
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг айтишича, коронавирусни юқтирган саккиз кишида ёмон томонга ўзгариш йўқ.
"Бу яхши белги" деб айтди вазир O'zbekiston 24 телеканалига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, 16 март ҳолатига 641 нафар Ўзбекистон фуқароси тиббиёт ва даволаш масканларида, 5661 инсон эса ўз уйларида карантинга олинган.
Жумладан, 49 киши Вирусология институти, 114 инсон хусусий клиникаларга жойлаштирилган.
Яна юзлаб одам "Бўстон" ва "Чотқол" санаторияларида.
Вазирнинг изоҳ беришича, шифохона ва даволаш масканига жойлаштирилганлар вирусни юқтирган инсонлар билан бевосита мулоқот қилган ёки уларнинг яқинларидир.
Уйларида карантинга олинганлар эса вирусни юқтирганларнинг яқинлари билан алоқада бўлганлар.
Вазирнинг айтишича, карантинга олинганлар орасида тиббиёт, ички ишлар ва божхона ходимлари ҳам бор.
"Одамларнинг мансабига қараб ўтирганимиз йўқ. Бу бажарилиши керак бўлган мажбурий тартиб", деб айтди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.
Ўзбекистон 15 март куни биринчи коронавирус ҳолатини тасдиқлаган.
Ўтган 24 соат мобайнида вирусни юқтирганлар сони 8 кишига етган.
Уларнинг 5 нафари бир оила мансублари.
Икки киши 14 ва 15 март кунлари "Ўзбекистон ҳаво йўллари" учоғи билан Истанбулдан Тошкентга учиб борган Ўзбекистон фуқаролари.
Қўшни Қозоғистонда вазият қандай?
Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар сони 32 нафарга етди.
Олма-ота ва пойтахт Нур-султон шаҳарлари 19 мартга ўтар кечаси соат тунги 12:00 дан карантинга олинади.
Олма- ота шаҳрига кириш чиқишни назорат қилиш учун 27 та блокпост ўрнатилади.
16 мартдан Қозоғистонда Президент Тоқаев томонидан Фавқулодда ҳолат режими эълон қилинганди.
16 март Тошкент вақти билан 19.45га ҳолат:
Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони 8 нафарга етди. Улардан бири Лондондан учиб борган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, 15 март куни Вирусология илмий текшириш институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида илк маротаба коронавирус инфекцияси аниқланган эди. Асли тиббиёт ходими айтилаётган ушбу аёлнинг ўғли ва қизи, турмуш ўртоғи ва набирасида коронавирус инфекцияси аниқланганди.
16 март куни ушбу бемор билан мулоқотда бўлган яна қариндошида ҳам коронавирус қайд этилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 14 март куни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясига қарашли Лондон-Тошкент йўналишидаги 201- рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 март куни соат 05:15 да "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиа компаниясига қарашли Истанбул-Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ҳам ушбу инфекция қайд этилган эди.
Расмийларнинг айтишича, беморлар билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхати олиниб, уларнинг саломатлиги устидан ҳам тиббий назорат ўрнатилди.
Ҳозирда шифокорлар ва мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даволаш ва эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
16 март куни Тошкент тонггача:
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ тиббий масалалар бўйича 1003 рақамли маълумот маркази ишга туширилди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, дунё бўйлаб коронавирус юқтириш ҳоллари 164 837га чиққан. Улардан 6 470 киши вафот этган.
Ўзбекистонда эса вирусни юқтирганлар сони ҳозир 6 кишига етгани расман хабар қилинди.
Ўзбекистонда коронавирус ҳолати тасдиқланганидан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда озиқ-овқат дўконларида издиҳом бошлангани, дорихона ва бозорларда нарх-наво кўтарилиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳукумат расмийлари озиқ-овқат заҳиралари етарли эканини айтиб, нарх-навони сунъий оширишга қарши жавобгарлик ҳақида қатъий огоҳ билан чиққанлар.
Душанба эрталаб Тошкентнинг асосий улгуржи озиқ-овқат бозори бўлган Ўрикзор бозорида бўлиб қайтганг мухбиримиз у ерда ваҳима йўқлиги, маҳсулотларнинг одатдагидан бироз баландроқ нархда сотилаётганига гувоҳ бўлган.
Вилоятларда ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошиб кетгани, айрим бозорларда ажиотаж кузатилаётгани ҳақида хабарлар бор.
Ўзбекистон ҳукумати биринчи коронварис ҳолати расман тасдиқланиши билан деярли бир вақтда фавқулодда чораларни ҳам эълон қилган, унга кўра барча таълим муассасаларида навбатдан ташқари таътил эълон қилинган, оммавий тадбирлар, жумладан, мамлакатнинг иккинчи энг йирик расмий тадбири бўлган Наврўз ва концертлар бекор қилинган.
Ўзбекистон фуқароларининг чет элга чиқиши таъқиқланган, айни пайтда четдаги ўзбекистонликларнинг ватанга қайтиши учун чегаралар очиқ. Ташқи ишлар вазирлиги бу борада ватандошларга кўмак кўрсатилишини айтмоқда.
Ўзбекистон Ҳаво йўллари 16-мартдан бошлаб халқаро йўналишлар бўйича барча қатновларнинг бекор қилиниши ҳақида хабар берди.
16-март куни Рига - Тошкент йўналиши бўйича бўлган ҲЙ104 қатнови Наманган шаҳрига келади. Ушбу қатнов билан келган барча йўловчилар Наманган шаҳрида карантинга юборилади.
Йўловчиларнинг вақтинча жойлаштириш пунктида туриши масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг бош қароргоҳига 71 276-49-66 телефон рақами орқали мурожаат қилиш сўралган.
Халқаро қатновларни тўхтатиш 2020-йил 5-апрелгача режалаштирилган. Ўзбекистон Ҳаво йўллари авиакомпаниясининг бекор қилинган қатновларига авиачипталарни сотиб олинган жойда қайтариш мумкинлиги маълум қилинди.
Шунингдек, авиачипталарни 2020-йил 5-апрелдан кейин бўлган бошқа саналарга алмаштириш ҳам мумкин.
Айни дамда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари хорижда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларига чартер рейслар билан ватанга қайтишларида кўмаклашиши билдирилди. Ватанга қайтган фуқаролар 14 кун давомида карантинда бўлишлари шарт.
Хориждаги Ўзбекистон фуқароларига ватанга қайтиш учун давлат чегарасидан ўтиш тақиқланмайди. Ўзбекистон ҳудудига кириш борасида 2020-йил 16-мартдан жорий қилинган чекловлар, авваламбор, бошқа давлатларнинг фуқароларига тегишли.
Шу билан бирга, давлатдан ташқарига чиқиш бўйича вақтинча тақиқ Ўзбекистон фуқароларига тегишли бўлиб, ҳозирда мамлакатда бўлиб турган хорижий фуқароларга нисбатан қўлланилмайди.
Божхона қўмитаси расмийси хавотирларга ўрин йўқлигини маълум қилди. "Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ўзгаришсиз давом этмоқда, омборлар тўла", дейилади қўмита телеграм каналида.
Охирги дақиқаларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши коронавирус тарқалишининг олдини олиш юзасидан мамлакатдаги мусулмонларга мурожаат ва чақириқ билан чиқди.
8 банддан иборат мурожаатда мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқисинлар, дейилади, Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этсинлар, дейилган.
Бундан ташқари, жаноза намозларини вафот этган одамнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқиш тавсия этилган.
Шу билан бирга, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларни нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаром экани таъкидланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek